OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗулфия Қуролбой қизи
Асар номиҚадимий қўшиқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Зулфия Қуролбой қизи
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм52KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/02/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қадимий қўшиқ (ҳикоя)
Зулфия Қуролбой қизи

«Ана у! Келяпти! Ана, анави ёқдан келяпти. Кара, қарагин. Нимага тўхтаб қолдинг? Бормайсанми олдига?
— Вой шарманда! Вой юзсиз... Анави юзсизни қара!
— Тангрига ибодат қилиш ўрнига...
— Ктсзим, жон қизим, иймон келтир, тавба қил. Энди у ёқнинг кераги йўқ сенга. У ёқнинг ери ҳам бошқа, осмони ҳам! Оллоҳ иймон келтирган бандаларининг гуноҳларидан кечгувчидир. Иймон келтир, болам, иймон келтир, иймон нурига чулғангайсан!..
— Қиёмат куни бир тарозу қурилурки, ани беадад сутунлар била барпо қилишур, Ҳар бир сутуннинг узунлиги мағриб бирла машриқнинг миёнасига баробардур. Анинг ҳар бир палласи ер юзига баробардур. Бир палласи Аршнинг ўнг тарафида турурки, анга савоб солинур. Бир палласи Аршнинг чап тарафида турурки, анга гуноҳ солинур.

...кимнинг тарозуси енгил келса, бас, андоғ кишининг онаси Ҳовиядур.
— ...

Шивир-шивирларга тўлган олам қалбини тилиб юборган ўтли хўрсиниқни илиқ шамол олис-олисларга олиб кетди...»

Султонмурод яна ўша таниш уй — қишлоқ чеккасидага хароба олдига келиб қолганини майда ёмғир томчилари юзига урила бошлаганидан кейин фаҳмлади: «Нега келдим бу ерга? Ахир энди у йўқ...»

Томчилаётган ёмғир бирдан жалага айланди. Момақалдироқ гумбурлади. Қорайган осмон бағрини чақмоқ тилиб ўтди.

Олам шовқин-суронга, тасир-тусур товушларга тўлиб кетди.

Йигит паришонлик билан кимсасиз кўчада қаққайганча туриб қолди, жиққа ҳўл бўлган кийимлари оғирлашиб вужудини эзаётгандек, совқотиб қалтираётгандек елкасини қисиб қунишди, шусиз ҳам анчадан буён пароканда ўй-хаёллари чил-чил бўлган биллур синиқларидек ҳар томонга сочилиб кетди.

Момақалдироқ ҳамон гулдурар, тинимсиз чақмоқ чақар, олам олов ичида қолгандек эди.

Султонмурод аста ортига қайтди. Беш-олти одим юргач, қаршисидан муюлиш чиқди. Муюлиш четида улкан тош қорайиб турарди. Йигит шу тош устига чўқди. Ҳорғинлик билан нам тошни силаркан: «Қара-я, бир бечора ўтиб кетди-ю, лекин сен билан мен ҳамон бормиз, яшаяпмиз...» деб қўйди секин.

Шу ерда ўтириб у нималарнидир ўйлаб олмоқчи бўлди. Ўйлаб олиш учун бундан ортиқ қулай ва холи ер йўқдай эди. Аммо... Йигит уч-тўрт қадам нарида шу томонга қараб келаётган Холиқ амаки билан тегирмончи чолни кўриб асаби бузилди. «Шу ердаям тинчлик йўғ-а. Алламаҳалда кўчада нима бор экан бу чолларга?!»

* * *

Бу уй Абдураҳмон эшонга тегишли эди. Эшон бир неча йил муқаддам қариб-чуриб оламдан ўтди. Ҳайҳотдек ҳовлида ундан ёдгор бўлиб иккинчи хотини Шоҳсанам қолди. Эшон бобонинг катта аёлидан фарзандлари бор, лекин улар бошқа-бошқа яшашарди. Эшон бобо диннинг барча талабларига риоя этган ҳолда, тўнғич аёлини ҳар томонлама таъминлаб қўйганди. Ёлғиз Шоҳсанам...

Дарвоқе...

Эшон бува уни — тунда кўққисдан гумбурлаган момақалдирокдан қўрқиб, юраги бесаранжом уриб қолган навниҳол қизни — аввал даволаган, етти кун етти маҳал дуо ўқиб соғайтириб юборган, кейин эса яна дуо ўқиб, уни ўзига оғдириб олган...

Ҳар қалай, одамларнинг оғзидаги гап шундай.

Бу ғаройиб никоҳ ҳақида эл ичида яна бир гап оғиздан-оғизга ўтиб юрадики, буниси аввалгисидан-да жумбоқли. Эмишки, эшон буванинг дуосидан шифо топган кизнинг ўзи уни йўқлаб борганмиш...

Иложсиз қолган ота-она нима қилсин?..

Бу гап-сўзларга фақат бир йигит ишонмасди, ишона олмасди. Шу ҳақда ўйлади дегунча ўзини қўйгани жой тополмай, кенг оламга сиғмай қоларди:

«Бундай бўлиши мумкин эмас! Мумкин эмас! Тўғри, унинг тобсиз бўлгани рост, лекин ҳеч қачон... Ҳеч қачон! Уни мажбурлаган бўлишлари мумкин. Чорасиз қолиб, ноилож рози бўлгандир. Аммо ҳеч қачон... ҳеч қачон! Чунки... чунки... У мени севади, мени!»

