OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЗуннун Тоҳир
Асар номиПосбон (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Уйғур адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Зуннун Тоҳир
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲабибулла Зайниддин (Уйғурчадан)
Ҳажм94KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/25
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Посбон (қисса)
Зуннун Тоҳир

1

— Нима дедингиз? — Ҳозиргина ҳисоб чиптасини қўлига олган одам турган ерида қотиб қолди.
— Шундай, иним, — деди кескин оҳангда шифокор, — яна 200 минг юван топширмасангиз, онангизнинг ҳаётини сақлаб қололмаймиз, тушунарли бўлса керак?!

Бу гапни эшитган Абайнинг боши ҳушидан учиб, қуйи тушиб кетди. У азалдан ер шарининг айланишига ишонмасди. Лекин энди, шу топда ер шарининг ҳақиқатан ҳам айланаётганини ҳис қиларди. Шифокорларнинг хонаси билан онасининг ётоқхонаси бир девор эди. У ётоқхонага чиққунга қадар оралиқда ер шарининг ўз ўқи атрофида саккиз марта айланганини аниқ санаёлди. У ҳозиргина йиқилиб кетгудек, деворга суяниб, онасининг ёнига зўрға кириб келди.
— Нима бўлди сенга, болам, жуда ташвишли кўринасан? — деди Робихон қовжираган лабларини базўр қимирлатиб.
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, ойижон, сизга шундай туюлгандир, — Абай бошини бир ёнига олиб қочувди, бир неча томчи ёш ёноғидан сирғалиб тушди. Бу ҳол Робихоннинг нурсиз нигоҳидан қочиб қутулолмади. У Абайни “пулдан сиқилиб қолганга ўхшайди” деб, ҳол сўрамоқчи бўлувди, бироқ яна ўғлининг кўнглини аяб:
— Касалхонадан чиқиб кета қолайлик, болам, — деди.
— Тузалмасдан туриб-а? Ойижон, мен бундай қилишга ўлсам ҳам йўл қўймайман, — деди ёшли кўзини онасидан яшириб, ҳамон бир томонга қараган ҳолда.
— Ҳозир анча яхши бўлиб қолдим, болажоним, — Робихон ўзини тетик кўрсатишга уриниб, ўтирмоқчи бўлувди, боши айланиб, яна ноилож каравотга чўзилди. Онасининг эгнидаги новвотранг кўйлакдек қовжироқ вужудини кўриб, Абайнинг қаттиқ кайфи учиб кетганди.
— Нима бўлди сизга, онажон? — Абай онасини қучоқлаб, аста юзини силай бошлади.
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, болажоним, — Робихон эти қочган титроқ кафтини Абайнинг юз-кўзларидан юргизди. — Айтмасанг ҳам ҳаммасини билиб турибман, болам, сотгудек ҳеч вақомиз, қарз сўрагудек кишимиз бўлмагач, 200 минг юванга қайга борамиз?..
— Пулдан ғам еманг, ойижон, — Абай оғзида шундай дегани билан пулни қандай топишни билмасди. Айни шу кунларда Абайнинг қариндош-уруғлари, ёр-дўстлари орасида минг юванга ҳам қудрати етадиганининг ўзи йўқ эди. 200 минг юванни гапирмаса ҳам бўлади. Абайнинг кўз ёши онасининг кафтини жиққа ҳўл қилиб юборди.
— Мен сендан розиман, болажоним, розиман, — муштипар она шундай дер экан, Абайнинг эндиликда гўё баланд тоғдан ошиб тушаётган шалола сингари дуриллаб тўкилаётган кўз ёшини кафтида артиб, унинг қизарган кўзига умид билан тикилди. — Уканг икковингга турмуш керак, шифохонага сарфлайдиган пулга икковингни уйлантириб қўяй, худо шунгача ҳаёт чироғимни ўчириб қўймасин-да. Лекин... пулни қаердан топамиз?

Абай ўзининг чорасиз ўғил бўлиб қолганлигидан қаттиқ ўкинарди. У бошқа тижоратчи савдогар йигитлардек ишга уқуви бўлганда, ерини сотгандаги 400 минг юванни бунчалик тез йўқотмаган бўларди. Қайтанга уни айлантириб, бир неча миллион қилган бўларди. Мана, бугунги кунга келиб пул ўзининг қудратини кўрсатмоқда. 200 минг юван бўлсагина Урумчидаги тажрибали профессорлар келиб онасининг юрагини операция қилишарди. Абай онасига гапирмоқчи бўлиб тамшанганди, томоғига бир нарса тиқилиб, овози чиқмади. Ҳарчанд уринганидан терлаб кетди. Охири бироз ўзига келгандек бўлди.
— Ойижон, — деди у биров эшитиб қолишидан қўрққандай мулойим овозда, — энг аввал соғлиғингизни тиклайлик, қолгани бир гап бўлар.
— Бунча пулни қаердан топамиз, болам?
— Махсум амакимнинг олдиларига бориб кўрсамми дейман, — Абай онасининг қўлидан бўшаниб, кўзига умидвор тикилди. — Сизнингча, қандай бўларкин?
— Мен ҳам худди шуни ўйлаб турувдим, болам. Лекин... — Робихон тўхтаб қолди.
— Қарзни қандай узамиз деяпсиз, шекилли?
— Ҳа, бўлмаса-чи, ахир “олмоқнинг бермоғи, емоқнинг қусмоғи” деган гап ҳам бор-да, болам.
— Бизга фақат сизнинг соғлиғингиз керак, ойижоним. Сиз тузалиб оёққа туринг, менга шундан ортиқ ҳеч нарса керак эмас, — Абай ўрнидан турди, — укам икковимиз ишлаб узамиз қарзни, — шундай деб эшик томонга юрди.
— Қаерга кетаяпсан, болам? — Робихон яна нимадир демоқчи бўлгандек қўлини зўрға кўтариб мадорсиз қимирлатди. Эшик олдига борган Абай энди ортига қарамоқчи бўлганда, тўсатдан эшик очилиб, башанг кийинган Махсум кириб келди.
— Ассалому алайкум, — кутилмаган учрашувдан икки-уч сония тараддудланиб, Абай Махсумга салом берди.
— Ваалайкум ассалом, ўғлим, — Махсум қўлидаги нарсаларни Абайга тутқазди. Сўнгра Робихоннинг ёнига келиб, ўриндиққа чўкди.
— Абдулазиз биродарим ҳақида эшитиб чуқур қайғуга ботдим. Аллоҳ жойини жаннатда қилғай, — у кўзига келган ёшни дастрўмоли билан артиб, мақсадга кўчди. — Биродаримни сўнгги бор касалхонадалиги вақтида йўқлаб, шу куниёқ чет элга чиқиб кетувдим, мана, бугун келишим, кийимларимни алмаштириб уйингларга борсам, аҳволни қўшнинглардан эшитдим. Нимаям қилардик, Робихон. Икки боланинг бахтига, ишқилиб, яхши бўлиб кетинг-да.
— Раҳмат! — Робихон унсиз йиғлади.
— Кўнглингизни бузманг, — Махсум кастюмининг тугмасини ечиб юбориб, бўйинбоғини бироз бўшатиб қўйди, — одам деган умид билан яшаши керак, шундай эмасми, Робихон?!.

