OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗулфия Қуролбой қизи
Асар номиXолиқ амаки (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Зулфия Қуролбой қизи
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм37KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Xолиқ амаки (ҳикоя)
Зулфия Қуролбой қизи

Холиқ амаки...

Ўши эллик беш-еллик олтиларга борган; ўрта бўй, буғдойранг, қисиқ кўзларининг атрофини, торгина пешонасини сон-саноқсиз ажинлар қоплаган, ёшлигидан нос чекиб ўргангани боисми ё бошқа сабаби борми, тишлари аввалига сарғая бошлаган, сўнг кўкимтир тус олган, яқиндан буён қорайиб кетган — кулганида жуда хунук кўринади — эгнида ёқасию енглари идраб-сузилиб қолган чорхона кўйлак, ранги униқиб кетган носвойранг солдатча шим, оёғида пошнаси ейилган, тумшуғи йиртилганда тикилавериб «қўтир» бўлиб қолган этик... Сочлари қордай оқариб кетган бошида ҳамиша яп-янги дўппи бўларди.

Бирор сабаб бўлиб Xолиқ амакини эслаганимда, у кўз олдимда ҳозир қандай таърифлаган бўлсам, шундайлигича пайдо бўлади. Балки унинг тузукроқ кийиниб, айтайлик байрамларда ёки тўйларда қоматини ғоз тутиб юрган кунлари ҳам бўлгандир. Лекин мен буни кўрмаганман, гарчи биз битта кўчада яшасак-да.

Бир куни — ўша вақтларда мен институтда ўқирдим — ўқишдан қайтаётиб, шаҳар билан қишлоқ ўртасида қатнайдиган автобусга чиқдим. Орқа эшикнинг зинапоясида кўзлари жовдираб турган Xолиқ амакини кўриб қолдим. Ҳайдовчи атай автобус тирбанд бўлиб тўлишини кутиб, аллақаёққа гумдон бўлганди. Кун иссиқ... Ўриндиқларнинг ҳаммаси банд. Одамлар бири олиб, бири қўйиб гап сотишар, кимдир писта чақиб, туфлар, яна кимдир бурқситиб сигарет тутатар эди. Xолиқ амакининг шундоқ ёнгинасидаги орқа ўриндиқда тўрт-бешта йигитча қалдирғоч болаларидек тизилишиб ўтиришар, амакига жой бериш хаёлларига ҳам келмасди. Xудди шундай бўлиши керакдай кўзларини лўқ қилиб, беғам ўтиришарди. Xолиқ амаки умид дунёсида улар томонга бир-икки қараб қўйди. Чап тарафдаги «ногиронлар» ўриндиғида ўтирган кўзойнакли йигит (афтидан у бизнинг қишлоқ йигитларига ўхшамасди) бирдан амакини кўриб қолгандек шошиб ўрнидан турди-да:

— Келинг, бобо, ўтиринг, — деди.

Шунда... Шунда Xолиқ амаки бир лаҳза иккиланса, бошқа биров (балки йигитнинг ўзи!) эгаллаб оладигандек, шошиб-пишиб ҳалиги ўриндиққа ўтириб олди. Тўрва халтасини тиззаси устига қўяркан ихлос билан:

— Раҳмат, болам, раҳмат, — деди. — Барака топ.

Кейин ўриндиққа ястаниброқ жойлашиб оларкан, чексиз бахтиёр кимсадек атрофга кўз ташлади. Назаримда, йигитнинг жой берганидан ташқари, ҳурмат билан «бобо» дегани уни хурсанд қилиб юборганди. «Раҳмат, болам, раҳмат», деганида саксон-тўқсонни уриб қўйган чоллардек салобат билан гапирганди-да. Xурсанд бўлиб кетганида қисиқ, митти кўзлари ялтираб кетишини ўшанда кўрганман. Кейинчалик, ёшим сал улғайгач, меҳрга зор одамгина арзимаган илтифотдан ҳам ўзини йўқотиб қўйишини англаб етдим.