Бу рост эди. Бу ҳақда бутун қишлоқ аҳли хабардор бўлмаса-да, ҳар қалай, тенг-тўшлари ивир-шивир қилиб юришарди.

Дарвоқе, бир кеч — ҳали шом тушиб улгурмаган маҳал эди — мактаб ёнидаги якка тут остида уларнинг гаплашиб туришганига Абдураҳмон эшоннинг ҳам кўзи тушганди.
— Худо хохласа, никоҳимизни мана шу кишига ўқитамиз, — деганди ўшанда Султонмурод ёшига нисбатан анча қорувли, кимхоб камзули ўзига ярашган эшоннинг ортидан қараб қоларкан.

Қиз эса уялиб кулимсираган... Кейин тақдир чархпалаги тескарисига айланиб кетди. Султонмурод юрагини чангаллаб қолаверди.

Тўйдан кейин Султонмурод уни бир марта узоқроқдан кўрди. Жувон ҳам уни кўрдими-кўрмадими, билмайди, эҳтимол, кўзи тушгандир-у, ўзини кўрмаганликка олгандир.

Султонмурод эса бу кунни эслаб қолди. Унута олмади. Янглишмаса, ўша куни чоршанба эди, санаси ҳам эсида — 12 май, пешин чоғи эди... Бироқ - буни қанчалик истаётган бўлмасин — жувоннинг олдига бориш тугул, унга тикилиброқ қарашга-да ботина олмади. Нима бўлган тақдирда ҳам энди у қишлоқ аҳлининг эътиқодига сазовор бўлган тақводор одамнинг завжаси!..

Ҳамма-ҳаммасини унутмоқ истади. Бунинг йўли топилди — уйланди. Тақдир ҳазили — келин Шоҳсанамга қариндош эди.

Аммо бари бир ҳувиллаб ётган кўнгил мулкига файз кирмади. Юрагини бир алам эзиб ётардики, бунга чидаб яшагандан кўра, дўзах оловида куйиб кул бўлган афзал эди. Кунларнинг бирида у барча-барчасига — уят-андиша, иймон-эътиқод — ҳамма-ҳаммасига қўл силтади. Ва...

Султонмурод ўзини эшоннинг ҳашаматли дарвозаси олдида кўрди: «Ундан сўрарим бор... Нега... Нима учун бундай қилди?»

Бироқ...

Эшикни тақиллатишга ҳам улгурмади.

Ҳашаматли эшик шиддат билан очилди.

Остонада Абдураҳмон эшон пайдо бўлди. Улар бир неча дақиқа бир-бирларига сўзсиз тикилиб қолишди. Эшоннинг нигоҳлари ғазаб ва нафратга тўла... Оқиш, лекин айни дамда гезарган, бўзарган чеҳрасида шафқатсиз ифода қотиб қолган...

Султонмурод бўшашди. Аллақандай ғайритабиий куч қаршилигига дуч келгандай ўзини жуда-жуда ожиз ҳис этди. Бояги шаштидан асар ҳам қолмади.

Аста бурилиб ортига қайтаркан, алам ва изтиробдан инграб юборди...

Шу-шу бўлди-ю, йигит йўли тушган тақдирда ҳам эшоннинг кўчасини айланиб ўтадиган бўлди.

«Мана энди ундан абадул-абад айрилдим, — деб ўйлади Султонмурод. - Энди уни ҳеч қачон олисдан бўлсаям кўра олмасам керак!»

Дарҳақиқат, шундан кейин у Шоҳсанамни узоқдан бўлса-да кўришдан маҳрум бўлди. Чунки...
— Тавба қилдим, кариганда ёш хотинга уйланган эркак эсдан оғиб қоладими дейман-да, — деб қолди бир куни Султонмуроднинг хотини. — Эшонбувани айтаман-да. Остона ҳатлаб кўчага чиқсанг оёғингни уриб синдираман, дебди Шоҳсанам опамизга. Тунов куни бечора деразадан қараб турган экан, Эшонбува тоза таъзирини берибди.

Султонмурод чурқ этмади. Ичидан зил кетди. Айрилиққа, азоб-уқубатларга тўла дунё қад ростлади қаршисида. Бироқ йигит тишини тишига босди, чидади, чунки барбод бўлган дунё вайроналари устида шундай улуғвор кошона бунёд этгандики, бу кошонага истаган ерда, истаган вақтида киради-чиқади; бу ерда изтироблардан зада қалби ором топади, қийғос гуллаган шафтолининг ёқимли ҳиди димоғига урилгандек бўлади, қайноқ, бетакрор бўсалар таъмини туяди лаблари...

Иттифоқо...