Абай мақсадини билдириш учун шошилиб сўз қотди:
— Сиз пулнинг ғамини қилмай, хотиржам даволанинг, ойижон.
— Нима гап? Мен тушунолмадим, — деди Махсум ҳайронлигини яширолмай, — пулинглар тугадими?
— Шундай, дадамларнинг ўзларигагина 350 минг юван кетди, — Абай сўз орасида бироз тин олди, — энди ойижонимга 200 минг юван кетаркан, шу пулни...
— Шу ҳам гап бўптими? — Махсум кўзини Абайдан Робихонга қаратди, — менинг пулим сизларнинг пулинглар деган гап-ку, сизларга ишлатмаган пулни мен нима қиламан-а? Абай-ку, ҳали ғўр, ақли етмайди, сиз нега бундай қиласиз, Робихон?
— Сизни яна овора қилгимиз келмади-да, Махсумжон.
— Овора-повораси йўқ. Вақтида сизларнинг менга кўрсатган яхшилигингиз учун мен бир умр қарздорман, Робихон, — Махсум сўзининг охирига урғу бериб айтди, ортидан Абайга қараб давом қилди, — бу, бундан йигирма беш йил илгариги иш эди, ўғлим, мен “Номаълум бозорчи” деган тамға билан сизларнинг қишлоққа сургун қилингандим. Бир куни бир тўда одамлар ҳеч нарсадан-ҳеч нарса йўқ, мени тутиб олиб уриб, чалажон ҳолатда дарё бўйига ташлаб кетишганди. Ўша вақтларда ажалим етмаган экан, қамиш ўраётган даданг мени кўриб қолиб, уйида роса икки ой асраб ётди. Ўшанда мана шу бояқиш онанг сизларнинг ризқингизни менга бериб яхши боққан эдилар. Кейин мени калтаклаган аблаҳлар гумонсираб дадангни қаттиқ қийнашди, даданг ҳеч нарса демади. Унинг буйраги билан жигари ана шу чоғда мени сақлаб қолиш эвазига оғир захмланган экан. Қани, ўзинг айтгин-чи, болам, даданг билан онанг шу вақтларда мени қутқариб қолмаганларида, ҳозиргидек катта бир гуруҳнинг етакчиси бўлолармидим? — Махсум жилдираб оқаётган кўз ёшларини артиб сўзини давом эттирди, — мен дадангдан, бутун оиланглардан бир умр қарздорман. Қанча пул кетса кетсин, аммо мен онангнинг касали буткул соғаймагунча ҳар қандай чиқимдан қочмайман. Сизларни ҳеч нарсага зориқтирмайман.
— Кўп раҳмат, Махсум амаки, — Абай эгилиб таъзим қилди, — Ундай бўлса даволинишга кетадиган пуллар қарз ҳисобида бўлсин.
— Бу нима деганинг болам?
— Дадам раҳматлик доим “бировнинг ҳаққи оғудир” дердилар, — Абай тушинтирди, — ажир қилмай пулингизни харажатласак, отамизнинг арвоҳи бундан ранжийдур. Бусиз ҳам дадамнинг ерни сотмаймиз деганларига қулоқ солмай, сотиб мана шу ҳолга тушиб қолдик.
— Ўша вақтда мен ҳам аралашмаган эканман, — Махсум қўшиб қўйди, — бироқ онанг икковинглар қаттиқ туриб олдинглар...
— У ер учун фақат мен ўзим айбдорман, — деди Абай.