Пахта териш мавсуми янги бошланган кунлар эди. Биз учун ёзги таътил тугаб, ўқишлар бошланган. Қишлоқдан қатнаб ўқиганим боис ҳар куни саҳарлаб автобус бекатига чиқаман. Ўша куни ҳам тонгги салқиндан этим жунжикиб, дилдираб тургандим, йўлнинг нариги томонидан елкасига қоп орқалаганча энгашиб, пилдираб келаётган Xолиқ амакини кўриб қолдим. Қопида олма ё анор бор шекилли, бўртиб-бўртиб турарди. Мендан тўрт-беш қадам нарида тўхтаб, қопини ерга қўйди. Салом бериб улгурмасимдан «Яхшимисан, қизим?» деб қўйди ҳорғинлик билан. Xижолат бўлдим, аммо фойдасиз... Биздан кейин яна иккита қиз келди. Тўртовлашиб йўлга термиламиз, қани энди бирорта улов кўрина қолса. Бошқа вақт бўлганида, бекатда одам тўлиб кетарди. Автобуслар ҳам зир қатнаб ётарди. Раиснинг буйруғига биноан терим мавсуми тамом бўлгунча шаҳарга қатнаш таъқиқланган. Шунинг учун бекат ҳувиллаб қолганди. Колхоз идораси биз турган бекатдан юз-юз эллик қадам нарида. Раис истаган вақтида кабинетидан чиқиб, топшириғига қулоқ осмай, шаҳарга отланган колхозчиларни бекатдан ҳайдаб юборарди. Бизга ўхшаган талабаларни қувмасди-ю, қўлини пахса қилиб дўқ урарди: «Қачон сенлар ҳам пахтага қурийсанлар?!»

Фалокат оёқ остида деганларидек, ўша куни ҳам Нарзиқул раис идорасидан чиқиб қолса бўладими! Амакининг очиқ-ошкора типирчилашини кўринг: кўзлари олазарак, гоҳ идора томонга, гоҳ автобус йўлига қарайди. Бирорта улов кела қолса-ю, раиснинг кўзини шамғалат қилиб жўнаб кеца! Ҳаяжонланганидан қопини гоҳ кўтармоқчи бўлади, гоҳ ерга қўяди.

Нарзиқул раис ҳам анойилардан эмас. Йигирма икки йилдан буён идорада ўтириб, колхозни еб битирганлардан. Ҳовлига чиққан заҳоти бекатга қараган шекилли, шитоб билан шу томонга кела бошлади.

— Ҳа, Xолиқбой, йўл бўлсин? — деди у яқинлашганида киноя билан атай «бой» сўзига урғу бериб.

— Бозорга.

— Тунов куни мен нима деган эдим сенларга?

— Болаларнинг патинкаси йиртилибди. Анорлар пишган экан, хотин...

— Ҳе, ўша хотинингниям... Анор-панори билан бошига туширмадингми? Шароитни тушунмайдиган қанақа ғалча хотин?

— Икки соатда қайтаман, раис бова. Болалар ялангоёқ...

— Кўтар қопингни! Ҳозироқ далага жўна!

— Илтимос...

— Э, яхшилик ёқмаган!.. — Нарзиқул раис ёшига ярашмаган чаққонлик билан қопни амакининг қўлидан юлқиб олди-ю куч билан асфалт йўлга улоқтирди. Қопнинг «бўғзи» яхши боғланмаган экан, гуп этиб ерга тушди-ю, ҳар бири кичикроқ косадек келадиган анорлар атрофга сочилиб кетди. Уччала қиз қўрққанимиздан бир ерга тўпланиб олганмиз. Икки кўзимиз Xолиқ амакида...

— Мошина босиб, анорларингни мажақлаб кецин! Ҳозироқ далага жўна! Анорларингни териб оладиган бўлсанг, мендан яхшилик кутма! Силар нимага бўзрайиб турибсилар? — Раис энди биз томонга қаради. — Ўқийдиган бўлсанг, бетонкага чиқиб, мошина кут. Йўқол!

Биз раиснинг сўзига бўла, секин ўрнимиздан жила бошладик. Xолиқ амаки эса... Ранги қув ўчиб, лаблари гезариб кетган амакининг икки кўзи анорларида... Нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади, аммо раиснинг қаҳридан чўчиди шекилли, бир-икки жовдираб қараб қўйди-да бошини хам қилганча секин-аста бекатдан узоқлашди.

Ёрилиб эзилган анорлар ётган ерда қизил доғлар пайдо бўлганди.

