OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗулфия Қуролбой қизи
Асар номиЁзсиз йил (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Зулфия Қуролбой қизи
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм114KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ёзсиз йил (ҳикоя)
Зулфия Қуролбой қизи

Шамолдай елиб юрган кичик ўғил ногаҳон юз берган автоҳалокат туфайли яримжон, майиб бўлиб қолиши Бувгул холани қаттиқ ларзага солди. «Eнди нима бўлади? Болам бир умр ёлғиз ўтадими?» — деган ўйлар хонумонини куйдирарди, албатта, аммо ўғлининг чивиндай жони қил устида турган кезларда бу ўйлар хаёлидан кўтарилиб, мутлақо аҳамиятсиз бўлиб қоларди.

Автоҳалокатни содир этган кимса Маҳкамбой левак қилмишига яраша жазосини олди: судланди, қамалди. Ўн йиллик муддатни икки йилда ўтаб келди. Бувгул холанинг оғриқ ва алами ичида эди, Маҳкамбой левак кўчадан КамАЗини гувиллатиб ўтганида онанинг юраги зувиллаб кетарди, очиғи Маҳкамбой левакнинг ўлими ўғлига саломатлик бахш этса, у ҳеч иккиланмасдан бу нокасни ўлдирган бўларди, афсуски... бу бефойда. Шундай экан, чидашдан бошқа илож йўқ. Ахир азоб ва изтироблар учун ҳеч ким жавоб бермайди...

Сиртдан қараганда, Собирнинг қўл-оёғи бутун, бир ери тилинмаган-шилинмаган, аммо унинг ички аъзолари қаттиқ лат еганди: жигар қисман эзилган, битта буйрак ишдан чиққан, иккинчиси яримжон, пешоб чиқариш учун Собирнинг биқинида ҳар доим махсус найча ва банка осилиб турарди. Эркаклигидан айрилгани эса ҳаммасидан ўтиб тушди. Собир энди ўртоқлари билан кўча-кўйда тепкилашиб юра олмас, даладан хуржун-хуржун ўт юлиб келолмасди, ўзини авайлашга мажбур эди. Бола экан, онасининг барча талабларига бўйин эгарди. Бироқ она-бола қанча эҳтиёт бўлишмасин, қишнинг совуқ кунлари ўз таъсирини ўтказмай қўймасди. Собирнинг иситмаси кўтарилиб кетарди.

Яна касалхона.

Ҳафта-ўн кун, гоҳида ойлаб ётишга тўғри келарди шифохонада...

Бувгул холанинг тўнғичи Маматқул уйланган, икки фарзанднинг отаси, олахуржун бошига тушгандан кейин бева онасининг аҳволини тушуниб, қанотига кирган, рўзғорнинг барча оғирликларини бўйнига олганди, аммо укасининг инжиқликларига сира тоқат қила олмасди. Чунки улғайгани сари Собир тез-тез асабийлашадиган, хурмача қилиқлар чиқарадиган бўлиб қолганди. Бирор егуликни ейиш мумкин эмасми, — Собир, албатта нарсани ерди! Бажариши мумкин эмасми, — Собир, албатта, шу ишга ёпишарди! Кейин ичбуруғ бўлиб, ҳамма ёқни булғаб қўярди, ё кўтарам бўлиб ётиб қоларди. Бунинг азобини ўзи ва Бувгул хола тортарди.

Касалхонага тез-тез тушавергандан кейин дўхтирлар ҳам таниш бўлиб қоларкан. Улардан бири кунларнинг бирида Бувгул холани кабинетига чақириб, очиқчасига: «Агар ўғлингизни ниҳоятда эҳтиёт қилиб парваришламасангиз, яна икки йил яшаши мумкин», деб айтди. Эсхонаси чиққан Бувгул хола бу гапга ишонч ҳосил қилиш учун бошқа дўхтирдан тўғрисини айтишни сўраганди, у бу «муддат»ни яна ярим йилга қисқартирди ва охирида маслаҳат беришни ҳам унутмади: «Так, что, ҳозирдан бунга ўзингизни кўниктиринг ва кўпам ўзингизни уринтириб қўйманг, онахон, сиз ҳали бошқа фарзандларингизга ҳам кераксиз!»

Бу гаплардан Бувгул хола карахт бўлиб қолди. Мияси фалаж бўлгандек ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмади, ҳатто қайғуриш ёки тушкунлик ҳиссини ҳам туймади, фақат... палатага қайтиб, ўғлига кўзи тушгандан кейингина бирдан руҳияти ўзгарди. Дўхтирларга ишонмади. Мана ўғли, умид тўла кўзларини онасига тикиб турибди.
— Мен яхшиман, эна. Энди уйга кетамизми?

Бир неча дақиқа ичида Бувгул холанинг юрагини еб битираёзган даҳшатли хавотир тарқади-кетди. Токи ўғлининг кўзлари чақнаб боқаркан, ҳали нимадандир умид қилса бўлади, бундан ортиқ нима керак?

* * *

Вақт ўтиб борарди. Eнг улкан қўрқув қаршисида қалтираб-титраб турган хавотирли икки йил ҳам эсон-омон ўтди.

Собирнинг соғлигида айтарли ўзгариш йўқ, умри ҳар доимгидай уй-касалхона маршрути бўйича ўтарди. Об-ҳаво қуруқ ва иссиқ келган йили унинг куни туғарди, ўзини анча бардам сезарди. Бувгул хола бундан хурсанд, ўғлининг кундан-кун чўзилиб бораётган бўйига қараб кўзи қувнарди.

Кунларнинг бирида Собир тонг саҳардан қаёққадир чиқиб кетди. Бувгул хола анчадан буён ўғлининг ўзгариб қолганини сезарди, Собирнинг қадам олишини зимдан кузатарди, аммо ўша куни унинг қаёққа кетганидан бехабар қолганди.

Тушгача йўл қараб, хавотирдан юраги ёрилгудай бўлган она охири сабри чидамай тўнғичи Маматқулнинг уйига югурди. Ўтган йили Маматқул хотини Ҳанифа билан гап талашиб қолгани учун Собирнинг юзига тарсаки туширганини кечира олмаган Бувгул хола уни бола-чақаси билан чала битган иморатга кўчириб юборганди. Шундан бери Маматқулнинг гинаси ичида, онаси билан очилиб гаплашмайди.

Ўша куни ҳам онаси билан гаплашганида қовоғини очмади, аксинча:
— Ҳеч иш қилмасангиз ҳам улингизнинг кетидан пойлаб юринг, дегандим-ку, — дея ақл ўргатди у. — Ким билади, боши оғиб, қаёқларга улоқиб кетдийкин? Кўнглига қарайвериб, болани бесоат қилиб қўйдингиз, эна!
— Пашшахона ичида Машрабгина ухлаб ётувди. Сигирни подага қўшиб келганимча қаёққадир ғойиб бўлибди... — тушунтира бошлади Бувгул хола, аммо Маматқул онасининг гапларини охиригача эшитмади:
— Қачон қарасам, поданинг кетидан югуриб юрасиз, шу ишларни қўйинг энди, эна! Улингизниям ишга солинг-да, йигирмадан ошди ахир.
— Укангнинг йигирмадан ошганига хурсандман. Бошқа нарсани ўйламайман...
— Девдай жинни битта сигирминан-новвосни эплаб боқолмайдими, эна?!

Ўғлининг сўзлари онанинг ҳамиятига тегди, юзи ўзгарди.
— Битта сигирмас, ўнта сигир бўлсаям Собиржон эплайди. Сенга ўхшаб чала-чулпа иш қилмайди у! Лекин ўзим уни авайлайман. Ўзи яримжон бола бўлса... Ўз гавдасини ўзи кўтариб юрганига ҳам шукр қиламан! Энди тушундингми?!
— Ҳўкиздай йигитни авайлайман, деб, ўзингиз йиқилиб қолманг, дейман-да, эна. Менинг рўзғорим бўлак бўлса, кунда аҳволингиздан хабар ололмасам.
— Ҳўкиздай йигит дейсан... Унинг қуруқ гавдаси бор. Қиш оқшомлари инқиллаб чиқади, бир ерлари оғрийди...

Қайтамиз энди... Худонинг иши! Лекин тўғрисини айтсам, эна, сиз барибир нотўғри қиляпсиз. Болани авайламасдан ишминан андармон қилиб ташлашингиз керак. Шунда ҳуда-беҳудага кўчага югуравермайди!
— Тўқсонта гапни олдимга тўнқайтиргандан кўра, сенминан ишим йўқ, эна, қандай кунингни кўрсанг кўравер, де, қўй! — Бувгул хола жаҳл билан изига қайтди.
— Оббо, — ғудранди Маматқул. — Бир марта сал қаттиқроқ гапириб қўйсам, дарров аразлаб қолади энам!

Бувгул хола тўнғич ўғлининг кўнглини ғаш қилиб қўйганини сезди, лекин ортига бурилмади, оғир меҳнатни кўп қилганиданми, олтмишга кирмай дол бўлган қаддини эгган кўйи, қўлларини белида чалиштирганча уйи томон йўртаркан, йўл-йўлакай учраганлардан ўғлини кўрган-кўрмаганини сўрарди. Аксига олгандай, на йўловчилардан, на қўни-қўшнилардан Собирга кўзи тушган одам топилмади.

«Бир оғиз айтмасдан қаёққа кетиб қолдийкин? — ўйлади она қўли ишга бормай кўча эшик олдидаги супачада ўтирганча йўлга кўз тутаркан. — Жўралари ўн беш ёшдан қизларминан етаклашиб юришларини билсаям бунинг парвойига келмасди. Қайлиғини тўйдан олдин бўғоз қилиб қўйган жўрасига куёвнавкар бўлганидан кейин бирдан ўзгариб қолганини сезувдим. Битта-яримта қизминан танишиб қолиб, шунинг кетидан ҳид олиб кетдингми? Оҳ, болам-а!..» Бувгул холанинг кўз олдини хира парда қоплади.

* * *

— Қаёқларда тентираб юрдинг шу вақтгача?! — намозшомда ерга қараганча ҳовлига кириб келган укасини сиқувга олди Маматқул. — Мени ўйламасанг, энамни ўйласанг бўлмайдими? Юраги ёрилиб, ўлиб қолай деди-ку энам! — Қаерда юрганим билан нима ишингиз бор? — қўрс жавоб берди Собир.
— Ия, бу нима деганинг? — ажабланди Маматқул қулоқларига ишонмай. — Сен бола ўйлаб гапиряпсанми ўзи?
— Нега ҳадеб тергайверасиз? Ёш бола эмасман ахир!
— Энам сени деб...
— Энангиз борлиги шунақа вақтларда эсингизга тушадими?!
— Ҳов бола! — Маматқул укасининг ёқасига чанг солди.
— Нимага унинг ёқасига ёпишасан?! — Бувгул хола ўртага тушиб, тўнғичига қараб қичқирди. — Собирга қўлингни теккизгунча, мени бурдалаб ташла!
— Эна... гапларини эшитдингизми? Мени зиғирчаям ҳурмат қилмайди бунингиз!..
— Собир сени ҳурмат қилади, лекин сен буни тушунмайсан! — Бувгул хола тўнғич ўғлини силтаб юборди.