2

Махсумнинг ҳомийлиги билан Робихоннинг юраги операция қилиниб, бир ойга етмай шифохонадан ҳам чиқди. Бунга 240 минг ювандан ортиқ пул кетди. Махсум машинаси билан Робихонни туман бозоридаги уйига етказиб қўйди. Абай бир ой давомида ширкатнинг ишлари билан танишиб чиқди. У онаси билан уйда бир кун бирга бўлиб, эртасигаёқ шаҳарга қайтиб келди. Махсум Абайга ширкат жойлашган бинонинг 2-қаватидан икки хонали ишхона ажратиб берди. Абай бу хоналарнинг ичкарисидагини ётоқ, ташқарисини эса бўлим қилиб олганди. Унинг зиммасига юкланган доимий вазифаси бўлмаса-да, бўлимда ширкатга дахлдор ҳужжатларни ёки газета-журналларни кўриб ўтирарди, оралаб алоқадор ўринларга турли йўлланмаларни етказиб берарди. Емак-ичмак ҳам ширкат меҳмонхонасининг ошхонасида эди. Ошхона хўжайини Махсумнинг жойлаштириши бўйича Абайдан бир тийин ҳам ҳақ олмасди. Кўп ўтмай Абай кўзга кўриниб қолди, у йиғинларга чақириладиган бўлди, унга ўзларини яқин тутадиганлар кўпая бошлади. Бошида ширкатдан нарига бормайдиган Абай мана энди чинакам яп-янги енгил машина ҳайдайдиган йигитлар, шўх-шодон қизлар билан қаерларга борадиган бўлмади дейсиз. Қатор зиёфатлар охирлашиб, навбат Абайга келди. Унинг бошқалар каби уч ёки тўрт юлдузли меҳмонхоналарнинг ресторанига меҳмон чақиришга қурби етадиган бўлиб қолди. Махсум унинг қўлига юз ювандан ортиқ пул тутқазмаганди. Пул сўрашга эса оғзи бормасди. Айтмаса ҳам унинг ҳеч нарсаси кам эмас эди. Ҳатто камёб атир совунларгача ҳаммасини ширкатнинг чиптаси билан ололарди. Абай ўн тийин топмай ҳанузгача Махсумнинг пулини сарфларди. Унинг бу ишлардан юзи кўйиб бир марта: “Махсум амаки, мени пул топадиган ишларга қўйсангиз яхши бўларди, чунки бекор еб ётишга номус қилаяпман”, деганда, Махсум: “ҳозир вақти эмас, ҳарҳолда ёмон ишлардан ўзингни тортиб тур”, деб жавоб берган эди. Абай ёмон ишни бадхаржлик деб биларди. Шу боис чиптани бўлар-бўлмасга ишлатмасди. Дўстлари билан бўлган гапни эса ширкатнинг келгусидаги ишлари учун пойдевор деб тушунарди. Нима бўлса-да, гап бериш навбати Абайга келганди. У бошида бу хусусда Махсумнинг фикрини олишни ўйлаганди. Аксига олгандек, Махсум ширкат хизмати билан “ичкарига” (Хитойга) кетганди. Нима қилиш керак? Келишини кутсинми? Вақт зиқ, кечиктириб бўлмайди. Ниҳоят, Абай дўстларини ширкат меҳмонхонасининг ошхонасида кутишга қарор қилди. Гарчи бу ошхона юлдузли ресторанга ўхшамаса-да, аммо унинг безак ва жиҳозлари ўша ресторанлардан асло қолишмасди. Абайнинг дўстлари мамнун бўлиб қайтишди. Шу куни унинг чиптасига 3200 юван чиқим қайд этиб қўйилди. Орадан уч кун ўтгандан кейин Махсум ширкатда пайдо бўлди. Абай уни йўқлаб қабулхонага кирди.
— Ассалому алайкум, амаки, яхши бориб келдингизми? Ҳол-аҳвол сўрай деб ҳузурингизга келувдим.
— Ваалайкум ассалом. Жуда яхши қилибсан, кел жигарим.

Ораста безатилган улкан қабулхона. Абай бу ерга хизматга келгандан буён бир марта ҳам кириб кўрмаганди. Махсум қўл олишиб кўришди:
— Қани, ўтир. — Абай у кўрсатган креслога чўкаркан, хонага ийманибгина кўз югуртира бошлади, Махсум ҳам унинг рўпарасида ўтириб сўзида давом этди:
— Ҳа, онангнинг соғлиғи қандай?
— Жуда яхшилар, — Абай жавоб бераётиб аллақандай бир ишни хато қилгандек бирдан тўхтаб қолди, сўнг саросимали оҳангда давом қилди. — Ҳа, айтмоқчи, ўзингиз қандай, олис ерларда қийналмадингизми? Азбаройи ҳовлиққанимдан сиз билан дурустроқ ҳам сўрашолмадим. Афв этасиз...
— Ҳечқиси йўқ, ўғлим... — Махсум гапга оғиз очганида кимдир эшикни тақиллатмай, бетакаллуф қабулхонага кириб келди, бундан бошлиқнинг ғазаби қайнаб, нотаниш одамга ўшқириб берди: — Эшикни тақиллатмай кирасан, бу ер сенга карвон бозорми?!
— Узр, хўжайин, хафа бўлманг, м-мен ... шаҳар ҳокимиятининг...
— Қаернинг одами бўлишинг билан ишим йўқ, — бошлиқ янада ўшқирди. — Олдимда одам борлигини билмадингми? Қани, ҳозироқ кўзимдан йўқол!

“Ў Аллоҳ! — Абайнинг кўз олдида рўй берган бу ҳолдан ҳанг-манг бўлиб қолди”. Мен уни қўйдай юввош одам десам, ўзига етганча жаҳл экан-а...” — дедим ичимда.
— Хўш, болам, — деди бошлиқ нотаниш одам чиқиб кетгандан кейин Абайга кулиб қараб, — онангни йўқлаб турдингми?..
— Сиз кетгандан буён боролмадим.
— Мана шу ишни чакки қилибсан, — деди бошлиқ ўкингандай бошини чайқаб, — онанг ҳали буткул тузалиб кетганича йўқ. Сен ташқарига чиққанда муштипар-мушфиқ онангни унутиб давру даврондасан, онанг эса ҳатто ўзининг бемор эканлигини ҳам унутиб сенларнинг ғамингларни қилади, дийдорларингни кўргиси, оналик бағрига босгиси келади. Оналарнинг қайноқ меҳри, муҳаббати шунчалар кучлики, буни ҳеч қандай сўз билан таърифлаб бўлмайди! Қисқаси, агар мени отангдай кўриб, айтганларимни қулоққа оладиган бўлсанг, зинҳор-базинҳор ундай қилма. Онанг дуосини олишга интил, уни тез-тез йўқлаб тур. Сенга бу гапларни мен айтмасам, ким айтади, болам?!.
— Бўлди, амакижон, энди бошқа бундай бўлмайди.
— Яқиндан буён нима ишларни қилаяпсан?
— Бекорчилик, тайёрга баковул дегандай гап...
— Ана кўрдингми, ваҳолонки, қиламан десанг иш ғиж-ғиж. Хитой тили билан инглизчани ўрганаяпсанми?
— Ўрганаяпман, — Абай нечундир борган сайин безовталаниб, енгил титрашга бошлади. У Махсумнинг олдида илк марта ўзининг қўрқаётганлигини ҳис қиларди.
— Яхши, — Махсум сигаретадан бирини олиб, туташтириб чека бошлади, — ҳозир ҳам ўша дўстларинг билан борди-келди қилаяпсанми?
— Шундай...
— Яхши! Ҳозир дўстларинг қанчага етди?
— Ҳа... на... шу... эскилари...
— Гапинглар давом этаяптими?
— Шу... шундай, — Абай қўрққанидан бошини кўтаролмай қолди, — сиз.... келмай... шу... нинг билан....
— Жуда соз, — Махсум унинг гапини бўлди. — Бас, айтмай қўя қол. Ҳаммасини эшитдим. Хўш, эндиги гапни қайси ресторанда ўтказмоқчи бўлдинглар?