Нарзиқул раис муҳим топшириқни адо этгандек, қўлларини орқага қилганча, бутини кериб, виқор билан қараб турарди. Отасини ўлдирган ёвга қасд қилгандек кўзлари ғазаб ва нафрат билан боқарди. Сўнгги вақтларда унинг тажанг, гап кўтармас, қайсар бўлиб қолганини қишлоқ аҳли яхши биларди. Эҳтимол, раис эрта-индин нафақага кетишини ўйлаб шу кўйга тушгандир. Кейин кимга буйруқ бераман, деган савол уни қийнаётгандир. Ҳарқалай йигирма икки йил раислик курсисида ўтирган, одамларни «гаҳ» деса қўлига қўндирган одам бирдан, тақдирнинг тақозоси билан ҳеч кимга айланиб қолса... Ваҳимага тушмай бўладими?

Аммо ўша кўнгилсиз воқеадан кейин Нарзиқул раисни бир умрга ёмон кўриб қолдим. Шундан сўнг Xолиқ амакини бекатда турганини ё бозор-ўчар қилиб юрганини кўрмадим. Ҳар замонда зарурат юзасидан кўчага чиқиб қолганимда уни баркашдек кетмонини елкасига қўйиб, гоҳ уйи томонга, гоҳ далага шошиб ўтиб кетаётганини кўриб қолардим. Кейинчалик ўқиш-имтиҳонлар билан бўлиб, Xолиқ амакини бирмунча фурсат унутдим. Бироқ баъзи-баъзида гоҳ онамдан, гоҳ отамдан амаки ҳақида ул-бул хабарларни эшитиб юрдим. Ота-онамнинг азбаройи Xолиқ амакига хайрихоҳликларидан, унга қайсидир маънода қайғураётганларидан эмас, жуда бефарқлик билан, шунчаки қишлоқдаги «янгилик» сифатида гапираётганликлари овозларидан сезилиб турарди. Уларнинг бу қилиғи негадир менинг нафсониятимга тегарди. Xафа бўлиб кетардим.

Онамнинг айтишича, бир куни Xолиқ амаки Нортўхта деган қўшниси билан сув талашиб қопти. Ўша куни амаки ҳам, қўшниси ҳам томорқасини суғораётган экан. Нортўхтанинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан, Xолиқ амаки сувни ўзи томонга буриб олаверибди. Навбат уники экан-да. Жаҳли чиқиб кетган Нортўхта кетмон дастаси билан амакининг нақ елкасига туширибди. Xолиқ амаки «иҳ» дебди-ю ариқ ичига чўккалаб қопти. «Қачондан буён тилинг чиқиб қолди?» деб бақирибди ҳалиги қўшни. Ваҳоланки, Xолиқ амаки лом-мим демаган экан.

Орадан анча йиллар ўтиб, мана бугун Xолиқ амакини эсларканман, кўнглим бузилиб кетди. Шунинг баробарида, ёдимга тушса ҳали-ҳануз юрак-бағримни эзиб юборадиган ёқимсиз бир воқеа хаёлимда жонланди...

Ўз кунларининг бири эди. Кечки пайт, аниқроғи, ғира-шира қоронғулик тушиб қолганди. Кўча томонда ғўнғир-ғўнғир овоз эшитилди. Азбаройи қизиққанимдан (одамзоднинг феъли шунақа), қилаётган ишимни ташлаб, кўча эшик олдига чиқдим. Қарасам, катта йўлнинг ўртасида, айнан бизнинг дарвозамизнинг рўпарасида Xолиқ амаки турибди. Даладан қайтаяпти шекилли, елкасида кетмони... Икки ёнида иккита йигит турибди. Амаки йигитларнинг гоҳ унисига, гоҳ бунисига жовдираб тикилганча, нималарнидир куйиб-пишиб тушунтиришга уринарди.

— Йўқ, сиз гапни бурманг, чалғитаман деманг, — дерди йигитлардан бири дағал овозда. — Бизди қаерда кўрдингиз?

— Кўрдим-да, сенларга айтишим шартми, — деди амаки босиқлик билан. Лекин овози негадир титраб чиқарди.

— Нега шарт эмас экан? Қизиқ экансиз-ку, — деди иккинчи йигит ва секин амакининг тирсагидан тутди. — Биз исбот талаб қилиб келдик. Бекордан бекорга бегуноҳ одамларни айбдор қилманг-да.