Пайтдан фойдаланган Собир уйга ўзини урди. Эшикни ичкаридан қулфлади.
— Тарафини олганингиз сайин бунингиз ҳаддидан ошиб кетяпти! — деди Маматқул бақириб. — Сиқувга олиб, пича танобини тортиб қўяй десам, нега унинг кўнглига қарайверасиз, эна?

Бувгул холанинг чарчоқ нигоҳлари тўнғичига таънали боқди, аммо лом-мим демади.

Икки кун ўтди.

Икки кун ичида она-бола очилиб гаплашмади ҳисоб.

Учинчи куни эрталаб ясан-тусан қилиб олган ўғлини кўриб ҳайрон бўлган она унга савол назари билан боқди.

Собир буни тушунди.
— Ўтган куни мени даволаган дўхтирнинг олдига боргандим. Оператсия кўп экан, шу куни кечгача кутиб ўтирдим, лекин мен билан гаплашишга вақти бўлмади. Индинга келсанг, гаплашармиз, деганди... Бораверайми?..

Бувгул хола сийрак киприкларини пирпиратганича бир неча сония ўғлига тикилиб турди, сўнг аста:
— Борақол, — деди.

Собир хонадан учиб чиқди.
— Оҳ, болажоним-а... — онанинг кўзларидан ёш тирқиради. — Оҳ, болажоним-а... Оҳ...

«Тиқ» этса эшикка кўз тутиб ўтириш осон эмасди. Бувгул хола истар-истамай ишга уннади. Кексайган чоғида қўлини совуқ сувга урмай, ҳузур-ҳаловатда яшаш ўрнига, тўнғич ўғли билан келинининг рўзғорини бўлак қилиб, ўзи ҳали-ҳамон қўли косов, сочи супурги бўлиб юрганини ўйлаб гоҳида Бувгул хола бўлиб кетади, лекин ўзи, фақат ўзи бу қисматни ўзига раво кўргани боис, аламини ичига ютади.

«Бугун ҳам намозшомда келармикан? — ошхонаю молхоналарни галма-гал кирпишлайверишдан чарчаган она ҳаммасига қўл силтаб, кўча эшик олдига чиқиб йўлга кўз тикди. — Эсим қурсин, қачон қайтасан, деб сўраб қолсам, ўлармидим!»

Ҳув нарида, кўз илғайдиган ерда автобус бекати.

Бир-икки соат ичида бекатга неча-неча автобус келиб-кетмади, кимлар тушмади улардан, бироқ Собирдан дарак йўқ эди.

Бувгул хола бурушган лабларини қимтиб, тамшанди, оғзи қуруқшади, чанқаганини, қорни очганини ҳис қилди, ошхонада овқат тайёр эди, лекин онанинг иштаҳаси тортмади.

Қўлларини иягига тираганча супада ўтириб ўғлини кутди.

Ниҳоят... ана у!

Бувгул хола ўрнидан туриб кетди.
— Келдингми, болам?..
— Ҳа...

Собир ерга қараганича онасининг ёнидан ўтиб ичкарига кириб кетди.

Ўғлининг афтода қиёфаси Бувгул холанинг юрагини ўртаб юборди. Собир уйга кирдию, ўзини каравотга ташлади.
— Овқат ичасанми, болам? — сўради Бувгул хола эшикдан мўралаб.
— Йўқ.
— Туш пайти бўлди-ку.
— Қорним тўқ, — деди Собир ва юзини ёстиққа қаттиқ босди.

Бувгул хола эшик олдида мунғайиб турди бирпас, сўнг секин изига қайтди. Ошхонада ёлғиз ўзи номига, истар-истамай тамадди қилган бўлди, бутун фикри-зикри ўғлида бўлганидан нима еб-ичганини ҳам билмади, алағда кўнгли сира тинчлик бермасди:

«Дўхтир яхши гап айтмаган, — ўйларди она. — Бечора боламнинг энка-тинкаси қуриб кетибди. Дўхтир ҳам тоза нокас одам экан-да. Узил-кесил жавоб айтмасдан, умидвор қилиб юборса бўларди-ку! Одамлар бир оғиз ширин сўзга бунча хасис бўлишмаса?!»

Бувгул хола ошхонада узоқ ўтира олмади. Ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Кўчадан хотин-халажнинг шовқин-сурони, сув бочкалари ортилган аравалару челакларнинг даранг-дурунги эшитилди.

Қишлоқда анчадан буён сув танқис эди. Водопроводлардан илгаригидек сув шариллаб оқмас, ариқлардаги сувнинг ҳам таноби тортилган, кундузги соат иккидан учгача кўча бошидаги водопроводдан сув бериладию яна чўрт узилади. Дастёри борлар икки-уч кунлик сувни ғамлаб олишади. Бувгул холага ўхшаганлар эса бор-йўғи уч-тўрт челак сув олиб қолишга зўрға улгуришарди. Бироқ айни замонда Бувгул холанинг кўнглига сув сиғмади, ўғлининг ёнида бўлишни истайди.

Собир онасининг қадоқ кафтини ҳис қилди, аммо қимир этмади, чунки ёстиқ жиққа ҳўл эди...

Собирнинг кечки овқатдан ҳам бош тортиши Бувгул холанинг сабр косасини тўлдириб юборди. Бир коса овқатнинг устига нон қўйиб, рўмолчага тугиб, Маматқулнинг уйига йўл олди яна.
— Болангга берарсан, — эшик очган Ҳанифа келиннинг қўлига тугунни тутди. — Маматқул ишдан келдими?
— Ишга боргани йўқ, — хўмрайиб жавоб берди келин. — Трактри бузилиб қолганини баҳона қилиб икки кундан бери уйда ётибди!

Бувгул холага келиннинг хўмрайиб туриши ёқмади. «Eри ишга бормасаям аламини мендан олади», — дея пичирлаганча ичкарига йўналди.
— Нега ишга бормадинг? — адёл билан бошигача ўралиб, терлаб-пишиб ухлаётган Маматқулни секин туртиб уйғотди Бувгул хола, сўнг тўшак ёнига чўққайди.
— Тинчликми, эна? — Маматқул ўрнидан туриб ўтирди. Хомуза тортди.
— Нега ишга бормадинг, деяпман? Икки кундан бери уйда ётганмишсан?
— Икки кун, деб ким айтди сизга? Трактрим бузилиб қолиб, тушда уйга қайтиб келдим-ку!
— Ҳаҳ, болам боёқиш, — Бувгул хола ўшшайиб эшик томон қараб қўйди. — Ярим кун имиллаганингга, кўзига балодай кўриниб қопсан-да!
— Ўзингиз кеч бўлганда нима қилиб юрибсиз, эна?
— Эна билан укадан хабар олмай гумқовиб ётганингдан кейин тирик арвоҳдай изиллаб юраман-да!
— Эна...
— Собир тушдан берисига туз тотмай ётибди...

Маматқул энсаси қотиб юзини бурди, бироз жимликдан кейин жаҳл билан деди:
— Эна, Собирнинг нима ишлар қилиб юрганидан хабарингиз йўқ!
— Нима иш қилибди? — билмаганга олиб сўради Бувгул хола.
— Дўхтирга қатнаб юрибди!
— Нима қипти борса...
— Дўхтирлар ёрдам беролмаслиги маълум-ку, жонини сақлаб берди бизга, шунинг ўзи катта гап. Нега буни улингизга тушунтирмайсиз?!

Бувгул хола ерга қараб қолди.
— Қандай айтаман буни, — деди у бироздан кейин аянчли овозда.
— Ўзингиз айтолмасангиз, менга ихтиёр беринг, ахир кимдир аччиқ бўлсаям ҳақиқатни айтиши керак-ку!
— Сен аралашма! Майли, бораман деган ерига бориб-келаверсин.
— Ана шу-да! Ана шу... яна мендан ўпкалашингиз ортиқча.
— Нима қилай, ахир... — Бувгул холанинг мижжасига ёш қалқиди.
— Айтгандай, сизга яна бир хабар бор, Собирингиз сайхонлик бир қизминан гаплашиб юрганмиш!
— Йўғ-э? — Бувгул хола қулоқларига ишонмагандек тўнғичининг юзига ажабланиб боқди.
— Ҳа, анави Анвар деган жўраси Сайхондан уйланди-ку, шуни тўйида танишиб қолганкан.
— Йўғ-э... — онанинг мудом ғам-ташвиш аримайдиган юзига илиқ табассум ёйилди. — Собиржон қизларминан гаплашар эканми?..

Маматқул онасининг юзига ҳайрон боқди.
— Нимага хурсанд бўляпсиз, эна? Ахир...
— Қиз ҳам Собиржонминан гаплашаётганмишми ахир?
— Гаплашаётганмиш! Шу қизга уйланаман, деб юрганмиш Собиржонингиз жўраларига. Лекин бу мумкин эмас-ку, эна! Бунинг олдини олмасак бўлмайди.

Бувгул хола бирдан ҳушёр тортди.
— Нима қилмоқчисан? — дея тўнғичига хавотирли назар ташлади.
— Шунинг маслаҳатини қилиш учун кечқурун олдингизга ўтмоқчийдим ўзи. Нима қиламиз, менам ҳайронман... Бировнинг қизини умидвор қилмасдан, бор гапни очиқ айтиб, ора очди қилиш керакмиди?
— Йўқ! Бу гапни каллангдан чиқариб ташла! — қатъий жавоб берди Бувгул хола.
— Бу иш газак олиб кетмасдан нимадир қилмасак бўлмайди.
— У ёғиминан ишинг бўлмасин!
— Эна...
— Сен аралашма! Собиржоннинг ўзига яраша ақли бор. Нима қилаётганини яхши билади.
— Севги уни адо қилади ахир!

Бувгул хола жавоб бермади. Шошилиб ўрнидан турди. Эшик олдига етганда тўхтаб ортига ўгирилди.
— Ҳеч кимни яхши кўрмасдан адо бўлгандан кўра, бировни яхши кўриб адо бўлгани дуруст эмасми?! — деди она дона-дона қилиб, сўнг йиғламсираганча ўзини эшикка урди.
— Э, менга нима! Жонингизга теккунча папалайверинг-чи. Сув тўғонни уриб кетгандан кейин олдимга йиғлаб келасиз, лекин унда мен тугул, отам тирилиб келган тақдирдаям сизга ёрдам беролмайди!

Маматқул яна ўрнига чўзилди. Аммо кўп ёта олмади. Узалиб токчада турган ароқ шишаси билан пиёлани қўлига олди. Оч қоринга икки пиёла ароқни сипқорди-ю ўзи билан ўзи андармон бўлиб қолди.
— Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ... — у елкалари силкиниб-силкиниб йиғлай бошлади. — Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ...

Eшикдан мўралаган Ҳанифа келин эрининг аҳволини кўрди-ю кўзининг пахтаси чиқди...