Ўша куни у ишга кечикиброқ борди. Эрталабданоқ бошлиқдан эшитадиганини эшитди. Бунинг устига ҳисобот дафтарчаси уйда қолиб кетибди. Бошликдан яна насибасини олди. Бу камлик қилгандай, бошлиқ уйига бориб, ўша жин ургур ҳисоботни олиб келишни талаб қилди. Ишхонадан уйгача саккиз чақирим, кун иссиқ; бекатда ярим соат туриб улов пойлади, аммо ҳадеганда уловдан дарак бўлавермади, асаблари ўйнаган, чарчаган, бўғилган бир алфозда пойи пиёда йўлга тушди. Чамаси бирор соатлардан кейин у ўзи яшайдиган кўча бошига етиб келди. Шу ерда тўхтаб бироз нафас ростламоқчи бўлди. Аммо... Оҳ, меҳрибон Парвардигор! — шунча ҳаракат, шунча заҳмат ва кўргуликлар ёлғиз Унинг учун, Уни кўриш учун эканлигини ўша дақиқада, ҳатто ундан олдинроқ ҳам қайдан билибди? Билганида эди эҳтимол... Ё, Қодир эгам, тағин денг шундоқ рўпарасидан чиқиб қолди! Албатта У ёлғиз эмасди. Ёнида қандайдир бола кўтарган аёл... Ва атиги бир дақиқа, йўқ, ярим дақиқа, эҳтимол сониянинг аллақайси бир улушида — бехосдан уларнинг нигоҳлари тўқнашди! Ҳамроҳ бўлмиш аёл нимадир деди, лекин Шоҳсанам эшитмади. Олам сув қуйгандек жимжит бўлиб қолганди. Кейин яна ҳаммаси аввалги ҳолига қайтди: шовқин-сурон, вағир-вуғир...

Шоҳсанам ерга қараганча ёнидан, шундоққина ёнгинасидан ўтиб кетди. Султонмурод уни анчадан буён бунчалик яқиндан кўрмаган, кўзларига термулмаган эди. Йигитнинг ҳаётидаги энг порлоқ кун бўлди ўша кун.

Орадан кўп вақт ўтмади.

Абдураҳмон эшон тўсатдан бандаликни бажо келтирди.

Шоҳсанам бева қолди.

«Энди у ё бу ҳовлидан бош олиб кетади, ё кимгадир эрга тегади, — деган гап топиб келди Султонмуроднинг хотини уйига бориб. — Албатта, эрга тегади-да. Тегсаям тегади, тегмасаям тегади. Ахир ёш бўлса, овунадиган фарзанди бўлмаса. Тегади-да, тегмай қаёққа борарди? Айтмоқчи, шаҳардаги амакимизнинг бултур хотини ўлганди. Ўртага тушсаммикин?»

Султонмуроднинг юраги зирқ этди.

Ёмғир фасли ўтди.

Жазирама ўтди.

Сокин ва осуда сунбула кириб келди ҳамки, Шоҳсанам на эрга тегди, на қишлоқдан бош олиб кетди. Эшон бувадан қолган ҳовлида ёлғиз ўзи яшайверди. Жувоннинг харидорлари кўп эди. Лекин нима учундир бирор кимса эшоннинг остонасини ҳатлаб ўтишга журъат этолмасди. Шоҳсанамнинг ўзи ҳам кўпчиликка қўшилмас, тўй-маърака тугул, ақалли, кўча-кўйга-да чиқмай қўйганди.

Тириклай кўмилгандек эди гўё.

Эшон бувадан қолган ҳовли-жойдан путур кета бошлади.
— Қаров бўлмагандан кейин шу-да! Ҳамма нарса ўлда-жўлда ташлаб қўйилгандан кейин шунақа бўлади! — дея жаврарди Султонмуроднинг хотини ҳар кеч. Бева бўлиб қолганидан кейин Шоҳсанам нима учундир унга ёқинқирамай қолганди. — Эсиз... эсизгина шундай уй! Раҳматли эшон бува бўлганда... Тавба, қош-кўзини бўяшдан бошқасига ярамайдиган бу ипирисқи хотиннинг нимасига учди эшон бува?.. Хатто пиёваниям эплаб пишира олмайдиган қўли синиқ-ку бу!

Султонмурод эса...

Шу «қўли синиқ» жувонни бир кўришга муштоқ, раҳматли эшон буванинг кўчасидан ўтишдан ўзини зўрға тийиб юрарди. Ахир, эҳтимол, чиндан ҳам у уқувсиздир... Лекин... рангпар хушбичим чехра, нозик даҳан, тик қомат, кўзлар... худди бу оламда ўзидан бошқа ҳурлиқо яшамайдигандек чақнаб боқувчи нигоҳлар...

Буларни унутиб бўладими?

Йигит фақат бир нарсадан хавотирда эди, ҳатто қўрқарди. Бу қўрқув туйғуси шу қадар улкан эдики, унинг ҳайбатига бир қур назар ташлашга-да қурби етмасди: «У мени унутган бўлса-чи?!.»

Йил сўнгида эшон буванинг руҳи-покига атаб йил оши берилди. Шундан кейин бир ҳафта ҳам ўтмади, бирдан совчилар ёмғири ёғила бошлади.
— Эшон буванинг ҳурматини сақлаб шунча кутдик. Энди бир нарса де. Укам ёмон йигит эмас.
— Хўп, деяқолинг энди, илтимос. Акамнинг шашти баланд, кўнмаса опқочиб кетаман, деяпти!..
— Бу дунёдан ҳеч ким тоқ ўтмаган, қизим. Сенам ахир бир кун уй қиласан-да, ёш умрингни хазон қилмасанг-чи.
— Ёлғизлик азоби ёмон. Мана, менинг амаким ўн беш йилдан буён ёлғиз яшайди. Ўн беш йил-а! Бечора хотини жон бераётганда бошқага уйланмайман, деб ваъда бериб қўйганди. Энди билсам... босиб юрган эканман, дейди шўрлик амаким.
— Хўп деса, кафтимда кўтариб юраман, деяпти акам. Илтимос... ҳеч бўлмаса бир оғиз гаплашиб кўринг ўзи билан.