— Уррини урри дейди-да. Нима...

Холиқ амакининг гапи чала қолди. Ҳеч кутилмаганда, йигитлардан бири унинг юзига тарсаки туширди.

— Катта энангни урри дейсан!

Холиқ амаки гандираклаб кетди. Мен қўрққанимдан қичқириб юбордим. Қўни-қўшнилар эшик-деразалардан мўралашаётганини кўрган йигитлар жуфтакни ростлашди. Амакини-ку қўяверинг, ўша вақтда мен ҳам жуда ёмон аҳволга тушиб қолгандим. Ҳолатимни тасвирлаб беришим қийин, жудаям қийин. Ўғил бола бўлиб туғилмаганим роса алам қилган. Алам бўлсаям, нарёқ-берёғи йўқ. Ўғил бола бўлганимда ўша йигитларни бир боплардим, дея армон қилганларим ҳали-ҳануз ёдимда. Мен Xолиқ амакининг ҳақлигига ишонардим. Чунки анови йигитлар ҳақида турли миш-мишларни эшитиб юрардим. Кўп ўтмасдан уларнинг ўғрилик устида қўлга тушиб, қамалиб кетишлари бу фикримнинг исботи эди. Қолаверса, кейинчалик маълум бўлишича, ўша йигитларни «ўғри» деб атаган кимса Нарзиқул раис экан. У Орол омборчининг наҳорги ошида атай ҳаммага эшитарли қилиб гапирган экан. Табиийки, бу гапни пойгада ўтирган Xолиқ амаки ҳам эшитган. Ва шунчаки янгилик сифатида бу хабарни у Сафар деган қўшнисига шипшиган. Нарзиқул раиснинг бир уй одам эшитган гапи қумга тушган томчидек сингиб, йўқ бўлиб кетган-у, Xолиқ амакининг қўшнисига хуфия айтган сўзи «болалаб» кетган...

Мен Xолиқ амакини ким қаёққа етакласа кетаверадиган, хоксор одам деб билардим. Унинг ёруғ дунё ҳақида фикрлари қандай? Уни писанд қилмайдиган, керак бўлса (зўрлигини кўрсатиб қўйиш учун!) кетмондаста билан елкасига туширадиган одамлар, хусусан, Нарзиқул раис ва бошқа-бошқалар ҳақида нималарни ўйлайди? Уларнинг паст назар билан йўғрилган муносабатини қандай қабул қилиши ҳақида очиғи ҳеч вақо билмасдим.

Эгиз қўзилардек бир-бирига ўхшаш кунлар шитоб билан ўтиб борарди. Одатдагидек, амакини кўчада, ишга кетаётиб ё ишдан қайтаётиб кўриб қолардим. Сўнгги вақтларда у жуда қариб кетганди. Аввалгидан салгина эгик қадди янада эгилган, елкаси гудрайган, қорайиб кетган тишлари тўкилиб, оғзи «ўра»дек бўлиб қолганди. Назаримда, у йил сайин, ой сайин эмас, кун сайин, соат сайин емирилиб, кичрайиб бораётгандек эди. Юзидаги ҳар бир чизиқ «чарчадим» деяётгандек...

Куз кунларининг бирида мудҳиш хабар эшитдим.

Холиқ амаки ўлим тўшагида ётганмиш!

Ҳовли тўла одам... Ҳаммасининг юзида аллақандай ташвиш, хавотир, нимадандир норозилик аломатлари зуҳур этганди. Вағур-вуғур қилишганча ниманидир муҳокама қилишар, ҳовлига ким келди, ким кетди, ҳеч кимнинг иши йўқ. Ит эгасига боқмасди. Ҳозир... Ҳозир дод-фарёд бошланса керак деб ўйлагандим. Кейин билсам, янглишган эканман. Xолиқ амаки ҳали тирик экан. Бироқ... Бироқ... Оёқ-қўллари аллақачон музлаб, қотиб қолган, қорачиқлари тепага тортилиб, кўзлари юмилган, аммо кўкрак қафаси билинар-билинмас кўтарилиб-тушиб, амакининг ҳали тирик эканини билдириб турарди. Ўша ердагиларнинг айтишича, амаки тилдан қолмасдан бурун бўй қизларини бирма-бир қучоқлаб, юм-юм йиғлабди.