* * *

— Эна, — деди Собир кунларнинг бирида хижолатли кулимсираганича. — Бир гап айтсам хафа бўлмайсизми? — Нима гап? — тикиш қилиб ўтирган Бувгул хола ўғлининг юзига қарамасдан сўради.
— Сайхонда бир қиз яшайди. Исми Марварид... — деди Собир паст овозда, сўнг бирдан жимиб қолди, нигоҳлари гиламга қадалди.

Бувгул хола кўзойнаги устидан ўғлига қаради.
— Хўш?..
— Шу қиз... мени яхши кўриб қопти. Онангизни қачон совчиликка юборасиз, деб сира тинчлик бермаяпти...

Бувгул хола кулиб юборди.
— Ҳа, муғомбир, ўйлаб-ўйлаб, охири шу йўлни топдингми?

Собир ҳам онасига қўшилиб кулди. Анчадан буён бундай беғубор кулгини эшитмаган деворлар зириллаб кетди.
— Кимнинг қизи экан? — сўради она жиддий тортиб тикишини бир четга қўяркан.
— Мажид аканинг...
— Сайхонда Мажид деган одам битта эди-ёв, адашмасам. Уйи мактаб ёнидами?
— Ҳа, худди ўзи...
— Улар яхши одамлар, майли, эртан кечқурун ўтиб келаман.

Собирнинг кўзлари чақнади.

Айтилмаган яна нимадир бор эди. Аммо бу ҳақда на она, на ўғил оғиз очишга журъат қиларди. Ноқулай сукунат иккаласининг ҳам юрагини ўртаб юборди.

Бувгул хола ямоқ-ясоғи эсига тушиб қолгандек кескин бурилиб ишига машғул бўлди.
— Эна, — деди ниҳоят Собир тилга кириб. — Ота-онаси йўқ, дейишса ва яна... ҳар хил... гапларни гапиришса... нима дейсиз?.. Уялиб қолмайсизми?..
— У ёғиминан ишинг бўлмасин, улим, — шипдан кўз узмай жавоб берди Бувгул хола. — Айдақарнинг қизига совчиликка боринг, десанг ҳам, бораман!
— Энажон...

Собир онасининг қоқсуяк елкасига бош қўйди.

Eртаси кечки пайт Собир бир ўртоғининг машинасини эшик олдига кўндаланг қилди.
— Автобусга осилиб юрасизми, — деди ўғил онасига. — Нуриддин мошинасида ғир этиб обориб келади.

«Eлга жория қилмасанг бўларди», — демоқчи бўлди она, аммо индамади.

Собир уйдан чиқиш олдидан онасига яна деди:
— Қизнинг ўзи мен билан яшашга рози, бемалол айтаверинг буни. Фақат ота-онамнинг розилигини олсангиз бўлди деган.
— Яхши қиз экан...
— Бордию ота-онаси рози бўлишмаса яна хафа бўлиб юрманг, — деди Собир овози ўзгариб.

Бувгул холанинг чап кўксига биров нина санчиб олгандек бўлди.
— Майли, болам, майли, — деганча ташқарига йўналди она.

Машинани жилдиришдан аввал Нуриддин: «Ишимиз ўнгидан келсин!» дея омин қилди, Бувгул хола ҳам пичирлаганча дуо ўқиркан... бехосдан Собирнинг ихлос билан юзига фотиҳа тортаётганига кўзи тушиб... юраги эзилиб кетди. Ўғлининг бу хатти-ҳаракатлари бемаънилик эканлигини биларди она, шу билан бир вақтда бу бемаънилик қисматга қарши мардона исённинг ўзига хос кўриниши эканлигини ҳам ҳис қиларди Бувгул хола; Собир шу тахлит ҳаётдаги бўшлиқни тўлдиришга, ҳақиқатдан қочиб қутулишга уринаётганини фаҳмларди...

Сайхон қишлоғи.

Мактаб ёнидаги уй.

Бувгул хола бу файзли уй ичида ўзини қанчалар аччиқ таъна-дашномлар кутаётганини сезди, аммо она ҳар қандай андишаю истиҳолани йиғиштириб қўйиб, ичкарига дадил қадам босди.
— Қандай ҳаддингиз сиғди, ногирон ўғлингизга гулдай қизимни сўраб келишга?! — Бувгул холанинг муддаосини эшитган Мажид ака тутақиб кетди. — Ё Мажиднинг қизи кўчада қолган, деб ўйлаяпсизми?!
— Ундай ўйлаганим йўқ, — деди Бувгул хола вазминлик билан. — Жаҳлингиз чиқмасин, иним. Мениям тушунинг...
— Аҳволингизни тушунганим учун шайтонга ҳай бердим, — деди Мажид ака. — Бўлмаса ҳозир...
— Улимнинг аҳволини яширмайман, буни бутун қишлоқ билади. Мана сиз ҳам аллақачон эшитган экансиз... Лекин ёшлар бир-бирини танлашибди. Ўзаро келишибди ҳам!.. Жоҳиллик қилиб ёшларнинг уволига қолмайлик тағин...
— Асло уволига қолмаймиз. Аксинча, савобга қоламиз уларни бир-биридан узоқлаштирсак!
— Лекин қизнинг ўзи... рози-ку!
— Қизим рози бўлса бўлаверсин, аммо мен икки дунёда ҳам кўнмайман! Кўра-била туриб уни ўтга ташламайман! Бир умр ҳур қиз бўлиб ўтиб кетишини истамайман!
— Балки...
— Йўқ. Гап тамом-вассалом! — Мажид ака юзига фотиҳа тортди. Кетишингиз мумкин, дегандек қаради Бувгул холага.

Бироқ Бувгул хола ўрнидан қўзғалмади. Титроқ бармоқлари кўрпача четини тутамлаганча ердан кўз узмай ўтираверди.

Мажид ака томоқ қирди. Ўрнидан туришга тараддудланди, Бувгул хола шунда ҳам ўрнидан қўзғалмади.

Мажид ака яна томоқ қирди.
— Ҳозир... Ҳозир тураман, — деди Бувгул хола нафаси қайтиб, юраги сиқилаётганини сездирмасликка уриниб. — Лекин аввал сизга бир ўтинчим бор, ҳеч ким пеш қилмасаям бировнинг қизини йўқлаб боришга ҳақсизлигимни яхши биламан, аммо болангиз кўзингизга мўлтираб турса, чидай олмас экансиз, уйингизга бостириб келганимни беписандлик деб тушунмаслигингиз учун айтяпман бу гапни, энди ўтинчим шуки, қиз болани бошингизга болиш қилмайсиз, албатта, қачондир бахти очилса, кимгадир узатасиз, бахтли бўлсин, илойим, бироқ ҳозир олдимга чиққан улимга: «Қизнинг отаси ўйлашиб-кенгашиб кўрайлик», деб айтди, дейишимга рухсат беринг, хўпми?

Мажид ака қийин аҳволда қолди. Ўзини у ёққа ташлади, бу ёққа ташлади, охири рози бўлди.
— Майли, нима десангиз ўзингиз биласиз, лекин бу гапим болангиз ҳар куни остонамга келиб турсин деганим эмас! Шуни яхшилаб тушунтириб қўйинг.
— Барака топинг, илойим.

Бувгул хола ўрнидан турди.

* * *

Собирнинг кийимларини ҳафсала билан дазмол қилиш, туфлиларини ялтираб кетгунча тозалашлари, қўшиқ хиргойи қилиб юришларини кузатиш Бувгул холага бениҳоя ҳузур бағишларди. Ўғлининг юзига ғам соя солишини истамасди. Умрининг охиригача уни бахтиёр ҳолда кўришни хоҳларди она. Кечки пайт Собирнинг кийиниб, ясан-тусан қилиб кўчага отланганини кўрган кезларда эса Бувгул хола хурсандлигидан дунёга сиғмай кетарди. Кучига куч қўшиларди. Ўғлининг ҳалокатидан кейин азобга айланган ҳаётга нисбатан қалбида яшаш иштиёқи кучаярди. «Бу ҳол қанча вақт давом этаркин?» деган саволдан этлари жунжикиб кетган вақтлар ҳам кўп бўларди, шундай кезларда она ўзини мунофиқ санаб, тинчини йўқотарди, аммо ўғлининг бахтиёр чеҳрасига кўзи тушган лаҳзадан бошлаб ҳаммасини буткул унутар, эртага нима бўлса бўлар, мана ҳозир боламдан бахтли одам йўқ дунёда, менга бундан ортиқ яна нима керак, дея ўзига таскин берарди.

Оиланинг тўнғичи Маматқул бўлса вақт-бевақт келиб онасининг кайфиятини бузиб келишдан бошқасига ярамасди.
— Бу болангиз тоза бебош бўлиб кетди-ку, эна, — дея шикоят қиларди у. — Тоза ихтиёрига қўйиб юбормай, жиловини тортиб турсангиз бўлмайдими?!
— Нима қипти? Ўғрилик қилдими, ғарлик қилдими, гапир! — дерди Бувгул хола жеркиб.
— Товба қилдим, Собир тўғрисида сал мундайроқ гапирган одам сизга ёқмайди-я, эна, — дейди Маматқул ҳайрон бўлиб. — Собирни ёмонлаган одам ўз болангиз бўлсаям кечиб юборасиз-ов!

Бувгул хола қовоқ солиб, юзини бурди.
— Ўзингизча Собирни фаришта деб ўйлайсиз-ов, — давом этди Маматқул борган сайин алами ортиб. — Лекин билиб қўйинг, шу фаришта болангиз Мажид аканинг қизиминан канал бўйида ўпишиб, қучоқлашиб юрибди!

Бувгул хола аввал сесканиб тушди, сўнг... қимтинган лабларига табассум югурди.
— Шуйтиб... юрган эканми?.. — Бувгул хола кемтик милкини кўрсатиб илжайганча тўнғичининг юзига термилди.

Маматқулнинг жон-пони чиқиб кетди.
— Эна!
— Ваҳима қилаверма.
— Ўзингизнинг қизингиз йўқ-да, шунинг учун бировнинг қизининг шаънини ўйламаяпсиз!
— Ўпса ўпар, ювса кетар, деганлар. Қолаверса, иккови бир-бирини яхши кўришади. Сен ... қисиб юр!

Бувгул холанинг важоҳати қўрққулик эди, Маматқул ишини баҳона қилиб қочиб қолди. Аммо эшик олдига етганда барибир айтадиганини айтди:
— Бу ишингиздан ҳали пушаймон бўласиз, эна!

Ўғлининг сўзлари Бувгул холанинг юрагига ўқдек қадалди. Оёқларидан мадор қочиб ерга ўтириб қолди.

* * *

Қиш адоғида Бувгул хола ўғлининг тарки дунё қилган одамдек хонага қамалиб олганини, эртаю кеч бағрини ерга бериб ётишларини кўриб саодатли кунлар ниҳоясига етганини фаҳмлади. Ичида бир нима ўпирилиб тушди гўё... Собирнинг киртайган, соғинч тўла нигоҳларига боқиш оғир эди. Унинг: «Нега бундай бўлди, эна?» деб сўраб қолишидан чўчирди Бувгул хола, шу боис кун совуқ бўлишига қарамасдан эртаю кеч гоҳ ҳовлида, гоҳ уй ичида ғимирлаб юрарди.