Абай қўрққанидан тобора бужмайиб борарди. У бармоқларини чалиштириб ўтирган ҳолда ер остидан Махсумга разм солди. Махсумнинг авзойида эса ҳеч қандай ўзгариш йўқ эди. У яна, ўша-ўша аввалгидай рўйхуш Махсум эди. Бироқ нечундир Абай гўё азроилнинг олдида тургандек титрай бошлади.
— “Марс” ресторанида, — Абай шу сўзни зўрға айтолди.
— Ҳо! Ҳо! Ҳо! — Махсум кинояли кулди, — яхши, ер шаридан Марсга кўчган бўлсанглар, эрта-индин бир-йўла қуёшга чиқиб ўйнайдиганга ўхшайсизлар, шекилли? — У тамакисини қаттиқ тортди.
— Қулоқ сол, мен сенга айтай, болам, сени ширкатга томоша қилдиргани эмас, кўрпага қараб оёқ узатармикин, меҳнат қилиб онасини боқармикин, деб олиб келганман, агар мана шундай юраверсанг, бирйўла гул эмас, кул бўласан, тушундингми, “ўтирган бўйра, юрган дарё” дегандек, сенга яна такрор айтаман — кул бўласан. “Қимирлаган қир ошар”, деб бежиз айтилмаган, бу гапнинг ҳам мағзини чақмоқ керак. — У ўрнидан туриб телефон гўшагини қўлига олди. — Онангга телефонни мен қиламанми ёки ўзингми?

Абай уйида телефон борлигини худди ҳозиргина эшитаётгандек бўзрайиб туриб қолди. Робихон касалхонадан чиққандан кейин, боғланиб туришга қулай бўлсин учун, Махсум уларнинг уйига телефон ўрнатиб берганди. Бошида Абай бир кунда неча марта онаси билан қўнғироқлашиб турди, кейинроқ бир неча кунда, ўшанда ҳам эсига келганда бир мартага тушиб қолди. Яқин ўрталардан буён эса, ақалли ҳафтада бир марта ҳам қўнғироқ қилмайдиган бўлди. Буни нима деса бўлади?! Абай эндигина ўзининг борган сари ўтирган ерига ботиб кетаётганлигини, ҳис қила бошлаганди.
— Бўлди, Махсум амаки, — деди Абай ўрнидан туриб, Махсумнинг олдига келди, — онамга қўнғироқни мен қиламан, рост, хатога йўл қўйдим, олдингизда уят ва қаттиқ хижолатдан бошимни кўтаролмай қолдим. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, сизга ваъда бериб айтаман, мен энди ҳаргиз бундай қилмайман.
— Энди бўлмайди! Сенга ишониб мен хато қилган эканман, одам бўлар, ақлини йиғиб олар, деб ўйлабман!.. — Махсумнинг овози кескин чиқди, — мен сени бундан илгари ҳам икки марта огоҳлантиргандим, бироқ ўзгармадинг. Қайтанга борган сари тубанлашиб кетаяпсан. Ҳатто сенга ишонган кишини ҳам ўзинг билан тубликка тортиб кетмоқчи бўлаяпсан! Сенки шундай бўлгач, ортингдаги укангнинг аҳволи қандай кечади? Уни ҳам сендан ибрат олмайди, деб ким кафолат бера олади, ким?..
— Бу сафаргиси сўнггиси бўлсин, Махсум амакижон, — деди Абай ва ўзини тутолмасдан йиғлаб юборди. — Ишонмасангиз онт ичаман, чизган чизиғингиздан чиқмайман, айтган сўзларингизни беками-кўст бажараман.
— Бўлди, қасам ичма, болам.

Махсум телефон гўшагини қўйгандан кейин, бир муддат ўйга толди, сўнг сирли оҳангда деди:
— Майли, бу гал ҳам энг охирги марта бир фурсат берай, мабода тарки одат — амри маҳол дегандай, ваъдангга амал қилмасанг, мен ҳайдамасимдан ўзинг кетганинг маъқул. Онангга харжлаган пуллар менинг сизларга қилган ёрдамим бўлиб қолсин, маъқулми? — деди Махсум кескин қилиб.
— Сизни ҳаргиз умидсизлантирмайман деб ваъда бераман, Махсум амаки.
— Жуда яхши, — дер экан, Махсум Абайнинг қўлига икки минг юванни тутқазиб мақсадга кўчди.
— Ҳозирнинг ўзида уйингга бориб, эртага қайтиб келгин. Бу пулни ҳозирча харажат учун бер. Индинга самолёт билан Гуонжуга учасан, у ерга боргандан кейин, олдингга бир одам чиқади. Ўтоқ, емак-ичмакларингни ўша одам ўзи ўринлаштиради. Унинг чизган чизиғидан чиқмайсан, ўтир деса ўтирасан, тур деса турасан. — Шундай дея, Махсум бироз жим қолди. Сўнг яна аста, вазмин ҳолда сўзида давом этди. — Яна қайдам, бу ердагидек у ерда ҳам бетайин юриб, ўзингга ҳам, онангга ҳам, қолаверса, ширкатга ҳам иш ортирмасмикинсан дейман?
— Сизни тушуниб турибман, “оғзи куйган одам қатиқни пуфлаб ичар”, демоқчисиз-да. Бундай бўлмайди, амакижон. Айтаяпман-ку, хўп десангиз, қасам ичай.
— Ҳожати йўқ, майли, ўша кун келаверсин-чи, у ёғи бир гап бўлар.