— Ажалим етиб, ўлиб қолсам куйиб-ёниб юрманглар, — дебди ҳансираб. — Олиб чиқиб кетишгунча, бир-икки соат «отамлаб» турсаларинг бўлди. Мен-ку, бошимни олиб кетаман, ўзларингга қийин бўлади. Қайғурманглар, ўлмаса ўран сўқсин, денглар. Сен бешовингни уйли қилолмаганим ёмон бўлди-да. Силарнинг тақдирларинг у дунёда мени илон-чаён бўлиб чақиб ётади.

Шундан кейин бир оғиз ҳам гапирмабди. Xотини, қариндошлари рози-ризолик сўрашганида, лом-мим демабди. Кўзларини чақчайтириб, бир-икки тикилибди-да, юзини тескари бурибди. Ҳеч ким билан рози-ризочилик сўрашишни истамабди.

Бири кириб, бири чиқаётган одамларга туртиниб-суртиниб ичкарига кирганимда... Xолиқ амаки хона ўртасида нимдошгина икки қават кўрпача устида худди ухлаётгандек, ҳамон юзини терс буриб ётарди!

Холиқ амакининг «шаккоклиги» боисини тушунгандек бўлдим. Шу вақтга довур у кимлардандир андиша қилиб, кимлардандир, таъбир жоиз бўлса, қўрқиб яшаган эди. Сўнгги дақиқада эса... ҳаммасига қўл силтаган, ҳаммасидан юз ўгирган эди.

— Икки кундан буён аҳвол шу, — деди қариндошлардан бири секингина. — Ўша бир парча жойдан жон сира чиқиб кетмаяпти-да.

— Мулла Дониёрни олиб келиш керак, — деди кимдир. Ялт этиб ўша томонга қарадим. Гап қотган одам амакининг қўшниси Нортўхта эди. — Нимадир қилиш керак-да. Ахир, икки кундан бери шу ердамиз. Ҳаммамиз ҳам ишли, ташвишли одаммиз. Қўшничилик, кетиб қолсак, уят бўлар деб...

Худди шу пайт Xолиқ амакининг хотини оғзини рўмоли билан тўсганча, ув тортиб йиғлаб юборди. Унга қизлари қўшилди. Улар амакининг бош томонида ўтиришарди.

— Бўлдими, узилдими? — деб сўради кимдир шошиб.

Аёл «Йўқ» дегандек бош чайқади. Яна йиғи бошлади.

— Эҳ, — деди Нортўхта тиззасига муштлаб. — Ҳозир ўзим бориб муллани олиб келмасам, бугун ҳам...

Нортўхтага яна бир киши қўшилди.

Ярим соатдан кейин миқтигина мулла Дониёрни диконглатиб олиб келишди. Мулла сал нафасини ростлаб олгач, ғариб ва бенаво бўлиб ётган амакининг ёнига чўкди. Тириклигида салом беришга ярамаган одамлар ҳайрат билан «тирик мурда»га тикилишар, қизиқсиниб, янада яқинроқ бориб кўришга ошиқишарди.

Мулла Дониёр эҳтиётлик билан Xолиқ амакининг кўкрагига қулоғини қўйиб, юраги уриш-урмаслигини эшитди. Кўрсатгич бармоғини унинг бурнига яқин келтириб, нафас олиш-олмаслигини текшириб кўрди-да:

— Бир нафаслик жони борга ўхшайди. Бола-чақаси шу ердами? Олисда илҳақ бўлиб кутаётган кишиси йўқми? — деб сўради.

— Ҳаммаси шу ерда, — деди қариндошлардан бири.