Бир кеч Собир индамай уйдан чиқиб кетди-да, икки соатлардан кейин гандираклаганча қайтиб келди.

У маст эди.

Бувгул холанинг юраги орқага тортиб кетди, ахир Собирга ичкилик ичиш, тамаки чекиш мумкин эмасди!
— Эна... — Собир онасининг фикрини уққандай айбдорларча боқди. — Ичмасликнинг иложи бўлмади...
— Майли, болам, майли... Ҳар замонда ичсанг, зарар қилмас...
— Нега ичдинг деб сўрамайсизми, эна?
— Хабарим бор, болам...
— Индинга уни унаштиришмоқчи экан... Отаси ундан бир оғиз ҳам сўрамасдан совчиларга розилик берворибди.
— Отаси қайсар одам экан-да...
— Агар ҳозир яна бир марта совчиликка боринг, десам борасизми, эна?
— Майли, бораман... Лекин...
— Қизнинг ўзи ҳам шундай деяпти. У мени телбаларча севади!
— Оҳ болажоним-а...
— Яна бир марта боринг, агар отаси яна кўнмаса... кейин майли...

Бувгул хола илон чаққандай сесканиб тушди. «...отаси яна кўнмаса...» дегани Собирнинг аввалги совчилик можаросидан бохабар эканлигини билдирмайдими ишқилиб?..

Бувгул холанинг ичидан қиринди ўтди. Ўғлининг кўзларига тик қарашга юзи чидамади.
— Нуриддин жўрамни чақираверайми бўлмаса? — сўради Собир.
— Чақир.

Собир кўчага чиқиб кетди.

Бувгул хола бир фурсат ўй суриб қолди. Сўнг имиллаб кийинди, дастурхонга тўртта нон, қанд-қурс тугиб тайёрлаб қўйди.

Шу чоғ эшикдан Маматқул кириб келди. У ҳаддан ташқари дарғазаб эди.
— Агар мени ҳам болам десангиз, ҳеч қаерга бормайсиз! — дея дағдаға қилди у кирган заҳоти онасига.
— Ё пирим-эй, нега бунча ўдағайлайсан, тинчликми, болам?
— Эшитдим, қаёққа кетаётганингизни, Собирнинг кўнглига қарашни бас қилинг энди!
— Менга ақл ўргатма, демабмидим сенга.
— Нима, одамларга масхара бўлмоқчимисиз?! Мени қишлоқда бош кўтариб юролмайдиган қилиб қўйдингиз-ку!
— Сенга нима?! Сен ўз аравангни ўзинг тортиб юравер. Касал ука, қари энангминан ишинг бўлмасин. Бошимда туриб олиб гўнгқарғадай ғўнғилламасанг бўлди!
— Оббо... Жуда бўлмаса ўз тенгимизни топайлик, эна!
— Боламнинг тенги ўша қиз!

Кўча эшик олдига машина келиб тўхташи ҳамон Бувгул хола дастурхонини кўтариб йўлга отланди.

Маматқул илдам юриб онасидан олдин эшик олдига чиқди.
— Ҳов бола, бу ёққа кир, сенда гапим бор, — деди у Собирга.

Eнгашганча пилдираб етиб келган Бувгул хола тўнғичининг билагидан тортиб ўзига эгилтирди ва қулоғига шивирлади:
— Агар Собирга «ғинг» десанг оқ қиламан, билиб қўй!

Маматқулнинг юзи бўғриқиб кетди.
— Нима дейсиз, ака? — дея яқин келди Собир шу вақт.
— Э, бор-э!

Маматқул орқа-олдига қарамай жўнаб қолди.

* * *

— Яна қайси юз билан келдингиз, опа? Ўтган сафар келишгандик-ку! Бечора бир бева аёл экан, деб илтимосингизга кўндим, лекин сиз буни билмадингиз. Аёл киши бўлсаям одам-ку, деб сийлагандим, аммо сийлаганни билмадингиз. Билганингизда кўзингизни лўқ қилиб яна уйимга бостириб келмасдингиз. Ўғлингиз бор, деса югуриб келаверасизми? Ақлингиз борми ўзи?! Ҳе, ўша хотинчалиш ўғлингизниям, севгисиниям... — қизининг хархашасидан хуноби ошиб ўтирган Мажид ака остона ҳатлаши билан Бувгул холанинг бошига шундай маломат тошларини ёғдирдики, шўрлик аёлнинг қўлидан дастурхони тушиб кетди, аммо қуда бўлиш ҳеч қачон насиб қилмайдиган қудасига қарши бир оғиз ҳам гап қайтармади, кўйлагининг узун енгини оғзига босиб, ерга қараганча миқ этмай турди. Бу ҳолдан Мажид аканинг баттар жазаваси қўзиди.
— Кўчада қолган бузуқи ҳам улингизга ўзини раво кўрмайди, энди сизга очиғини айтиб қўя қолай. Ота-она папалаб катта қилган қизини қорни тўқ, усти бут юради, деб эрга бермайди-ку, наҳотки шу оддий нарсани ҳам тушунмасангиз?!

Мажид ака нақ йигирма дақиқа чамаси жавради, оғзидан боди кириб, шоди чиқди, айтмаган гапи қолмади ҳисоб, Бувгул хола буларнинг барини қулоқ қоқмай эшитди, Мажид ака ҳолдан тойиб, жимиб қолганидан кейингина секин ортига буриларкан:
— Нима десангиз ҳам ҳақингиз бор. Бундан баттар гапларни эшитишимни билардим. Аммо боламнинг сазасини ўлдиргим келмади... — деди ва оҳиста эшикни ёпди.

Заҳаролуд сўзлар, беписанд, кинояли нигоҳлар суяк-суягидан ўтиб кетган, қон босими кўтарилиб, кўз олди қоронғилашиб, зўрға машинадан тушган Бувгул хола пешвоз чиққан ўғлини кўриб ўзини дадилликка олди.
— Ишқилиб... ҳайдаб солишмадими?.. — айбсиниб онасига юзланди Собир.
— Нега ҳайдаб солишади?! Улар тушунган одамлар... Фақат нариги томон билан қариндошликлари бор экан-да. Қизнинг ўзини кўрмадим, лекин тоза эси кўп қиз экан, қариндошга эрга тегмайман, деб оёқ тираб турганмиш... Шунинг учун шўрлик Мажид қаёққа борарини билмай, боши гаранг. Қиз ўстирган отага ҳам тоза қийин экан-да.
— Демак, бутунлай узиб юборишмабди-да, а? — сўради умидвор оҳангда Собир.
— Ҳа... — бор кучини тўплаб жавоб берди Бувгул хола ва секин ёнбошга қулади.

* * *

Апрелнинг ўрталарида атиргуллар яккам-дуккам очилаётган бир пайтда Марвариднинг тўйи бўлди. У ўша қариндош йигитга турмушга чиқди. Шундан кейин Собирнинг хаёлида кескин ўзгариш юз берди. У ичкиликка, тамакига ружу қўйди. Аллақаёқларга кетиб қоладиган одат чиқарди. Бувгул холанинг кўп вақти ўғлини излаб ўтарди. Ёғингарчилик мавсуми эмасми, неча марталаб Собирни лойга беланиб ётган ҳолда топиб, йиғлаб-сиқтаб уйга олиб келарди.
— Мунча кўп ичадиган бўп қолдинг? Ароқдан фойда қилмайсан, деб айтгандим-ку сенга! — ўғли ўзини ўзи хароб қилаётганига чидаб тура олмай жаврарди она.

Собир эса бунга жавобан:
— Нима бўлса бўлар, парво қилманг, эна, — дерди.

Укасининг кўча-кўйда маст-аласт юрганидан ор қилган Маматқул онасига келиб заҳрини сочди:
— Ниятингизга етдингизми, эна? Энди роҳатини кўриб ётаверинг!

Бувгул хола эътироз билдириб тўнғичини жеркиб ташламади бу сафар, аммо кечга бориб кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди.

Ҳанифахон келинлик бурчини адо этиш мақсадида хипча белига бир тутамгина шоҳи фартукни боғлаб намойишкорона ҳовлига кириб келганида ширакайф Собир йўлига кўндаланг бўлди:
— Энамга ўзим қарайман!

Ҳанифа келин қизариб-бўзарганча чиқиб кетди.

Собир ичкиликни бас қилди. Онасини парваришлай бошлади. Аммо Бувгул хола ҳадеганда ўзига келавермади. Қўрқинчли ўйларни ўзига яқинлаштирмасликка уринса-да, барибир Собирнинг асаблари дош бермади.
— Сиз бўлмасангиз мен қандай яшайман, энажон? — дея йиғлаб юборди у кунларнинг бирида. — Менинг бахтимга тезроқ соғайиб кетинг, энажон. Мендай нотавон сиздан бошқа кимга ҳам керак бўларди? Соғайиб кетсангиз бас, ичкиликни умуман оғзимга олмайман! Сўз бераман.

Бувгул холанинг юмуқ кўзлардан ёш сизди...

Фақат ўн кунлардан кейингина она ўрнидан турди. Бундан ҳаммадан кўп Собир қувонди. У яна ғинғиллаб қўшиқ хиргойи қила бошлади...

* * *

Ёз одатдагидай яхши ўтди. Сентябр охирларида Собир ғалати янгилик топиб келди.
— Марварид эри билан яшолмабди, ажрашиб, уйига қайтиб келибди, эна.
— Йўғ-э, чакки бўпти-да.
— Яхши бўпти денг, — кулди Собир.
— Ҳа, шумтака.
— Беҳазил гапиряпман, эна.
— Тушунмадим...
— Яна совчиликка бормайсизми, эна?..
— Қандай бўларкин...
— Бир гап айтсам хафа бўлмайсизми?
— Айт.
— Кўкламда касал бўлганингизда қаттиқ қўрққандим... Сизга бир гап бўлса... ёлғиз қолишдан қўрқдим...

Бувгул хола титраб кетди. Нигоҳларини ерга тикди.
— Эҳтимол отаси энди рози бўлар, — деди Собир журъатсиз оҳангда.
— Балки...
— Аммо-лекин Марваридни бошқа эрга берганлари билан у барибир яна қайтиб келади!
— Сендай боладан кўнгил узолмаса керак-да, айланай ўзим сендан, — меҳри товланиб ўғлининг бошини кўксига босди Бувгул хола.
— Нима қиламиз энди, эна?
— Сен нима десанг, шу!

Собир хурсанд бўлиб кетди. Онасини даст кўтариб гир айлантира бошлади.
— Ўзимнинг энажоним... Ягона меҳрибоним...
— Мени тушир ерга, сенга оғир нарса кўтариш мумкин эмас! — ялинди она.