Дунё сўққабош эркакларга тўлиб кетгандек эди. Бироқ!
— Йўқ, дедимми, йўқ! — битта сўзда туриб олди Шоҳсанам. Сабабини сўраганларга тишини ёрмади.
— Бешёғочлик киши ёмон одамга ўхшамайди, — дея Султонмуродни янгиликлардан хабардор қиларди хотини билибми-билмайми. — Шу кишига тегса бўларди. Иккита боласи бўлса нима қипти? Тайёр дастёр-ку улар. Бошқаларни-ку писанд қилмади.

Султонмурод чурқ этмасди. Фақат юзи аввал оқаринқираб, кейин қоғозга айланиб борарди...

Назарида хотини «ҳамма гап»дан хабардор-у атай Шоҳсанам ҳақида «хушхабарлар» топиб келаётгандай... Бу даҳшат! Ахир ёнингдаги одам кўнглингдан нелар кечаётганини сезиб турса... азоб бундан ортиқ бўладими...

Орадан анча вақт ўтди. Кунларнинг бирида ишдан қайтаётган Султонмуродни машина туртиб юбориб енгил жароҳат олиб, касалхонага тушиб қолди.

Шу куни эрталаб ҳаво булут эди. «Ёмғир ёғса эҳтимол», — дея ўйлади Султонмурод зирқираётган жароҳатига кафтини босиб. У ёстиқдан бошини кўтарди дегунча дераза оша ташқарига термуларди. Ўша куни ҳам у бир муддат дераза рахига пешонасини тираб турганди. Қаттиқ ўйга толганидан вақт чошгоҳга яқинлашганини, булут кўрпаси йиғилиб, осмоннинг бир чети очилаётганини ҳам пайқамади.

Бир маҳал...

Ё Раббий!

«Йўқ, туш кўряпман, бу туш!..»

Султонмурод кўзларини юмиб-очди, очиб-юмди ҳамки, қаршисидаги сароб тонгги шудрингдай йўқ бўлиб кетмади. Маъюс, маҳзун жилмайган чеҳра...
— Худога шукр...
— Сен?!.
— Ҳа... Эрталаб... боя... эшитдим... эшитиб қолдим...

Султонмурод энди эътибор берди. Жувоннинг юзи докадек оппоқ, нигоҳлари хавотирга тўла эди. У ҳатто тузук-қуруқ ҳол-аҳвол ҳам сўраша олмади. Қаттиқ қўрқиб кетганида одам шу кўйга тушади.
— Қўрқма, — деди, дея олди Султонмурод. — Қўрқма...

Жувон бош ирғади.

Бори шу.

Кейин у узалиб, қўлидаги тўрхалтани дераза токчасига қўйди-ю кетди.

Султонмурод шу куни кечгача дераза олдидан нари кетмади. У энтикарди, хўрсинарди. Касалхона дарвозаси томон кетган йўлакка унсиз тикиларди...

Шу куни у яна бир нарсага иқрор бўлди: қалбида яшаётган туйғу абадиятда ҳам руҳини тарк этмайди!
— Нимага ўзбошимчалик қилиб юрибсиз? — дея сўроққа тутди хотини Султонмуроднинг жабрланувчи сифатида даъвосидан воз кечганини эшитиб, тутақиб кетганидан сира ҳам ўзини боса олмай. — Хаёлингизга нима келса қилаверасизми? Хўп, даъво қилишдан воз кечиш ниятингиз бор экан, аввал шартингизни айтмайсизми? Жилла қурса касалхона харажатини кўтарсаям ҳарна эди-да!

Султонмурод хотиржам тутди ўзини. Хотини гапирганда энсаси қотмади бу гал. Ҳатто унга кулиб қаради. Хотини унинг юзи табассумдан бу қадар ёришиб кетганини яқин-ўртада кўрмаганди.

«Қанотим бўлса-ю қошингга учиб борсам!»

Аммо энди у бўз йигит эмас.

Тангри ёрлақаб унда қанот пайдо бўлганда ҳам энди унинг ёнига бора олмасди. Бунга иқрор бўлгани сайин ич-ичидан нимадир кўтарилиб томоғига тиқиларди-қоларди: «Тангрим...» Шоҳсанам эса яна уйига қамалиб олган, ташқи дунё билан алоқасини узганди гўё.

Бир куни...

Хотини кечки овқатни дастурхонга қўйиб, ўзи ошхона томонга кетди. Ва зум ўтиб қўлида тугунча билан қайтди.
— Санам опамизнинг тоби йўқ эмиш, — деди у Султонмуроднинг саволчан нигоҳига жавобан. — Бора солиб кўриб келай. Ҳар қалай, бир илдизнинг томиримиз...

Султонмурод тахта бўлиб қолди. Оғзидаги луқмани юта олмади. Гапирмоқчи, нимадир демоқчи бўлди, лекин томоғига қилтаноқ тиқилиб қийналаётгандай бўғзидан хирқироқ товуш чиқди, холос.

Хотини унга ғалати қараб қўйди-да, индамай чиқиб кетди.