3

Абайнинг Гуонгжуда турганига ҳам бир ҳафтадан ошди. Унинг тушган ери обод бир жойдаги беш юлдузли меҳмонхона эди. Қиладиган иши қурилиш ускуналари заводига бориб, кунда икки марта буюртмаларни суриштириб туриш эди, қолган вақтларда ётоқхонада телевизор кўриб ўтирарди. Ора-сира, бошқаларнинг ҳамроҳлигида манзарали жойларни сайр қиларди. Кўнгилли дам олиш ишларини Жасур исмли бир йигит бажарарди. Бир марта Абай уйда ётавериб зерикиб кетганидан кўчага чиқиб, айланмоқчи бўлди. Аммо бу иш ҳам амалга ошмади, чунки у кўчага чиқиши биланоқ Абай илгари мутлоқо кўрмаган нотаниш кимса уни яна зум ўтмай ётоқхонага киритиб қўйди. Абай ётоққа кириши билан бошлиқ Махсумдан қўнғироқ бўлиб, уни обдон терга ботирди. Ана шундан бошлаб Абай Жасурнинг изидан чиқмасди. У энди ҳар доим заводдаги буюртма ишларининг боришидан хабар олгач, ўзга ҳеч нарсага қарамай, тўғри ётоғига қайтиб, диванга чўзиларди. Абай шундай кунларнинг бирида туш кўрди. Тушида оқ булутга миниб, оқ пахта териб юрганмиш. Ойдин кеча осмонида эса юлдузлар жимир-жимир қилишар, курраи заминга ғамзали нигоҳ ташларди. Замин ҳам оқ пахталарга бурканган эмиш. Ҳамма ерга оқ кўмирлар ёғилганмиш. Абай уйғониб кўрган ғалати тушидан ҳайратланди, унинг таъбирини ечолмай, ўрнидан туриб уйига қўнғироқ қилди. Гўшакни Робихон олди. Абай онасининг овозини эшитиб, хурсандлигидан юраги одатдагидан қаттиқроқ ура бошлади. Онасининг соғ-саломатлигини эшитгандан кейин, ҳозиргина кўрган тушини айтиб, таъбирини сўради:
— Ойижон, кўрган тушим яхшиликдан башоратми ёки, а... нима? — Абай гўшакни чап қўлига олди, — оқлик — у порлоқ истиқболнинг башоратими? Ўҳ-ҳу-ў, зўр туш экану?.. Хайр ойижон, ўзингизга яхши қаранг, хотиржам бўлинг, яхши ишлаб, Махсум амакимдан олган қарзларни тўлиқ узаман, кўришгунча соғ-саломат бўлинг. — Абай шодлигидан ўзини қаерга қўйишини билмасди. Шу пайт телефон жиринглади, Абай яна гўшакни олди.
— Ҳа, менман, ҳозирнинг ўзидаёқ боришим керакми? Маъқул. — Абай гўшакни қўйиб, ташқарига чиқди. Таксига ўтириб, белгиланган жойда тушиб қолди. Орадан кўп ўтмай қирқ ёшлар чамасидаги бир одам келиб у билан кўришди. Сумкасидан бир дона самолёт чиптасини олиб, Абайга берди.
— Яна уч соату қир беш дақиқадан кейин учади, — деди у вақтни эслатиб. — Жасур боя сиз билан қўнғироқлашгандан кейин муҳим бир иш билан Жиёнг-нанга кетди. Сизни кузатиб қўйишни менга топширди. — У соатига қараб мақсадга кўчди. — Заводдаги буюртма, яъни қурилиш ашёлари бугун поездда йўлга чиқади. Сизнинг бу сафарги вазифангиз тугади. Самолёт учишига ҳали анча бор. Юринг, дўконларни айланиб, уйга у-бу совға олволинг.
— Иложи йўқ. Ортиқча пул олмаганим ҳозир панд бераяпти, — деди Абай эркин ҳолда гўё ўзига-ўзи гапираётгандек эшитилар-эшитилмас овозда.
— Сиқилманг, жаноб, арзимаган нарсага, — деди бояги одам кулиб, — Жасур бунинг ҳам иложини қилиб, буларни адо этишни менга топширган. Совға-саломларга ажратилган пулларингизга нарсаларни ўзим олиб бераман, қани, кетдик!

Абай турган ерида михланиб қолгандек қимирлаёлмай қолди. Уйга ҳам олис элдан “мозор босди” дегандай қуруқ қўл билан қайтишга хижолат чекарди. Бироқ совғаларни мутлақо бегона бир одам олиб бермоқчи бўлаётгани унга яна-да оғир ботар, виждони азобланарди. У соддагина қилиб:
— Раҳмат, ака, — деди. Бояги одам Абайнинг хижолат бўлаётганлигини сезиб, иш бошқарувчининг телефон номерини босди.
— Жасурмисиз?
— Ҳа, бу мен.
— Абайга ўзингиз бир нима демасангиз, менинг айтганимга унамаяпти, — деди сўзини тугатиб гўшакни Абайнинг қўлига тутқазаркан.