Аммо Собир онасининг илтижосига қулоқ солмади. Ҳолдан тойгунча Бувгул холани гир-гир айлантириб, сўнг авайлаб ерга қўяркан ҳансираганча пичирлади:
— Чумчуқдай бўлиб қолибсиз-ку, энажон... Чумчуқдай... Тағин оғирман, дейсиз-а?..

Бувгул хола гандираклаганча деворга суяниб қолди. Унинг боши айланар, кўнгли озар, аммо ниҳоятда бахтиёр эди...

Уч кун ўтиб Бувгул хола яна Сайхон қишлоғига йўл олди. Мажид ака бу сафар ади-бади айтишиб ўтирмади, остонадан ҳайдаб солди, бу камлик қилгандай, тентак онангни йиғиб ол, акс ҳолда ўзим учун жавоб бера олмайман, деган мазмундаги гапларини оқизмай-томизмай етказиш учун Маматқулга одам юборди.

Анчадан буён шунга яқин дилхираликни кутиб юрган Маматқулга Худо берди-қолди.
— Одамларга кулги бўлганингиз етмагандай, мана телба деган номни ҳам олдингиз! Энди кўнглингиз ўрнига тушдими ё ҳалиям ками борми хурмача қилиқларингизни?! — дея айюҳаннос солди у онасининг олдига келиб.

«Телба» деган сўзни эшитиб Бувгул холанинг хиёл юзи ўзгарди, аммо индамай пиёз ўтоғини давом эттираверди.
— Одамни тоза хит қилиб юбордингиз-ку, эна! Бўлмайдиган иш учун нима қиласиз элга масхара бўлиб!
— Элнинг кулгисини эшитганим йўқ, — деди Бувгул хола ишдан бош кўтармай.
— Сизнинг қулоғингиз Собирнинг овозидан бошқа овозни эшитмайди.

Бувгул хола индамади.

Маматқул бир неча сония ўйланиб турди-да, сўнг муросали оҳангда деди:
— Раз Собирни уйлантириш шарт бўлса, ўз тенгимизни топайлик, деб аввал ҳам айтгандим. Сизлар бўлса осмондаги ойни орзу қиляпсизлар нуқул! Мен ўша қизни кўрдим... Хуллас, ҳурлиқо десам ҳам камлик қилади. Шундай қиз эрсиз қолган тақдирдаям Собирга...

Кутилмаганда Бувгул хола ўрнидан турди. Этагидаги ўтлар пиёз пуштасига сочилди.
— Нега ҳадеб Собирни ерга ураверасан?! — бақирди Бувгул хола. — Кўзи кўрми, оғзи қийшиқми?! Худо раво кўрган «айби»ни сен пеш қилмасанг ҳам ҳамма билади. Ўша қиз ҳам! Лекин сен айтган ҳурлиқоларнинг сонмингтасига боламнинг ҳаром тукиниям раво кўрмайман! Билдингми? Энди бор, кет!
— Дарров жаҳлингиз чиқмасин, эна. Менам болангизман, сизларга ёмонликни раво кўрмайман. Фақат элга масхара бўлмайлик, дейман. Лекин сиз бошлаган гапимни охирига етказишга ҳам қўймайсиз, жовуллаб тармашиб кетасиз дарров!
— Гапир, нима демоқчисан ўзи? — деди Бувгул хола юраги сиқилиб.
— Тугалбой аканинг бир қизи боракан. Ёши Собир қатори чиқар-ов. Гавдаси сал бесўнақай демасангиз ҳамма ишни эпларкан...
— Шўрим қурсин... — Бувгул хола кўйлаги енгини кўзларига босди.
— Эна!.. Ҳолини билган ҳалак бўлмайди, дейишади. Ҳамма иш қўлидан келса, Собирнинг ош-овқатини бериб, кир-чирини ювиб юрса бўлди-да!

Бувгул хола бирдан йиғини бас қилди.
— Гулдай укангга телба қизни раво кўрдингми?!
— Бошқаси кўнмайди!
— Кўнмаса кўнмасин! — жазавага тушиб бақирди Бувгул хола. — Аммо Собир телба қизга уйланмайди! Тур, йўқол! Кўзимга кўринма!

Маматқул ҳам ўзини боса олмади.
— Ҳайдамасангиз ҳам кетаман! Аммо билиб қўйинг, энди бу уйга қадамимни босмайман!

Маматқул уришқоқ даканг хўроздай бўйнини чўзганча кўча томонга йўртди.

Беш дақиқалардан кейин уйдан чиққан Собир онасининг ёнига келди ва ҳазин оҳангда деди:
— Энди ҳеч қаерга борманг, эна!..

Бувгул холанинг кўз ёшлари пиёз пуштасига тўкилди...

Бу гаплар сентябрнинг охирларида бўлиб ўтди. Октябрнинг ўрталарида эса Марваридни яна узатишди. Узоқ тоғли қишлоққа келин бўлиб тушди у...

Шундан кейин Бувгул холанинг кўрган куни қурсин... Собир яна ичкиликка муккасидан кетди. Бунинг устига изғиринли, ёмғирли кунлар бошланганди. Буларнинг бари Собирнинг соғлиғига ёмон таъсир қиларди. Омон қолган яримжон буйрак ҳам, жигар ҳам, умуман ҳамма аъзолар тобора ишдан чиқарди. Собир иситмалаб ётиб қоларди. Аммо соғайган заҳоти яна ичиш-чекишни бошларди. Фақат сархуш вақтларида унинг кайфияти кўтарилиб, қувноқ бўлиб қоларди; аввалига яхши гаплардан гапириб, ҳангомани қиздирарди, сўнг латифа айтиб онасини роса кулдирарди, охирида эса ё ўтирган ерида ухлаб қоларди, ё ҳўнг-ҳўнг йиғларди.

Қиш кечалари инқиллаб чиқмаган тун камдан кам бўларди.
— Соғлигингга тўғри келмаслигини била туриб нега ҳадеб ароқ ичасан? — илтижо қиларди Бувгул хола. — Шу заҳар-заққумни ичмасанг бўлмайдими?!
— Уйланиш насиб этмади, ҳеч бўлмаса ичкилик билан кўнгилни хушлаб турайлик, эна! — дерди Собир бешиктебратардек тебраниб.
— Уйланиш насиб қилмади, дейсан нуқул. Уйланишда бир ҳикмат бор, деб ўйлайсан чоғи. Эр-хотинчиликнинг турган-битгани ғурбат. Ҳай-ҳай, ҳозирги давринг! Мана аканг уйланиб, нима каромат кўрди? Нима каромат кўрди, а? Уйлангандан бери боши ғурбатдан чиқмайди бечоранинг. Ярим кун ишга бормаса, хотини бошида ёнғоқ чақади. Аканг шўрликни бизнинг олдимизга ҳам юбормай қўйди хотини. Бу жувонмарг жодугарлар никоҳингга ўтиб олгунча мўмин-қобил бўлиб туради, кейин ҳунарини кўрсатади. Э-ҳа, сен хотинларни билмайсан! — Бувгул хола қандай бўлмасин ўғлини уйланиш фикридан «совутиш» ниятида жон-жаҳди билан аёлларни, қизларни ёмонлай кетди.

Рангпар юзида азобли табассум қотган Собир онасининг сўзларини жим туриб эшитди, сўнг:
— Эҳ, энажоним-а, — деб қўйди-ю, костюмини елкасига ташлаганича кўчага чиқиб кетди.

Шу кетганча у икки кун қорасини кўрсатмади.

Бувгул хола адойи-тамом бўлди. Маматқул иккаласи бормаган, қидирмаган ер қолмади ҳисоб, аммо Собирнинг дараги чиқмади.
— Бу оқшом ҳам кутайлик, келмаса эртан эрталаб милисага хабар бераман, — деди Маматқул иддао билан қоронғи тушганда уйга кириб келишаркан.

Бувгул хола жавоб бермади. Оёқлари шишган, зўрға ҳарсиллаб нафас олаётган онанинг гапиришга ҳоли қолмаганди. Маматқул яна нималардир деди, аммо Бувгул хола уни эшитмади, ўзининг «кампир уйи»га кирди-ю, тўшагига базўр етиб бориб ҳушдан кетди...

Алламаҳалда ғўнғир-ғўнғир овозлар қулоғига чалинган Бувгул хола кўзини очди.

Ёнгинасида Собир юзига хавотир билан тикилиб ўтирарди.
— Яхши бўлиб қолдингизми, эна? — сўради Собир хиёл энгашиб. Овози бўғилиб, ҳирқираб чиқди.

Бувгул холанинг қорачиқлари кенгайди.
— Ўзинг соғмисан... Болам...
— Соппа-соғман, хавотир олманг.

Маматқул ўртага гап қўшди.
— Икки соатдан бери буни тергов қиляпман, лекин миқ этмади, тилини ичига ютиб юборганми, нима бало?

Бувгул хола тўнғичига маъноли қаради. Лекин Маматқул буни тушунмади.
— Бунингиз бизни тириклай гўрга тиқишга қасд қилганми? Одам шунчалик беўй бўладими?! Бўлди, етар, шунча вақт ихтиёрига қўйганингиз. Энди бу боланинг жиловини менга берасиз, эна. Қаерга борганини айтса айтди, айтмаса участковойга обориб топшираман. Участковойнинг ертўласида икки кун ўтирсин, кейин шундай сайрайдики, булбул ҳам доғда қолади!

Бувгул хола жаҳл билан ўрнидан туриб, тўнғичига шундай важоҳат билан ўқрайиб қарадики, Маматқул беихтиёр ўрнидан туриб эшик томон йўналди.
— Ўзи омон экан, шунисига шукр қилмайсанми, ношукр! — дея унинг ортидан ёзғирди Бувгул хола.

Собир онасини тинчлантирди.

Кейин она-бола анча вақт у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб ўтиришди.
— Қаёққа кетиб қолдинг, деб нега сўрамайсиз, эна? — деди Собир бир маҳал.
— Ўзинг айтиб қоларсан, деб кутиб ўтирибман...

Бувгул хола кемтик тишларини кўрсатиб илжайди.

Собир онасининг айнан мана шу ҳолатини хотирасига муҳрлаб олмоқчи бўлгандек бир зум киприк қоқмасдан тикилиб турди.
— Марваридни кўриб келдим, — деди у кейин шикаста овозда.
— Вой ўлмасам, шундай совуқда тоққа бориб келдингми?!
— Тоғ бўлсаям унча-мунчамас... Ойқор деган жой экан. Марварид яшайдиган уй тоғнинг киндигида. Пастда булутлар сузиб юрибди...
— Ўзи омон эканми?.. — эҳтиётлик билан сўради Бувгул хола.
— Омон, омон... — пешонасини силади Собир. — Шундай баланд тоғда қандай яшар экан, деб келгунча ўйлаб келдим...
— Ўзиминан кўришдингми?!
— Ҳа, кўришдим, гаплашдим.
— Ё алҳазар!
— Бир кунмас бир кун қайтиб бораман, деди. Лекин ҳозир иложи йўқ, деди. Бетавфиқ эри кўчага ҳам чиқармас экан. Дарвозани қулфлаб калитини ўзи билан олиб юраркан. Биз у билан дарвоза ортида туриб гаплашдик... — Собир бир зум тин олиб, сўнг қўшиб қўйди: — Менимча, у янги йилга яқин келиб қолади...
— Ўзи шундай дедими?
— Ўзи.
— Ё Худойим-эй...
— Нима, келишига ишонмаяпсизми? Энди ичмайман, ҳатто сигарет ҳам чекмайман. Янги йил келишига яқин қолди. Зўр қилиб кутиб оламиз, эна, хўпми?
— Хўп.