Султонмурод сўри четини тутди. Кучи борича маҳкам ушлади. Ҳозир кимдир оёқ-қўлини чандиб боғлаб ташлашига-да рози эди: Йўқ! Йўқ! Бу мумкин эмас!..

Ярим соатлардан кейин хотини келди. Ранги оқаринқираган...
— Санам опамизнинг анча мазаси йўққа ўхшайди, — деди у сўри четига ўтираркан. — Вой Худойим-эй... Дард бераман деса осон экан-да. Бечора... Адойи тамом бўпти!

Аёлнинг аёлга раҳми келдими, аҳвол жиддий!

Султонмуроднинг ичида нимадир чирт узилди. Қулоқлари шанғиллади. Хотинининг жаврашлари узоқ-узоқлардан келаётган товушдек элас-элас эшитиларди:
— Ўзидан кўрсин! Ҳаммасига ўзи, фақат ўзи айбдор. Вақтида эр қилганида бу азоблар йўқ эди. Ҳали бу кунлар ҳолва. Бу ҳали азоб эмас. Ҳақиқий азоб ҳали олдинда! Бир кунлар турибди ҳали. Қон йиғлайди, қон!..

Хотини башорат қилган ҳалокат яқинлашиб қолгандек Султонмуродни даҳшат босди. Кўзларини чирт юмди. Аллазамонлардан буён қадам ташлашга изн бермаётган, темир тўсикдек йўлига ғов бўлган куч исканжасида тўлғанди.
— Мен ўшанда айтгандим, билгандай, кўнглим сезгандай айтгандим, - ҳамон лаби-лабига тегмасди хотинининг. — Амакимга кўнмасангиз, ана Тўйчи муаллимни ушланг дегандим. Ёлғиз яшаш осон эмас. Иссиқ жон... Ўзи мени норози қилган одам ўнгланмайди!
— Бас қил-л!.. — тишларини ғичирлатди Султонмурод. — Бас қил-л!..
— Ха, намунча...

Хотинининг гапи чала қолди. Султонмурод кутилмаганда ирғиб ўрнидан турди-ю, сўридан сакраб тушди ва кўча эшик томон отилди.

Тўлин ой тераклар устида осилиб турарди. Аллақандай шовқин-суронсиз, маҳзун кеча эди. Султонмурод шу оқшом муюлиш четида қорайиб турган тошни кўрди. Ва анча вақтгача тош устида хаёл суриб ўтирди. Кейин бор кучи-ю иродасини тўплаб, эшон буванинг нураётган уйи томон юрди.
— Бу ҳаммаси... сиқилганимдан... Қўрқманг, ўтиб кетади, — деди Шоҳсанам синиқлик билан. Унинг юзи заъфарон, кўзлари киртайган, озғин вужуди ниҳоятда беҳол эканлиги шундоқ сезилиб турарди.

Аёл ниманидир яшираётгандек ва буни кулги билан пардалаётгандек, ҳадеб жилмайишга уринарди. Султонмурод уй ичига зимдан разм солди: ҳаммаёқ шипшийдам, тахмонда тўрт-бешта кўрпа-ёстикдан бошқа қўлга илинадиган нарса йўқ эди.

Жувон буни сезди.
— Дори-дармонга деб... Ўлсин, қанча дорини ичиб юбордим. Бари бир фойдаси бўлмади.

Ўртага зилдай сукунат чўқди.

Султонмуроднинг нимадир дегиси, аёлнинг кўнглини кўтаргиси, шу билан ўртадаги ноқулайликни кўтариб ташлагиси келарди. Лекин ҳали уйидан чиқмасдан олдин ич-ичидан турган қалтироқ ҳамон босилмагани сабабли, сира ҳам гапира олмаётган эди.
— Биламан, мендан хафасиз, — деб қолди жувон бир маҳал. Султонмурод шунча уринса-да, эплолмади — бўғзидан оғир хўрсиниқ отилди.

Аёл кўз учида унга қараб турарди. Нимадир дейиш лозим...
— Нималар деяпсан... деяпсиз... Нега хафа бўларканман?..
— Билмайман, ҳатто тушуна олмайман ўзимга-ўзим... Менга нима бўлган? Худди ҳушим ўзимда эмасдай... Мана ҳозир ҳам... — деди аёл ўзига-ўзи гапиргандай паст овозда. Бирпас жим турди-да, сўнг яна деди: — Баъзида нимадандир жуда безовта бўламан. Хаёлимга нималар келмайди? Мана ҳозир яна... Мендан нафратлансангиз ҳам арзийди... Мен шунга лойиқман... О, йўқ, йўқ!..

Жувон юзини кафтлари билан тўсиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Юзи бир бурда... Бармоқлари қонсиз ва нимжон... Қоқсуяк елкаларида аянчли титроқ... Сўнгги бардош ҳам тугади:
— Ўзингдан-ўзинг нималар деб ётибсан боядан бери, — дея гап бошлади йигит, гўё жуда ҳам оддий нарса ҳақида сўзлаётгандек. — Ҳали... ҳали шунақа бўлмағур ўйларни ўйлаб, ўзингни ўзинг касал қилиб ётган экансан-да. Мен хафа эмишман... тўғри, бир пайтлар бўлган... шундай... Лекин кейин... билсам, сендан нафратланиш тугул, хафа ҳам бўлолмас эканман...