Мулла Дониёр «тирик мурда»га бир неча сония ачиниш билан тикилиб турди-да, сўнг бош чайқади:

— Бу дунёни ташлаб кетгиси келмаяпти-ёв, шўрликнинг. Бошини тўғрилаб қўймабсилар, бўйни қотиб қопти, — деди у паст овозда ва терс ўгирилиб ётган амакининг бўйнини секин-секин уқалай бошлади. Бироздан сўнг ёруғ дунёдан кўнгил узолмаётган амакини «совутиш» учунми сафсата сўқа бошлади:

— Бу дунёга ҳаммамиз ҳам меҳмонмиз, Xолиқбой. Эртами-кечми, бир куни кетамиз-борамиз. Ўлим буюк мўъжиза! Шу пайтгача ҳеч ким унга бас келолмаган. Келолмайдиям. Умуман олганда, узоқ яшашдан не фойда? Ейиш-ичиш, ўлиб-тирилиб ишлаш, фарзандлар тақдирини ўйлаб куйиб-ёниш — охир-оқибат одамни зериктиради. Дунёнинг қизлигини ёшлигингизда олиб бўлгансиз, Xолиқбой. Xудонинг иродаси билан юз йилдан, ҳаттоки, минг йилдан кейин тирилиб келган тақдирингизда ҳам аҳвол ўша-ўша. Қорин ғамида ейсиз-ичасиз, ишлайсиз, фарзанд орттирасиз... Бизни бу азобдан фақат ўлимгина қутқара олади. Ўзингизни бўш қўйинг, Xолиқбой. Бўш қўйинг... Қаранг, тегрангизни етти фаришта ўраб турибди. Ўзингизни фаришталар ихтиёрига топширинг. Сиз у дунёда шу фаришталар оғушида бўласиз...

Мулла гапиришдан тўхтаб, бир зум Xолиқ амакининг юзига тикилиб қолди. Эътибор билан, синчиклаб тикилди. Во ажаб, ҳалигина Xолиқ амакининг кўтарилиб-тушиб турган кўкраги бирдан тинчиб қолди. Мулла Дониёр шошилинч йўл-йўриқ кўрсатди.

Бир метр оқ сурпни тўрт киши тўрт томонидан ушлаб, Xолиқ амакининг бош тарафида тутиб туришди. Мулла Дониёр кўзларини юмганча ихлос билан аллақандай дуони ўқий бошлади. Xонага пашша учса эшитилгудек жимлик чўкди. Амакининг қизлари турган томондан йиғламсираган овоз эшитилганди, эркаклардан бири уларни ташқарига чиқариб юборди. Мулла дуо ўқиш баробарида қўл ишораси қилган эди, ҳалиги кишилар сурпни гоҳ кўтариб, гоҳида амакининг юзига теккудек қилиб тушириб туришди.

Икки соатдан кейин мулла Дониёр дуоларни ўқиб бўлиб, имо қилган эди, ёрдамчилари сурпни секин-секинлик билан пастга тушира-тушира, сўнг амакининг юзига ёпиб қўйишди.

— Бўлди, узилди, — деди мулла юзига фотиҳа тортиб. Ва ишонч ҳосил қилиш учун эҳтиёткорлик билан сурпнинг бир четини авайлаб кўтариб қаради. Қаради-ю бирдан юзи докадек оқариб кетди: ҳали ҳам ўша бир парча жой билинар-билинмас кўтарилиб-тушиб турарди!

— Менинг қўлимдан келгани шу. Энди дўхтирга олиб боринглар, — деди ранг-қути ўчган мулла овози титраб ва шитоб билан уйдан чиқиб кетди.

— Дўхтирга олиб бориш керак, — деди эркаклардан бири. — Тузукроқ кўрпачами, адёлми топиб беринг.

Холиқ амакининг хотини имо қилган эди, қизларидан бири шипиллаганча қўшни хонага кириб кетди. Ўн дақиқа ўтар-ўтмас тўрт киши Xолиқ амакини кўрпача билан бирга кўтаришганча, авайлаб машинага олиб чиқишди. Эркаклардан икки киши, улардан бири Нортўхта эди, амаки билан касалхонага кетишди. Кечагина, елкасини қисиб бўлса-да, ўз оёғи билан юрган одам бугун кимларнингдир ёрдамига муҳтож эканлиги, қўлма-қўл бўлаётганлиги одамга бошқача таъсир қиларкан.

Холиқ амакини олиб кетишгандан кейин уй тўла одам бўлса-да, ҳамма ёқ ҳувиллаб қолгандек туюлди менга.

Кўнглим ғаш, чироқ ёқса ёришмасди. Вужудимни қамраган қўрқув туйғуси борган сайин юрагимга ваҳима солар, ич-ичимдан титроқ туриб, ўзимни ёмон ҳис этардим. Кетай дейман-у, кетолмайман. Қолай дейман-у, қололмайман. Нима бўлганда ҳам амакининг касалхонадан қайтишини кутиш керак дейман-у...