Она-бола яна бироз гаплашиб ўтиришди, сўнг уйқуга ётишди. Собир бошини ёстиққа қўйди-ю, хуррак ота бошлади. Бувгул холани эса хаёл очиб қочди. Бир маҳал Собирнинг алаҳлагани қулоғига чалинди-ю, Бувгул хола ирғиб ўрнидан турди.

Собир иситмадан алангаи оташ бўлиб ёнарди.

Бувгул хола неча йиллардан буён номлари ёд бўлиб қолган дориларни ўғлига ичирди, қўшни келинни чақириб иситмани туширадиган укол қилдирди, аммо ҳеч бири наф бермади. Тонгга яқин Собирни касалхонага олиб жўнашди.

* * *

Янги йил арафасида Собир касалхонадан чиқди, фақат ичмаслик, чекмаслик ва икки ойдан кейин келиб даволанишни яна давом эттириш шарти билан... Уйга келган кундан Собир янги йилни кутиб олиш ҳаракатига тушди.
— Бу йилги янги йилни бутунлай бошқача кутиб оламиз, эна, — дерди у ҳаяжон билан ҳар икки гапнинг бирида.

Собирнинг янги йил оқшоми севгилиси ўз оёғи билан кириб келадигандек орзиқиб яшаётганини фаҳмлаган она унинг баъзи ҳаракатлари эриш туюлса-да, одатдагидек миқ этмасди. Ўғли нима деса шуни маъқулларди.

Ниҳоят орзиқиб кутилган янги йил келди. Бироқ...

Тунги соат учларда ҳам Собирнинг тўкин дастурхон, ясатилган арча ёнида бедор ўтирганини кўрган Бувгул холанинг юраги сел бўлди... Суяклари зирқиради...

Eрталаб эса Собир уч-тўрт ўртоғини чақириб, роса маишат қилди.

Янги йилнинг биринчи кунидан бошланган ичкилик охири Собирни яна тўшакка йиқитди. Февралнинг ўрталарида у яна касалхонага тушди. Бу гал аҳволи анча оғир эди. Бир бурда бўлиб қолган вужуди кечаю кундуз иситмадан қовриларди. Қақшатқич оғриқ, беҳоллик, иштаҳасизлик...

«Бу кунларни кўргунча ўлиб кетсам бўларди, — ўйларди Бувгул хола сиқилиб. Лекин зум ўтмасдан тавба қилиб, айтган гапларини қайтиб оларди. — Сен ўлиб кетсанг болангга ким қарайди, аҳмоқ! Боланг хор бўлмасин, десанг, ўзингга умр сўра Худодан!»
— Эна, — дерди Собир иситмаси тушиб, сал ўзига келган куни. — Шу сафар ҳам соғайиб кетармикинман?..
— Соғайиб кетасан, албатта, соғайиб кетасан! Ҳозир сени совуқ ҳаво ҳам абгор қиляпти-да. Бир амаллаб ёзга чиқиб олсак, кўрмагандай бўлиб кетасан!
— Гап ичкиликда бўлса, энди бир грамм ҳам ичмайман, эна.
— Тўғри қиласан, болам.

Икки ойдан кейин Собирга уйга қайтишга рухсат тегди. Унинг аҳволи анча дуруст эди.

Бироқ таниш дўхтирнинг гаплари Бувгул холани ўйлантириб қўйди.
— Бу ўғлингизга қилинган сўнгги муолажа, — деди дўхтир кетиши олдидан Бувгул холани кабинетига чақириб. — Уч-тўрт ойдан кейин уни яна шу аҳволда олиб келсангиз, очиғи, ҳеч қандай ёрдам бера олмаймиз!

Бувгул хола дўхтирнинг хонасидан йиғлаб чиқди. Аммо ўғлининг ёнига келганида мижжалари қуп-қуруқ эди...

Шу йили ёзни Собир ҳар доимгидай бўлмаса ҳам, ҳар қалай яхши ўтказди. У энди ичмасди, чекмасди, бир ерларга дайдиб кетмасди, ўзини ниҳоятда эҳтиёт қиладиган бўлиб қолганди. Лекин барибир соғлиғи унчалик яхши эмасди.

Атай қилгандек шу йили куз эрта тушди. Ёғингарчилик мўл бўлди. Салқин ҳаво Собирнинг соғлиғига тўғри келмасди. У уйга қамалиб қолди...

Бувгул хола тўнғичини сиқувга олиб яхши ҳамки кўмирни мўл қилиб ғамлаб қўйган экан. Октябр яримламай туриб Собирнинг хонасида печка ёқилди. Соғлом одамнинг баданига хуш ёқувчи, кучига куч берувчи салқин, нам ҳаво не ажабки Собирга тўғри келмасди. Худди ёздагидай иссиқ уйда у бирмунча тетик яшарди. Шунинг учун Бувгул хола Маматқулга: «Кўмир ғамлайвер, кўмир», дея кўп тайинларди. Маматқул гап қайтармасди бундай кезларда, аммо малол келгандай пишқириб қўярди. Бувгул хола кенжасининг дастидан тўнғичининг кўзига бало-қазодай кўриниб қолганини сезарди, аҳён-аҳёнда: «Маматқулнинг мендан кўнгли қолган, энам одам ажратади, деб ўйлайди у, Худо кўрсатмасин, унинг қўлида қолсам, хароб бўламан», дея ўйлаб қоларди. Бироқ бу ўй-хаёллари узоққа чўзилмасди, ўзининг келажаги ҳақида бош қотиришни истамасди.

Янги йил яқинлашгани сайин Собир яна безовта бўла бошлади. Ўқиётган китобларини йиғиштириб қўйиб деразадан ташқарига тикилади нуқул...

Ташқарида эса... гупиллатиб қор ёғар, том бўғотларида билакдай-билакдай сумалаклар осилиб турар, кун совуқлигидан ҳатто қушлар ҳам парвоз қилмай қўйганди.

Ўғли бу йилги янги йилдан ҳам мўъжиза кутаётганини ҳис қилган она ўзича байрамга тайёргарлик кўра бошлади.

Чердакдан ўтган йилги сунъий арчани олиб тушиб, ўйинчоқларини бир-бир илаётганида Собир ёнига келиб қўлидан тутиб, онани ўзига қаратди.
— Ҳамма иш ўзингизга қолиб кетди, эна... Мени деб тоза овора бўляпсиз-да...
— Ғам ема, менга жин урмайди. Эсон-омон ёзга чиқиб олайлик, кейин ҳамма ишни сенга топшираман. Аммо ҳозир манови ўйинчоқни қаерга илишни билмаяпман.
— Беринг менга, сиз дам олинг бирпас.

Бувгул хола ўйинчоқлар солинган халтани ўғлига бериб, ортга тислана-тислана каравотга келиб ўтирди. Чарчаганини ҳис қилди. Бўғинлари бўшашиб, тўшак кўзига яхши кўринди. Аммо... арча атрофида айланиб, ҳафсала билан ўйинчоқларни илаётган ўғлининг кўзларида яшашга, севишга бўлган иштиёқни туйиб беихтиёр ўпкаси тўлди...

Янги йил оқшоми.

Мўъжиза рўй бермади.

Аммо Бувгул хола бир кун аввал атай бориб таклиф қилган меҳмонлар келишди. Ўртоқларини кўриб Собир хурсанд бўлиб кетди. Алламаҳалгача чақчақлашиб ўтиришди. Бу ҳар қалай дераза олдида ташқарига кўз тикиб ўтиришдан яхши-ку!

Ниҳоят меҳмонлар кетишди.

Она-бола мунғайганча яна ёлғиз қолишди.

Уй исиб кетди, деган баҳона билан Собир яна дераза олдига қўнди.

Кўчада ҳамон байрам тантаналари давом этар, ола-тасир шовқин, қийқириқлар қулоққа чалинарди. Она-болани бағрига олган хонага эса шу қадар чуқур сукунат чўккан эдики, бундан уй деворлари ҳам сиқилиб кетаётгандек мунғайиб турарди. Бир маҳал Собирнинг елкалари силкина бошлади.

Бувгул хола кўнгли вайрон бўлиб ўғлига тикилди.

Шу пайт Собир ортига ўгирилди: унинг қонсиз юзидан йирик-йирик томчилар думаларди.

Бувгул хола тушунди: Собир ҳаммасини билади, ўзининг узоқ яшай олмаслигини ҳам, Марвариднинг келмаслигини ҳам билади, билади-ю, онасидан яширади, худди онаси ундан яширгандай, аммо шу топда у ўзини идора қилолмади, дунёнинг буткул дард-алами кўзларига жам бўлди.

Бувгул хола ўғлининг бошини кўксига босди. Қайноқ кўз ёшлар энди унинг кўксини куйдириб, юрагига томчилар ва ундан қон бўлиб томирларга сизиб оқарди...

Собир чуқур хўрсинди ва кескин бурилиб яна деразага тикилди.

Ташқарида эса ҳамон шовқин-суронли, тантанали ҳаёт давом этар, нафас олар, томирлари гупиллаб уриб турарди.

Одамлар гуррос-гуррос бўлиб кўчани тўлдириб ўтишар, бир-бирига гап отишар, қаҳ-қаҳ уришарди.

Улар совуқдан қўрқишмасди. Агар исташса, ҳов уфқда қорайиб турган анови бешафқат тоғ ўркачидан ҳам нариги томонга ўтиб кетишга қодир улар, аммо бундай ҳаёт Собирга бегона...
— Бу йил қор йили экан-ов. Биздаки шунча қалин ёғди, тоғ... томонларни айтмаса ҳам бўлади, — деди Бувгул хола бир маҳал, гўё индамай ўтираверса ўғли нигоҳлари билан ойнани тешиб, ташқарига отилиб чиқиб кетадигандек хавотирга тушиб.

Собир жавоб бермади.
— Тоғ йўли бекилиб қолгандир... — деди Бувгул хола яна.
— Эна, энди дам олинг, — деди Собир ва аста бурилди. Унинг даҳани титрарди.

Бувгул хола эътироз билдирмади.

* * *

Eрталаб соат саккизлар атрофида айвондан келаётган шовқин-сурон қулоғига чалинган Бувгул хола ирғиб ўрнидан турди. «Тоза ухлабман-ку, менга не бўлди?» — дея ғудранганича қасабасини бошига қўндириб, чопонини йўл-йўлакай елкасига илганча, ташқарига йўналди.