Бирор соатлардан кейин Султонмурод ўрнидан қўзғалди.

«Бунинг ҳаммаси ёлғизлик оқибати... Уни ташлаб қўймаслик керак!» деган қарорга келди у жувон билан хайрлашаётиб.

Шундан кейин у тез-тез Шоҳсанамнинг аҳволидан хабар олиб турадиган бўлди. Аёл жуда секинлик билан бўлса-да, ўзига кела бошлади. Унинг аҳвол-руҳиясидаги ҳар бир ўзгариш йигитнинг назаридан четда қолмасди: «Бугун у ярим соатдан кўпроқ гапирди, ҳарсилламасдан, хотиржам сўзлади. Ҳатто кулгиси ҳам жаранглай бошлади...»
— Менга турмушга чиқ, — дея таклиф қилди у кунларнинг бирида.
— Иложим йўқ... — дея пичирлади жувон.

Йигит ҳайратдан донг қотди. У аёлдан бундай жавобни кутмаганди.
— Нега? Нима учун? Мени ўйлаётган бўлсанг кўп қайғурма, ҳаммасини яхшиликча ҳал қиламан.
— Мен у ёғини ўйлаётганим йўқ.
— Нимани ўйлаяпсан бўлмаса? Сени бу ҳоачида нима ушлаб турибди? На фар... Кечирасан!
— Мен бандиман...
— Тушунмадим...
— Яхшиси, шундай юраверайлик.
— Сени ҳеч кимга ишонмайман. Ҳатто манави соқов деворларга ҳам...
— Бу деворлар соқов эмас. Хар оқшом улар тилга киради.
— Ўлай агар, сўзларингга тушунган бўлсам.
— Э, қўяверинг бу ёғини. Бояги гапим гап. Шундай юраверайлик. Бизни ҳеч ким, ҳеч нарса ажрата олмайди!

Йигит эътироз билдирмади.

«Балки у ҳақдир? — деб ўйлади ичида. — Эҳтимол, шуниси маъқулдир...»

Биз режа тузамиз, аммо тасодиф уни барбод қилади. Кутилмаганда фожиа юз берди. Ҳа, бу — тасодиф, машъум тасодиф эди. Ҳатто ғайритабиий сир-синоат эди. Кутилмаганда содир бўлди у. Шоҳсанам ярим тунда қўққисдан гумбурлаган момақалдироқдан чўчиб уйғонди-да, чидаб бўлмас даражада санчаётган юрак хуружидан йигирма дақиқа азоб чеқди-ю... омонатини топширди-қўйди. Султонмурод довдираб қолди. У ҳеч нарсани идрок қилолмасди. Йўқ, идрок қиларди, аммо ҳеч нарсага тушунмасди. Ахир шу кеча ҳарорат қирқ даража иссиқ, ҳаво қуриб қолгандек нафас олиш амримаҳол, барқут осмонда юлдузлар чарақлаб турар, қилт этган эпкин йўқ, лекин бутун борлиқни, курраи заминни ларзага солиб, момақалдироқ гумбурлади!..

Ё алҳазар!

Ер ёрилиб кетгудек бўлди-я!

Дафн маросимидан қайтиб, очиққанларидан шоша-пиша овқатланаётган эркагу аёл, одатдагидек, яъни бошқа ҳамма жойда бўлганидек, марҳума ҳақида гапиришди.
— Тавба, минг марта тавба, шундай қилиб ҳам одам ўладими? Жон бериш ҳам осон экан-да. Биргина момогулдирак!..
— Йўқ, бу ерда бошқа бир гап бор.
— Шўрликнинг юраги хаста экан-да.
— Э, у бўлди-бу бўлди, нима қилиб бўлсаям эшон бува завжасини ўзининг олдига чақириб олди-да!
— Ие, уни қаранглар, парда қимирлаяпти!

Султонмурод ортиқ дош бера олмади... Азахонадан чиқиб кетди. Тўшакда ажриққа ағанагандек ухлолмаган йигит алламаҳалда аста ўрнидан турди.
— Қаёққа? — сўради хотин.
— Ўзим, шундай...
— Эрталаб вақтли туришингиз керак, ухласангиз бўлмайдими?
— Уйқум келмаяпти.

Эшик хиёл ғийқиллаб очилиб-ёпилди.

Хотин кўрпани юзига тортди: «Тавба!»

Кеча ойдин эди.

Чарақлаган юлдузлардан ерга кумушранг ёғду тўкиларди.

Дераза ёнидан ўтган йигит бирдан таққа тўхтади.
— Сен?!
— Ҳа, мен...
— Ахир, сен...
— Кета олмадим!

* * *

«Дунё шунчалар гўзал!

Яйраб нафас олиб яшаганга не етсин... Ой нурида товланаётган япроқларнинг шовуллаши қандай ажойиб... Аммо...

Бу дунёни сиз борлигингиз туфайли яхши кўраман.

Сиз туфайли!..»