Гўшакдан Жасурнинг овози янгради:
— Қўлингизга нақд пул берилмаганлигининг боиси посбоннинг бўйруғидир. Қолаверса, ҳаётингизда Гуонгжуга биринчи марта келиб, энди юртингизга қуруқ қўл билан қайтсангиз хунук бўлади. Шунинг учун берган нарсаларни иккиланмай олаверинг...
— Абай Жасурнинг сўзидан таъсирланди. У Жасурга миннатдорчилик билдирмоқчи бўлиб турганда телефон узилиб қолди. Абай афсусланиб уяли телефонни бояги одамга қайтариб берди. У одам Абайни беш қаватли бир магазинга бошлаб кириб, бир жомадон совға-салом олиб берди. Иккови магазин олдида тўхтатиб қўйилган машинага жомадонни солиб, тайёрагоҳга борди. Абай машинадан ўзининг жомадонини олгандан кейин, бояги одам яна бир жомадонни кўтариб тушди. У одам Абайга:
— Укам, манави менинг уйимга тегишли жомадон, — деди ва тушунтириб чўнтагидан манзил билан уяли телефонни чиқариб бераркан, қўшиб қўйди. Бу манзил, телефон номери, қўнғироқ қилсангиз олдингизга бир йигит келади, жомадон билан уяли телефонни бериб қўйишингизни сўрайман. Сизни овора қилиб қўядиган бўлдим, узр.
— Ҳеч қандай оворагарчилиги йўқ, ака, — деб Абай кулиб қўйди. Улар тайёрагоҳга келиб расмиятчиликни бажариб бўлгандан кейин, жомадонларни текширувдан ўтказиб, бошқа бир жойга топширишди.

Абай эртаси куни пешиндан олдинроқ уйига кириб келди. Она-бола хурсанд, чой устида энди суҳбат бошланганда дарвоза тақиллади. Абай чопиб ташқарига чиқди. Дарвоза олдида ўзи қатори бир йигит турарди.
— Абай деган сиз бўласизми? — йигит бироз гумонсираб сўради.
— Худди шундай.
— Боя сиз қўнғироқ қилган одам мен бўламан. — Йигит ўзини таништирди, — акам ҳам қўнғироқ қилган эдилар. Омонатни олиб кетгани келувдим.

Абай шунча қистаса ҳам йигит уйга киришга унамади. Абай ноилож уйдан жомадонни олиб чиқаркан, чўнтагидан уяли телефонни ҳам чиқариб берди. Йигит телефонни синчиклаб қарагандан кейин:
— Зўримикин десам, одмироғи экан-ку, — деди ва олдида турган жомадонни оёғи билан туртиб, қўшиб қўйди, — назаримда бунинг ичидагилари ҳам бундан дурустроқ бўлмаса керак.
— Ким экан, болам? — Робихон Абайнинг юзига ташвишли қаради. — Хурсанд чиқиб, хафа бўлиб кирдингми?
— Мени Гуангжудан йўлга кузатиб қўйган одамнинг укаси экан, — тушунтирди Абай. — Акаси юборган омонатни берсам, хурсанд бўлиш ўрнига, “буроқ мол экан” деб ғудраниб кетди.
— Дунё дегани шундай, болам. — Робихон кулди. — Бойлар бериб ёмон бўлса, камбағаллар бермай ёмон бўлади. Ўмонласа акасини ёмонлабди, сенда нима айб.
— Акаси яхши одам, — тушунтирди Абай. — Мен келтирган совғаларнинг ҳаммасини ўша одам олиб берган.

Она-бола иккови чой ичиб, узоқ суҳбатлашди. Робихон кечки таомни хонтахтага келтириб қўйдиямки, кенжа ўғлидан дарак бўлмади.
— Укангга нима бўлди, болам, ҳанузгача дараги йўқ? — Робихон паловни иштаҳа билан ошалаётган Абайга қараб сўз қотди.
— Дўстлари билан ўйнаб қолгандир-да, йўл ҳам узоқ. Хавотирланманг, келиб қолар.

Она-бола иккови шу тариқа гаплашиб овқатланишаркан, ҳовлидан кимнингдир овози эшитилди:
— Ойижон! Чиқиб бир қаранг, уйимизга ким келди? Бу кенжа ўғлининг овози эди.

Робихон билан Абай нари-бери қўлларини сочиққа артиб ҳовлига чиқишди. Келганлар Асад билан Махсум эди. Абай югуриб бориб Махсум билан қўл олиб кўришди. Робихон “ассалому алайкум” деб, Асад билан Махсумни ичкарига таклиф қилди.
— Хўш, Абай, яхши бориб келдингми? — Махсум овқатланиб бўлгандан кейин, мақсадга кўчди, — эшитишимга қараганда, топширилган ишларни анча яхши бажарибсан, зерикиб қолмадингми?
— Йўқ, албатта йўқ, — деркан, жомадондан бир галстук билан бир газли чақмоқни олди. — Ранжимайсиз-да, Махсум амаки, арзимас бўлса-да, шуларни сизга олиб келувдим...
— Ўҳ-ҳў! — Махсум совғаларни кўриб хурсанд бўлди. — Ҳақиқатдан ҳам яхши нарсаларни олиб келибсан, болам, кўзинг мол таниракан-а...

Махсум раҳмат айтгандан кейин ўзининг келишига сабаб бўлган муддаога ўтди. — Онангнинг саломатлигига ҳам кўз тегмасин, яхши бўлиб қолди, энди яна бир курс манови дориларни ичса, у — шундай деяётиб сумкасидан уч хил дорини чиқариб хонтахта устига қўйди, — буткул кўрмагандай бўлиб кетадилар. Бу сафарги савдодан яхши фойда олдик, сенга 36 минг юван ажратиб қўйдим. Агар оламан десанг эртага ширкатга борганда олишинг мумкин.
— Қатъиян йўқ. Бир тийин ҳам олмайман, — деб жавоб берди Абай. — У пулларни онамни даволатган пулнинг ҳисобига олиб қўйишингизни илтимос қиламан, амакижон.
— Майли, сенинг айтганингча бўлақолсин. — Махсум бамайлихотир ёзилиб ўтирди. Сенга айтадиган яна бир гап, ичкаридан олиб келган ўша қурилиш материалларини индинга поездда чет элга чиқарамиз. Сен эртага эрта билан йўлга чиқасан, у ерда сенинг барча ишингни жойлаштирадиган одам бор, исми Фозил. Робихоннинг олдида айтиб қўяй, ўзингга пухта бўл. Билишга тегишли бўлмаган ишларни сўрама, беҳудалик қилиб ёмон ишга аралашиб қолсанг, мени юзимни ерга қаратиб, обрўйимни бир тийин қиласан. Онангни доғда қўясан. Ўзинг ўтда куясан. Инсоннинг ҳаётда кетини ўйламай қилиб қўйган хатоси, билиб қўй ва асло унутмагинки, унга бир умр азоб беради.
— Махсум амакинг тўғри айтади, болам, — деди Робихон оналик меҳри билан Абайнинг бошини силаб. — Бизга қилаётган яхшилиги учун қуллуқ қил, ёмонга ёндошма.
— Хотиржам бўлинглар, — Абай Махсумга қараб қўшиб қўйди, — чет элга чиқадиган паспортим бўлмаса...
— Унисидан хотиржам бўл. — Махсум ўрнидан турди. — Сен ширкатга ишга кирганда топширган сурат, тўлдирган шахсий варақа кабилар ана шундай ишларга ишлатилади, хайр. — У Абайга қўлини узатди, — чет элдаги ишларинг муваффиқиятли кечсин...