Eшик олдига чиқди-ю, Собирни судраб келаётган Маматқулга кўзи тушиб, ҳушдан кетиб қолаёзди.
— Собирни қўйиб юбор, жувонмарг! — деганча югуриб бориб Маматқулнинг қўлларига ёпишди Бувгул хола. — Қўлингни торт! Билагини қаттиқ қисиб юбординг, жувонмарг...
— Йўлдан қочинг, эна! — Маматқул жаҳл билан онасини силтаб юборди.

Бувгул хола гандираклаб кетди, ўзини ўнглагунча Маматқул укасини қайсар ҳўкизни судрагандай даҳлизга судраб кирди.
— Эна! Нега энамни...

Eшик зарб билан ёпилди.

Бувгул хола ўзини ўнглаб ичкарига кирганида Маматқул аллақачон Собирни каравот панжарасига қўшиб боғлаб қўйганди.
— Унга яқинлашманг, эна! — Маматқул онасининг йўлига кўндаланг бўлди. — Аввал гапни эшитинг! Унга қараманг, жин урмайди унингизга. Жун рўмолингиз билан боғладим қўлини...
— Ўзингни ажина чалмадими, болам?..
— Бунингиз саҳарлаб қаерда юрибди, биласизми? Билмасангиз билиб қўйинг, бунингиз азонда Маҳкамбой левакнинг уйига бориб, ухлаб ётган ерида ёқасига ёпишиб, роса тепкилабди! Сенинг дастингдан шу кўйга тушдим, деб томоғи йиртилгунча тоза бақирибди. Ҳалиям Маҳкамбой левак инсоф қипти. Бунингиз қанча тепкиласаям индамай ўтираверибди. Ўғли бориб мени чақириб келганидаям бу тентагингиз Маҳкамбой левакни коптокдай тепкилаб ётганди. Зўрға ажратиб олдим ўзиям. Уйга келгунча менгаям тоза ҳунарини кўрсатди, тинмай сўкинди-я, товба. Тоза оғзи шалоқ бўп кетибди бунингизни. Ўтинаман, эна, шу сафар улингизни оқламанг. Маҳкамбой аканинг олдига бориб нотўғри иш қилди. Тўғри, ўша одам машинасиминан уриб кетмаганида Собир бу аҳволга тушмасди. Лекин у одам қилмишига яраша жазосини олди, қамоқда ўтириб чиқди!
— Жазосини олгани йўқ! — кўзлари қонга тўлган ваҳшийдек қичқирди Собир. Унинг лаблари кўкариб, икки чаккасидаги томири ўқловдай туртиб чиққанди.
— Қамоқда ўтириб чиқди-ку!
— Унга ўн йил беришганди. Лекин у икки йилда қайтиб келди. Шу билан оқланган ҳисобланадими?! Одамнинг қадри шуми? Тўғри, тирик қолдим, лекин бундан кўра ўлганим яхши эди... — Собир қўлларини бўшатмоқчи бўлиб жазава билан юлқинди, аммо уринишлари зое кетгач, бирдан йиғлаб юборди.

Букри ҳайкалдек тек қотган Бувгул хола пилдираб бориб ўғлининг олдига чўққайди.
— Садқаи кўз ёшинг кетсин... Вой-бўй, уст-бошинг жиққа ҳўл бўлиб кетибди-ку! Тез устингни алмаштириш керак, — Бувгул хола шоша-пиша Собирнинг қўлини ечишга тутинди.
— Қочинг, мен... — Маматқул яқин келди.
— Йўқол!!! — Бувгул хола бутун ғазабию нафратини шу сўзга жамлади.

Маматқул серрайиб турди-турди, сўнг бошини қашлаганча чиқиб кетди.

Кечга бориб Собирнинг иситмаси кўтарилди. Қўшни келин иситмани туширадиган укол қилганди, Собир беш дақиқа ўтар-ўтмас қалтироқ тутиб, ҳушдан кетиб қолди.

Яна касалхона.

Ҳаво совуқ. Хона ундан баттар совуқ.

Тизза бўйи қор устига яна паға-паға лайлак қор ёғарди.

Бувгул хола табиатни ёмон кўриб қолди. «Боламнинг бахтига кунлар илиқ-иссиқ бўлиб турса не қиларди? — ўйларди она юраги сиқилиб. — Боламнинг жонига қасд қилганми нима бало?!»

Собирнинг иситмаси тушган, аммо аҳволи анча оғир эди.

Шундай бўлса-да, бир ҳафтадан кейин унга уйга қайтишига рухсат тегди.
— Болам, яна беш-олти кун ётса бўларди, — деди Бувгул хола дўхтирнинг ҳузурига бориб. — Иситмаси тушди, лекин...
— Ўтган сафар айтганларим эсингиздами? — холанинг гапини кесди таниш дўхтир. — Неча йиллардан буён имкон қадар ўғлингизни даволаб келдим, даволаяпмиз яна. Бу сафар юраги мини инфаркт бўлган экан, керакли муолажани олди. Бу ерда ётавергандан фойда йўқ. Совуқни кўрмаяпсизми? Қувурлар ёрилиб кетганидан бери касалхонанинг музлатгичдан фарқи қолмади...
— Ток печка опкеламан...
— Тушунмаяпсиз, опа!
— Бу ерда ҳарна бехавотир бўлармиди, дейман...
— Ортиқча палата йўқ.

Хонага басавлат дўхтир кирди.
— Бора қолинг, — мулойимгина жавоб берди таниш дўхтир.

Бувгул хола йўлакка чиқиб, эшикни ёпди. Ўйга толиб, эшикка суянди. Шу вақт ичкаридан таниш дўхтирнинг овози эшитилди:
— Ўғлининг уч ойлик умри қолган. Энди унга укол-дори ҳайф! Лекин буни менаров аёлга тушунтиролмай ҳалакман. Одамларимиз қанчалар оми!

Бувгул холанинг қўл-оёқлари музлаб қолди...

Кўзини очганида ўзини ўғли ётган палатада кўрди. Устига адёл ёпилган, билагига осма уколнинг нинаси санчилган...

Ёстиқдан бошини кўтариб, онасининг юзидан кўз узмай турган Собирнинг қуруқшаган лабларидан учган сўзлар узоқ-узоқлардан эшитилгандай туюлди:
— Яхши бўлиб қолдингизми, эна?..

Бувгул хола хиёл бошини кўтариб ўғлига қаради.
— Мен яхшиман, болам, ўзинг-чи?..
— Эртага уйга кетарканмиз! — деди Собир, овози шу қадар беғубор эдики, хаста одамнинг овозига ўхшамасди сира.

Бувгул хола бўш қўли билан ёқасини ушлади...

Деворларнинг сувоғи кўчган, ўйдим-чуқур, дераза ойналари хира, анча қаровсиз, аммо қадрдон уй...

«Боламнинг кун-соати битиб бораётганини сезмайманми? — уйга келганидан кейин ҳам таниш дўхтирнинг гапларини ўйлаб хуноби ошди Бувгул холанинг. — Касалхонада бўлса... унча қийналмайдими, девдим... Ким билсин, болам яшашни бунчалик истамаганида балки кўпроқ яшармиди! «...дори-дармон ҳайф», эмиш. Қисиб қолган дориларини бошқаларга пуллайди-да энди. Палатани ҳам балки кимгадир тўғрилаб қўйгандир?.. Собир ҳақ: одамнинг қадри шуми?!.»

Бувгул хола эртаю кеч ўғлининг ёнидан жилмас, ухлаган вақтларида юзига термулиб ўтирар, уйғонганда бир йил кўришмаган одамдек соатлаб гаплашарди. Хаёлига нима келса, шуни гапирарди, муҳими, Собир маҳзун ўйлар гирдобига тушиб қолмаса бас. Ўғлининг рангпар чеҳрасидан лоақал йилт этган табассум сирғалиб ўтиши учун шўрлик она нималарни тўқиб-бичмасди?

Вақти-вақти билан Бувгул хола ўғлининг ўртоқларини меҳмонга чақиришни ҳам унутмасди.

Февралнинг ўрталарида Собир бутунлай тўшакка михланиб қолди. Ҳатто ҳожатни ҳам онасининг ёрдамисиз эплай олмасди.
— Эна, мени деб кўчага ҳам чиқолмай қолдингиз. Бола пайтим қараганингиз етмагандай, ҳалиям тувагимни тўкиб юрибсиз, — дерди Собир хижолатдан қизариб.
— Кўчага чиқолмай қолдингиз, дейсан нуқул, шундай совуқда нима бор менга? Ғувжинглаб эшикма-эшик юргандан кўра иссиққина уйда ўтирганим яхшимасми? Уйингизга кирсам, чиққим келмайди сира, дейди уколчи келин. Уларнинг уйи яхлаб ётибди. Кўмирлари йўқ экан!
— Ёзга чиқиб олсам, қўлингизга ҳатто супурги ҳам ушлатмайман!
— Ёзга ҳам нима қолди? Феврал ўтди ҳисоб. Мартнинг сал-пал аёзи бўп туради-ку, лекин апрелдан қўрқмаса ҳам бўлади. Кейин у ёғи ёз, Худо хоҳласа!

Шу тахлит самимий бошланган суҳбат бир соатлардан кейин бутунлай бошқача тус олади.
— Эна, анов киши ким? — ётган ерида кўзи билан эшик томонга ишора қилади Собир. — Қачондан бери менга тикилиб турибди...
— У ерда ҳеч ким йўқ, болам, — дейди Бувгул хола юраги орқага тортиб.
— Яхшилаб қаранг, ана, қараб турибди-ку менга!
— Чарчадинг, болам, бироз мизғиб оласанми?
— Аввал анови бу ердан кетсин!.. Ие, мен уни нотаниш бир одам десам, отам экан-ку! Қаранг, эна, отам келди. Уйга киринг, демайсизми? Дастурхон ёзмайсизми? Нега жим қараб турибсиз, эна? Ахир отам келди!
— Майли, отангга ўзим қарайман. Сен мизғиб ол, бир пас, кейин...
— Нега айтганимни қилмайсиз, эна? Отангга ўзинг қара, деганингизми бу?! Қарамасангиз қараманг, ўзим... — Собир туришга интилди.
— Жон болам... — Бувгул хола ўғлининг елкасидан тутиб ўрнига ётқизди, аммо Собир яна туришга ҳаракат қилиб юлқина бошлади. — Жон болам, жойингга ёт... Отангга ўзим қарайман, дедим-ку... Сен пича мизғиб олгин, илтимос...
— Эна, энажон... — муштдай кампирга қаршилик қилгулик ҳоли қолмаган Собир ўзини ёстиққа ташлаб, йиғлай бошлади энди. — Нега вақтида айтганимни қилмадингиз, эна? Отам аразлаб кетиб қолди! Энди тўйни отамсиз ўтказамизми? Отамсиз ўтказамизми тўйни?..
— Хафа бўлма, отанг яна келади, — Бувгул хола ўғлининг қонсиз юзини силаркан... юм-юм йиғларди.
— Келаман, дедими отам?
— Келаман, деди. Ўзинг ҳам эшитгандирсан?
— Эшитмадим... Лекин отамга ишонаман, келаман, деган бўлса, албатта, келади.