— Қаерларда юрибсиз? — сўроққа тутди хотин.
— Бирпасда йўқ бўласиз-қоласиз!
— Ёмғир ёғаётган экан. Йўл четидаги тош устида бирпас ўтирдим.
— Бирпас?! Қайси йўлнинг четидаги тош?
— Муюлишдаги...
— Муюлишда ҳеч қанақанги тош йўқ! Ёмғир ҳам ёғмаяпти! Қачонлардан бери осмондан бир томчи тушгани йўғ-у... Нега ёлғон гапирасиз? А, нега? Нима учун? Ҳеч бўлмаса ариқдаги сувга бўкиб, кейин уйга келсангиз бўларди!
— Мен ахир у ерда Холиқ амакини кўрдим. Кейин анави чол бор-ку, оти нимайди, ҳаҳ, тегирмончи...
— Шўрим курсин, ахир улар аллақачон ўлиб кетишган-ку!
— Сизга бир бало бўлгани рост.
— Бас қилсанг-чи!
— Бас қилмайман! Нега энди бас қиларканман? Мен ерда яшаяпман, сизга ўхшаб осмонда учиб юрганим йўқ!
— Инсоф қилгин, чарчадим, бирпас мизғиб олишга кўясанми-йўкми?!
— Боринг, дўкондан бир қоп ун опкелинг. Уйда бир ҳовуч ун йўғ-у, бу кишим!.. Қачон болам-чақам дейсиз?
— Э, бор-э!

«Эсингиздами, бир кеча тонг отгунча ухламасдан гаплашиб ўтирганимиз? Эсингизда, а? Билардим... Осмон бир бошқа бўлиб ёришиб кетганди ўшанда! Ой нақ тепамизда туриб олганди. Худди биздан узоқлашгиси келмагандек. Илиқ шамол райҳон ҳидини димоғимизга урарди... Назаримда, кеча-кундуз ҳам, ой-қуёш ҳам, ҳамма-ҳаммасининг бизга ҳаваси келарди».
— Чик-чак... Чик-чак...

Султонмурод чўчиб кўзини очди.

Аллаким дераза ойнасини оҳиста чертгандек туйилди. Ёстиқдан бошини кўтарди.

Хира ёғду тушаётган ойна ортида кимдир унга тикилиб турарди.

Йигит ихтиёрсиз суратда ўрнидан турди.

Хотини қора терга ботиб ухлаб ётарди.

Султонмурод ҳовлига чиқди. Сўнг кўчага...

Ўн дақиқадан кейин у ўзини хароба олдида кўрди.

Чироқ ёниқ турарди.
— Кеч киришини минг азоб билан кутдим... — дея шивирлади жувон унинг кўксига бош қўяркан.
— Мен ҳам адойи тамом бўлдим. Нега бунча шошилдинг?
— Ихтиёрим ўзимда эмасди.

Тўсатдан жавондаги идишлар жаранглаб кетди. Қандайдир кўринмас қўл идишларни бир-бирига уриб, чил-чил қилаётгандек эди. Жувон хижолатли кулимсиради.
— Эътибор берманг. Мен ўрганиб кетганман...

У сўзини тугата олмади. Хонанинг аллақайси бурчагидан эшитилган овоз жувоннинг овозини босиб кетди:
— Бадбахт! Ярамас! Тавқи лаънатимга учрадинг! Қиёмат куни ҳам сени кечирмайман!.. Эй, бадбахт! Азоб фаришталарига топширдим сени! Алар дўзах ўтидин тож кийдирурлар бошингга, қиздирилғон мисдан либос киюрсан!

Жувон иккала кафти билан йигитнинг қулоқларини тўсди.
— Эшитманг!..

* * *

Султонмурод кимсасиз кўча ўртасида турар, аллақачон қоронғи тушиб, ён-беридан одам оёғи тийилганини, уйига бориши лозим эканлигини фаҳмларди, ҳис этарди, аммо оёкларига тош боғлагандек уларни ердан узолмасди. Бир маҳал аллаким қўлидан тутгандек бўлди. Қаттиқ сесканди. Уй томон юрмоқчи бўлди. Шу он оқшом ҳукмига ўтган борлиқ бағридан сирғалиб ўтган бир нидо қулоқларига урилди: «Султон...»

Йигит иккиланди: бу одатдаги овозга, одатдаги чорловга ўхшамасди.

Тағин ўша овоз: «Султон...»

Йигит гарангсиган кўйи овоз келган томонга юрди: яна ўша хароба!

У таниш йўлак бўйлаб ичкарилади.

Хона зим-зиё.

Қулоқни қоматга келтиргудек сукунат.

Вақт тўхтаган, олам нафас олмай қўйганди гўё.
— Бу ёққа ўт! — деган дағал овоз гулдуради. Қоронғиликка кўника бошлаган йигит зулмат қаъридан ўзига қадалиб турган бир жуфт ғазабнок нигоҳларни ҳис этди.

Сўнг эса... шифтда осилиб турган оқиш сиртмоққа кўзи тушди. Қалтираб кетди.
— Ўзингни ос!

Тош қотган сукунатга бирдан жон энди: хона шовқин-суронга, шивир-шивирларга, саросимали, қироатли, йиғламсираган овозларга тўлиб кетди.