Махсум улар билан хайрлашиб, кетди.

Робихон, Абай меҳмонни кузатиб, уйга қайтиб киргандан кейин, хурсанд-лигидан ўғлини эркалаб, ўпиб қўйди. Икки ҳафтанинг ичидагина 36 минг юван топибсан, мана, кўрган тушинг ўнгидан келди, болам. Оқ пахта бойликнинг башорати, дегандим, айтгандай чиқди. Аллоҳ буюрса эртанг янада нурли, обод бўлади, иншооллоҳ.

Абай Робихоннинг сўзларидан ширин хаёлларга чўмди. У кўрган тушининг яхшиликдан башорат эканлигига энди шубҳа қилмасди. “Оқ булут, мана, ҳозиргина чиқиб кетди. У ҳақиқатдан посбон бўлиб, Абайнинг бошини силаётганди — устига миндириб, жаҳонни сайр қилдираётганди. У Абайни оқ пахта бор ерга бошлаб бориб, салкам қирқ минг юванга эга қилди, яна бир ерга бошлаб бормоқчи ҳали. Абай мийиғида кулди.
— Айтганингиз келсин, онажон, — деди Абай уйқудан янги уйғонган одамдек, кўзини уқалаб.

4

Абай топшириқ бўйича айтилган давлатга борди. Уни миқтидан келган, қирқ ёшлар чамасидаги Фозил исмли пакана киши кутиб олди. Абай ювиниб бўлиб, меҳмонхона ресторанида овқатланди.
— Сенинг эндиги вазифанг, — деб тушунтира бошлади Фозил бурнининг учини қашиб туриб, — савдо шартномасига келадиган одамларни кутиб олишдир.
— Биз нима билан савдо қиламиз? — деб сўради Абай ажабланиб.
— Посбон сенга айтмаганмиди?
— Ҳа... бўлди, — Фозил Абайнинг гапини бўлди. — Ўша қурилиш материаллари савдоси. Савдони эртага эрталаб қиламиз, сен ширкатнинг ҳақиқий вакили сифатида ўтирасан.
— Лекин, мен мол савдоси таркибидагиларнинг бирортасини билмайман-ку?
— Шошилма, — Фозил олдидаги чойдан бир ҳўплаб, сўзида давом этди, — мен сенга ҳаммасини кейин тушунтираман...

Абай ақлини танигандан буён биринчи бор бошқаларнинг қулоғи бўлиб қандай англаш, қўл-оёғи бўлиб қандай ҳаракат қилиш тўғрисида кўп дарс олди. Унга энг оғир келган нарса ўргатилган гап-сўздан бошқа ортиқча бир оғиз ҳам сўз қўшишга рухсат қилинмаслиги бўлган эди. Қайғу-ҳасрат, ғазаб-нафратни бошқаларнинг луқмаси билан ифодалайдиган бўлса унинг тўтиқушдан фарқи қолармиди.
— Ундай савдони ўзларинг қилсангизлар бўлмайдими? — деди Абай Фозилнинг маърузасини тинглагандан кейин, хўрсиниб.
— Бу ширкатнинг тартиб-қоидаси. — Уни бузишга ва ёки ижозатсиз четлаб ўтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
— Ўргатганларингизни унутиб қўйиб, ишни бузиб қўймасайдим дейман-да...
— У ёғидан кўнглинг тўқ бўлсин. — Фозил кулди. — Қисқасини улайман, узунини кесаман.
— Шундай бўлганда ҳам сиз савдолашганингиз яхши эмасми?
— Бу савдо руҳияти, укам, — деди Фозил кескин ва ўрнидан турди. — Пулни топшириш усули деганда, эсингда бўлсин, банк орқали эмас, нақд пул билан амалга оширилади. Нақд пулни топшириш шакли дейилганда “Оқ олтин” бўлади, дейсан. Бу икки ишда маҳкам турасан, уқдингми?..

Абай эшитганларининг ҳаммасини бир кеча уйқусиз дегудек ёдлаб чиқди. Эрта саҳар ўрнидан турди, ювинди, кийинди. Нонуштани эса ётоқхонада қилди. Фозил айтгандек, меҳмонхонанинг еттинчи қаватидаги кичик йиғин залига кириб, унинг белгилаб берган жойига бориб ўтирди. Зал ичида бир йигит билан қиз ўтирарди.
— Таништириб қўяй, — деди Фозил Абайга ҳалиги икковини кўрсатиб, — анави қиз ширкатимизнинг ушбу давлатдаги алоқа ишлари ходими, манови йигит эса, савдо бўлимимизнинг мудири, ҳа... бу йигит эса, — ширкатимизнинг шу сафарги савдо битимимизга юборилган тўла ҳуқуқли вакили, — деди ва сўз орасида соатига қараб қўйди. — Мижозларимизнинг келадиган вақти ҳам бўлди. Юрагимизни босиб, оғир бўлайлик. Мижозларимиз кирганда қўл олишиб кўришишнинг ҳожати йўқ. Ўрнимиздан туриб, ҳурматимизни билдириб қўйсак, кифоя.