Собир аста-секин тинчланиб, ухлаб қолди.

Бошқа бир кун, ярим кечаси Бувгул хола Собирнинг ваҳимали қичқириғидан юраги ёрилгудай бўлиб уйғонди.
— Эна, анови жулдур кийимли хотинни ҳайданг! Устимга бостириб келяпти, ҳайданг, ҳайданг, деяпман! — дея ётган ерида тўлғониб қичқирарди Собир.

Бувгул хола жон ҳолатда югуриб бориб чироқни ёқди, сўнг муздай сув олиб келиб ўғлининг юзига сепди.

Собир чуқур нафас олди-ю, бирдан тинчиб қолди. Бувгул хола аста эгилиб, ўғлининг кўксига қулоғини қўйди, ҳаприққан юрак бир неча сония қаттиқ-қаттиқ уриб турди-да, сўнг секин-аста маромига тушди.

Бувгул хола хотиржам тортди. Чироқни ўчиришга борди. Шу вақт бехосдан ўғлининг юзига кўзи тушди. Собир гўё бир дақиқа ҳам ухламаган, алаҳламаган одамдек кўзларини катта-катта очиб онасига қараб ётарди.
— Чанқадингми, болам?..
— Чанқадим, лекин қайнатилган гуруч сувини ичмайман энди.
— Нега?..
— Ҳеч бўлмаса, тўйимда гуруч сувини тиқиштирманг, эна!
— Тўй...
— Ҳа, тўйим бўляпти! Сиз нега тўйга чиқмаяпсиз, эна? Ҳамма ҳовлининг чангини чиқариб ўйинга тушиб ётибди-ку. Ё Марвариднинг менга тегишига ишонмаяпсизми, эна! Хавотирланманг, Марварид касаллигимни билади. Била туриб, турмушга чиқяпти менга. У менга нима деди, биласизми? Уят бўлса ҳам айтаман сизга, чунки менинг сиздан бўлак қадрдоним, сирдошим йўқ! Айтаверайми, эна?..
— Айтавер, болам.
— Мен сизнинг юрагингизни севаман, иштонингиз ичида бирор нарса бўлиши шарт эмас, деди у менга.

Бувгул холанинг юзидан иссиқ чиқиб кетди. Гап тополмай қолди.
— Мана, кўрдингизми, эна, Марварид қанчалар доно! Бошқа ҳеч бир аёл бундай демаган бўларди. Шунинг учун ҳам уни телбаларча севиб қолдим-да! Нега индамайсиз, эна? Ё мендан хафамисиз?

Собир онасининг қўлидан тутди.
— Хурсандман, болам...
— Нега унда бизга бахт тиламаяпсиз, эна?
— Бахтли бўлинглар, илойим... Қўша қариб юринглар... илойим... — Бувгул хола ўкириб юборишдан базўр ўзини тийди.
— Энди бир ўйнаб беринг, эна. Менинг тўйимда ўйнамайсизми? Акамнинг тўйида роса ўйнагандингиз-ку!
— Ўйнайман, болам... Сал нафасимни ростлаб олай...
— Туринг, тура қолинг энди. Ҳамма сизга қараяпти, ўйнай қолинг, эна, энажон...

Собирнинг титроқ бармоқлари онасининг қўлларини пайпаслай бошлади.
— Бўпти, ўйнайман... — Бувгул хола лабини қаттиқ тишлаб, ўрнидан турди.
— Ҳей, машшоқлар! — қичқирди Собир. — Дунёдаги энг яхши куйни чалинг. Менинг онам рақсга тушяпти! Менинг онам!..

Бувгул хола кўзларини чирт юмиб, навдадек билакларини юқорига кўтарди...

Тун бўйи ўзининг тўйини қилиб, уриниб қолган Собир тонгга яқин тинчланиб, уйқуга кетди.

Бувгул хола ҳам титраб-қалтираганча тўшакка қулади...

Икки соатлардан кейин бироз тиниқиб, енгил тортиб уйғонди. Ёнида Маматқул ўтирарди.
— Бугундан бошлаб ҳайдасангиз ҳам кетмайман, — деди у ерга қараб. — Собирга ўзим қарайман. Ҳанифа келиб эшикдаги ишларга қарашиб туради.
— Собирга ўзим қарайман, уни деб овора бўлманглар, — деди Бувгул хола ўрнидан туриб, қасабасини тўғриларкан.
— Қарашсам нима бўпти? Кечасиминан Собир бақириб чиқаётганмиш... Одамлардан эшитдим! Бир оғиз айтмайсиз ҳам...
— Қарға қағилласа ҳам одамлар Собир бақирди, дейверади. Сенам, хотининг ҳам овора бўлманглар.
— Сизга ҳеч тушунмайман, эна. Мени шунчалик ёмон кўришга арзийдиган нима айб қилдим?!
— Иккита боланг бор, қай бирини ёмон кўрасан?!
— Нега одам ажратасиз бўлмаса? Сенга ишонмайман, деб очиғини айтиб қўя қолинг, яхшиси!

Бувгул хола индамади.

* * *

Ўтган йилнинг кузи эрта келганди. Янги йилнинг баҳори негадир кечикди... Сурункасига ёмғир аралаш қор ёғарди.

Нам, изғиринли ҳаво аримасди борлиқдан.

Ҳатто, биринчи май куни қор ёғиб берди.

Собир кундан кун мадордан кетиб борарди. Тунлари тез-тез нафаси қисиларди. Бўйни тол хивичдай, қовурғаларини санаса бўларди, иситма қоқ-қуруқ вужудини бетиним ларзага соларди...

Аммо тили ҳар доимгидай бийрон эди.
— Эна, яхши бўлиб кетсам, бировдан қарз олиб бўлсаям, сизга дунёни кўрсатардим!
— Илойим, ниятингга ет, болам.
— Аммо ҳозир шундай ташқарига чиққим келяптики!.. Ўз оёғим билан юриб кўчаларни бир айланиб келсам, дейман... Мана бу еримда тош бўлиб турган нарса ёзилиб кетармиди...
— Акангга айтаман, ҳозир келиб сени ҳовлига олиб чиқади.
— Акам мени кўтариб олиб чиқадими?

Бувгул хола нима дейишни билмай, каловланди.
— Нима, мени бир умрга кўтарам бўлиб қолди, деб ўйлаяпсизми? Мен ҳали ўз оёғим билан юраман! Фақат ёз келсин...

Собир деразага интиқ тикилди.
— Лекин ҳозир акамни чақирманг. Қачонки соғайиб кетсам, ўз оёғим билан юриб ҳовлига чиқаман! Оз қолди, яна бироз чидасам... бас!

Бувгул хола ўғлининг матонатига тан берди ичида, шунча азоб-уқубатлардан кейин ҳам Собирнинг ҳаётга бўлган иштиёқи сўнмагани, субҳидам чоғи янги кунни қувонч билан қарши олишини кўриб ҳайратга тушади.

Аммо кечга бориб у яна ўзини йўқотиб қўярди. Айниқса, кейинги кунларда олдига одам киришини ёқтирмай қолди. Ҳол сўраб кирган таниш-билишларини олдига солиб қувларди.
— Йўқол ҳамманг бу ердан! Пишириб қўйибдими бу ерда сенларга?! Ким чақирди ўзи сенларни? Кино кўргани келдиларингми бу ерга?!

Собир шалоқ сўзлар билан сўкинар, қўлига илинган нарсани эшикка қараб улоқтирарди.
— Эна, Собирни деб адо бўлдингиз-ку, — деди Маматқул кунларнинг бирида онасига ачиниб. — Аҳволингизга бир қаранг, сўроқ белгисига ўхшаб қопсиз! Собирнинг энди ўнгланиши қийин... Уйдан чиқаётган пешоб ҳиди димоқни ёради. Сизнинг димоғингиз ўрганиб қолган, шунинг учун ўзингизга сезилмайди. Лекин одамлар нималар дейишмаяпти!
— Одамлар менинг уйимга кирмай қўяқолишсин!
— Гап фақат бундамас. Эр етган йигитни ўзи ювиб-тарайди, бу кампирнинг иймони ҳам қолмади, дегувчилар ҳам бўляпти ахир!
— Менинг иймоним — болам! У ёғи билан ишинг бўлмасин.
— Жаҳлим тезлигини билиб укамга яқин йўлатмаяпсиз мени, биламан буни. Менинг эса сизга жоним ачийди. Собир энди аввалгидек бўлмайди. Яхшиси, уни ногиронлар уйига топширай...

Маматқул гапини тугатолмади, юзига тушган тарсакидан кўзлари чақчайиб кетди.
— Қорангни ўчир! Даф бўл! — Бувгул хола эшикни ланг очди.

Маматқул чиқиб кетди.

Бувгул хола бироз кутиб турди, сўнг тез бориб кўча эшикни тамбалади.

«Ақлдан озяпман», — хаёлдан ўтказди она айвон устунига суянганча.

Кечга яқин ширакайф Маматқул дарвоза олдида анча турди. Бувгул хола эшикни очмади.

Маматқул дераза тагига келиб обидийда қила бошлади:
— Мен ҳар доим сизга яхши бўлсин, дейман... Лекин сиз буни тушунмайсиз!.. Биламан, сиз бўлмаганингизда укам аллақачон ўлиб кетарди. Аммо ўзингизни ҳам ўйланг-да!..

Бу гапларни Собир ҳам эшитди. Савол назари билан онасига қаради. Сўнг:
— Баъзида одамлар дарддан ҳам хавфлироқ бўлишади, — дея пичирлади у.

Бувгул хола индамади.

Маматқул оби-дийда қила-қила охири кетди.

Нимқоронғи хонада она-бола қолишди. Иккисининг ҳам аҳволи яхши эмасди. Аммо чурқ этишмасди. Не кунларни бошдан ўтказиб келаётган она-бола айни дамда бир-бирларига тасалли бефойдалигини билишарди...

Июннинг ўн бешинчи куни Собир оламдан ўтди. Шундан кейин кунлар бирдан исиб кетди. Ланғиллаган осмондан қуёш аёвсиз кун сочар, замин оловга ташланган ёнғоқ сингари паққос ёрилиб кетадигандек ҳарсиллар, дов-дарахтлар эса кундан-кун кўкка бўй чўзарди...

Одамлар хурсанд: «Ёмғирнинг мўл бўлганидан экин-тикиннинг авжи баланд. Бу йил арзончилик бўлади, Худо хоҳласа!»

Бундай хурсандчилик биргина Бувгул холанинг кўнглига сиғмасди. Айвон устунига суяниб, мунғайиб ўтирган она бир сўзни такрорларди:
— Мен ёмон қолдим, сен яхши бор, болам...

Сўнг бирдан қаҳрланиб олов пуркаётган осмонга тикиларкан савдойиларча шивирларди:
— Одамни эрмак учун яратиб, уни эплай олмай қолганингдан кейин ўлимни ўйлаб топдингми?.. Оловинг мўл экан, нега шуни вақтида бермадинг?!.

«Ёшлик»; журналининг 2009 йил 2-сонидан олинди.