«— Э Худойим!
— Ё Раббий!
— Бояқиш ҳали ёш жан.
— Хайрият, у биздан эмаскан. Мен укам Мирзапўлатми деб ўйлаб қўрқиб кетганимдан югуриб келгандим. Хайрият!.. Анчадан буён бетоб эди-да...
— Нега менга тиргаласиз ҳадеб?! Қаерга борсам кўзингизни лўк қилиб турганингиз-турган!
— Ие, бу Искандар аканинг ўғли-ку! Вой шўрлик... Искандар акага хабар бериш керак. Тезроқ! Тезроқ!
— Вой-бўй, намунча... Мен билан кўришмаслик учун атай поябзалингизни қўлингизга олволдингизми? Пасткашлигингиз қолмади-қолмади-да!
— Ўғлим!
— Болам... Болажоним... Ёш жонингга жавр қилма! Отаси, унга айтинг, бундай қилмасин... Болам!.. Дарвоқе, эшон бува... Эшон буванинг олдига боришим керак! Ё Тангрим...»
— Бўлсанг-чи! Нега иккиланяпсан? Бўлақолсанг-чи!

Султонмурод тошдай оғир нигоҳларини сиртмоққа қадади, бир неча сония ундан кўз узмади.
— Бу жуда осон...

Султонмурод беихтиёр сиртмоқ томон бир қадам ташлади.

« — Оҳ!
— Вой бечора...
— Э, нега дод-вой қиласанлар? Қилгиликни қилгандан кейин жазосини олсин-да! Бундайларнинг жойи дўзахда!
— Дўзах шундай жойки!.. Дўзахнинг ўтидин заррадек олиб, уни тоғ устига қўйдилар. Бас, тоғ анинг иссиқлигидин симобдек эриб кетди...
— Ё тавба!
— Тангрим, уни ўзинг ёрлақа!»

Султонмурод сиртмоққа қўл узатди. Қўли етмади, етар-этмас бўлиб, ҳавода муаллақ қолди. Яна бир қадам... Бехосдан поябзалининг учи қаттиқ нарсага тегди. Мункиб кетди.
— Йўқ, йўқ, — деганча ортга тисланди у ўзига келиб.
— Қўрқма, — дея далда берди гулдураган овоз энди бир оз юмшоқ оҳангда...
— Йўқ!
— Бу жуда осон...

Шу он бўшлиқ қаъридан сузиб чиққан шарпа тап тортмасдан дорга қўлини узатди ва... худди шундай ҳеч иккиланмасдан — оддий юмушни бажараётгандек — сиртмоқни бўйнига солди. Шундоқ Султонмуроднинг кўз олдида шарпа ўзини осди. Боши кўксига осилган... оёқлари шалвираган... Юзи эса... Хайратланарлиси шунда эдики, у шарпанинг юзини аниқ-таниқ кўрди. Дарвоқе, юз... юзини қандай эди деса бўлади? Юзи... юзи улуғ саодатга эришгандек мамнун ва сокин эди!
— Нега бундай қилдингиз? — дея қичқириб юборди Султонмурод беихтиёр.
— Нима қипман?
— У ўлиб қолди.
— У ўлгани йўқ. Яхшилаб қара. Мана у ёнингда турибди. Султонмурод кўзларини юмиб-очди: ё алҳазар! Шарпа бояги жойида ҳеч нарса бўлмагандек қаққайиб турарди! Йигит ақлдан озаёзди.
— Ҳозир... Ҳозиргина у... — дея пичирлади қуруқшаган лаблари.
— У ўлгани йўқ, сираям ўлгани йўқ.
— Ақлим бовар қилмаяпти...
— Тасаввур кил, вужуд — улкан чиғаноқ, руҳ шу чиғаноқ ичида димиқиб ётган жонивор. Мана энди у озод!

Султонмурод яна сиртмоққа кўз югуртирди.
— Бу жуда осон...
— Бу жуда ажойиб...
— Бу жуда осон...
— Бу жуда ажойиб...

Таранг тортилган асаблар бўшашди.

Йигит ўзи истамаган ҳолда, лекин шунга мажбурдек сиртмоққа кўл юборди. Шу вақт...

Бирдан еру кўкни ларзага солиб, момақалдироқ гумбурлади. Чақмоқ чақди. Шамол қоп-қора булутларни ҳайдаб келди. Дераза шарақлаб очилиб-ёпилди.
— Йўқ! Йўқ! — деган фарёд эшитилди аввал. Кейин... Ё Раббий!

Чақмоқ ёруғида у кўзга ташланди. Мана у! Бор бўй-басти билан. Бу ўша!
— Йўқ! — дея такрорлади у. — Йўқ! Бундай қилманг! Бу тузоқ... Бу фитна... — жувон йигит пойига тиз чўқди. — У мени ўзи билан олиб кетмоқчи эди. У билан кетсам гуноҳлардан фориғ бўлармишман. Жаннат менинг пойимда бўлармиш! Мағфират нурига йўғрилар эмишман. Шунда буюк азоб куни ёруғ юз билан чиқар эмишман. Акс ҳолда руҳим ёруг дунёда сарсон-саргардон изғиб юраркан... Мен шунисини танладим. Дунёни сиз борлигингиз туфайли яхши кўраман! Қаранг, шафтоли қийғос гуллабди...

Кутилмаганда хона ичи ёришиб кетди. Султонмурод ҳайрат оғушида жувонга боқди. Сиртмоққа узалган қўллари бўшашди...

Эрталаб уни харобадан ҳушсиз ҳолда топишди. Тушгача у қишлоқ касалхонасида ётиб, ниҳоят ҳушига келди. Аммо... йигит тамомила ақлдан озган, телба эди.

«— Ё тавба, мен илгари ҳам бундай воқеага гувоҳ бўлгандим.
— Қачон?

— Миллион йил аввал...»