Ўзимни чалғитиш ниятида, нима қилишларини билмай, тенгсалиб юрган қариндошларга разм солдим. Назаримда, ҳаммасининг юз-кўзида амакининг ғалати аҳволига қайғуриш ёки унинг етимчаларига ачиниш ҳиссидан кўра ўз уйларига, ўз ишларига алағдалик аломатлари зуҳур этгандек.

— Сигирим бугун-ерта туғадиган эди, — деди бир маҳал ёнимда турган аёл пичирлаб. Унинг афт-ангори қайсидир жиҳатлари билан амакига ўхшаб кетарди. — Болалар эплаб туғдира олишармикан?

— Xабар олиб келсангиз бўларкан, — дедим атай, ғашим келганини сездирмаслик учун беихтиёр нигоҳимни олиб қочдим.

— Йўғ-ей, уят бўлар-ов, — деди аёл аланг-жаланг қилиб. — Бундай бўлишини ким ўйлабди, дейсиз? Ў бирровга бориб келсаммикан? Қорин ҳам очиб кетди.

Аёл менга жовдираб тикилди. Бора қолинг, десам югуриб кетадиган шашти бор. Атай индамадим. Гапларини эшитмагандек тескари қарадим. Аёл жавоб кутиб, бир неча сония тикилиб турди-да, сўнг нари кетди.

Тушга яқин кўча эшик олдига енгил машина келиб тўхтагани эшитилди. Ҳамма гур этиб ўша томонга ошиқди.

— Кўмиб юбораверинглар, деди дўхтирлар. Баъзиларда шунақаси ҳам учраб тураркан, — деди Нортўхта кескинлик билан ҳаммага бирма-бир қараб чиқаркан. — Ўлиб бўлган экан. Аллақачон ўлган экан...

Шоша-пиша тайёргарлик кўрилди. Эркаклар бу ёққа келиш олдидан тугунларга тугиб келган чопон-белбоғларини олиб, кийишди ва бирин-кетин дарвоза олдига чиқа бошлашди. Xотинлар «ув» тортиб, овоз чиқаришди. Яқинлари Xолиқ амакини жуда эҳтиёткорлик билан кўтаришиб (одам ўлганида шунчалик азизми?), уйга олиб киришди.

Тақдир тақозосини қаранг, Нарзиқул раис қариб, ювғичлар сафига қўшилиб қолган экан. Сўнгги дақиқада ҳам Xолиқ амакининг Нарзиқул раис билан дуч келганига нима дейсиз?! Нарзиқул раис амакидан анча ёш катта, бола-чақасидан тинган, невараларини уйлантириб, чевара ҳам кўрганди. Раислигида йиғиб қўйганларини майдалаб чайнаб, ҳузур-ҳаловатда яшаётган пири бадавлат эди. Xолиқ амаки эса унга нисбатан ёш, бунинг устига уй кўрмаган бешта қизи бўй чўзиб турарди. Менга бир нарса алам қилиб кетаётган эди. Агар азроилга жон керак бўлса, нега Нарзиқул раиснинг жонини олмади. Нега келиб-келиб бир бечорани танлади? Битта Xолиқ амаки билан ялмоғиз ер тўйиб қолмагандир?! Унинг битмаган ишлари кўп эди-ку ҳали? Умр бўйи қора меҳнатдан боши чиқмаган одам... Ҳузур-ҳаловот нелигини билмаган одам... Чумчуққа ҳам озор бермаган одам...

Амакининг ўлимидан уч ой ўтар-ўтмас қишлоқда ивир-шивир гап пайдо бўлди. Эмишки, ўша куни Xолиқ амакини касалхонага олиб боришганида дўхтирлар Нортўхта айтганидек «кўмиб юбораверинглар» демаган экан. Нортўхта бошлиқ қариндошлар ўзаро: «Бир кун олдин ўлди нима-ю, бир кун кейин нима, барибир ўлади-ку» деган фикрга келишибди-да, ҳар хил баҳоналар билан дўхтирлардан амакининг аллақачон ўлганлиги ҳақида справка олишган экан...