Улар ўзаро гаплашаётганда, беш кишидан иборат савдо гуруҳи йиғин залига кириб келди. Мезбонлар уларни ўринларидан туриб кутиб олишди. Меҳмонлар ҳам уларга жавобан бош ирғашиб, бўш ўриндиқларга жойлашдилар. Мезбон қиз чанқовбосди ичимликлар келтирди.

Мажлис қизғин давом этарди. Фозил таржимонлик салоҳияти билан ўртага чиқди. Абай орада маълум безак ашёнинг баҳосига келганда, ширкат белгилаган беш юлдузли баҳони қўйди. Фозил таржимонлик жараёнида бир доллар қўшиб, олти доллар нарх қўйди. Келганлар бу нархни дарҳол қабул қилдилар. Аммо вазиятни қулай ва ўзлари фойдасига юришаётганига кўзи етган Фозил энди уларнинг шаштини қайтармаслик учун Абайга: “Сен ҳозир жўрттага мени қаттиқ койи, нархни саккиз долларга кўтар, аммо сўзларинг табиий чиқсин”, деб шипшиди, ўзини гўё Абайга мижозларнинг сўзини таржима қилгандай кўрсатиб. Муҳитга эндигина мослашаётган Абай Фозилнинг қистирма сўзлари тагига етди. “Таржима”ни якунлаши билан Абай салмоқли қилиб:
— Нима дедингиз, мен ҳозир саккиз доллар нарх қўйсам, сиз олти долларнинг гапини қилаяпсиз-ку, — деди.

Фозил пешонасига бир уриб, мижозларга Абайнинг сўзини таржима қилди. Мижозлар бош вакилининг ранги ўнгган ҳолда бир қанча оғир гап қилди. Фозил унинг гапини ўгирди:
— Олти долларлик нархни сизлар қўйгансизлар, деяпти, сиз дарҳол столни муштлаб, мени таржимончиликдан четлатаман денг, — деди. Абай ҳам Фозилга қараб қовоғини ғазабли уйди.
— Бу нима деган гап? — У столга зарб билан уриб ўрнидан турди. — Сен қандай таржимонсан ўзи, менинг сўзимни хато таржима қилиб, ширкатимизнинг обрўсини тўкмоқчимисан? Ҳозироқ кўзимдан йўқол! — Шундай деб, Абай кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб эшик томонни кўрсатди, сўнг мижоз томондагиларга қараб қўшиб қўйди. — Бу ишнинг сизларга алоқаси йўқ. Манави галварс таржимон ишни бузди. — Фозил ўзини ҳам ранжиган, ҳам хижолатли кўрсатиб, Абайнинг сўзини сўзма-сўз ўгирди. Мижозлар бундан ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қарашди. Ораларидан бири эшик томонга келаётган Фозилнинг йўлини тўсиб, бир нималар деди. Фозил ерга қараб туриб, Абайга:
— Сени аччиғи тез одам экан, ҳарна бўлганда ҳам таржимонни ҳайдаб солиш дуруст эмас, баҳони қайта келишсак бўлади-ку, дейди. Иш пишаяпти, энди ўша гапингда туравер, — деди. Шундай қилиб, икки томон қисқа талашиш-тортишишдан кейин, саккиз долларли битимга келишишди.
— Бўпти, — деди Абай мижоз томоннинг ўтинчи билан таржимоннинг бундан кейин ҳам ишлашига розилик билдириб, — савдомизнинг юзини қилиб, бу сафар таржимонни кечираман!..

Фозилдан таржимани эшитган мижоз томон вакиллари юзига табассум югуриб, хурсанд ҳолда бош ирғашди. Фозил уларнинг сўзларини тўғридан-тўғри ўгиргач, сўз орасига “яна етти хил маҳсулотимиз қолди, энди ҳар бир маҳсулотга икки доллардан қўшиб юборсанг бўлади” деган бир жумла сўзни қистириб қўйди, Абай ҳам бу қарорга қўшилганди. Битим орқали қолган маҳсулотларни ширкатни чиқарган баҳосидан икки доллар ортиққа сотди. Пулнинг ўрнига оқ олтин бериш иши ҳам хамирдан қил суғургандек осон кечди. Иккала томон битимга имзо қўйдилар.

5

Орадан беш кун ўтгандан кейин, Абай ширкатнинг кўрсатмаси бўйича йўлга чиқди. Уни Фозил ҳали ёғи артилмаган янги енгил машинага ўтқазиб олиб кетди. Улар тахминан икки соат йўл босгандан кейин, дарё бўйидаги улкан бир акация дарахти остида тўхтади. Оқ рангли акация гулларидан таралаётган ҳид одамнинг димоғини ёргудек эди. Дарахтдаги қушлар сархушликдан тинимсиз сайрарди. Абай машинадан тушиб, манзарани томоша қилмоқчи бўлганди, Фозил рухсат бермади. У сабабини сўрамоқчи бўлди-ю, Махсумнинг “билишга тегишли бўлмаган ишни ҳаргиз сўрама” деган сўзини эслаб, ниятидан қайтди. Орадан кўп ўтмай, рўпара тарафдан бир ихчамгина машина келиб, уларнинг машинасига орқа қилиб тўхтади. Машинадан кўзойнакли икки одам тушди. Фозил чўнтагидан бир қора кўзойнакни олиб, Абайга берди. Абай кўзойнакни машинадаёқ тақиб олди. Фозил уни машинадан тушишга буюрди. Абай машинадан тушиб, икки кўзойнакликнинг ёнига бориб турди. Унгача нариги томоннинг баланд бўйли бири ўзларининг машинасининг орқа юкхонасидаги сандиқни очиб, ғоз турди. Абай ҳам ўзларининг машинасидаги сандиқни очди. Нариги томондан паст бўйли одам машинадан жомадонни олиб, Абай ўтирган машина юкхонасидаги сандиққа солди. Ортидан икки қўлида икки машина юкхонасининг қопқоғини баравар ёпди. Баланд бўйли одам ўзининг машинасига ўтириб, қуюндек учириб кетди. Паст бўйли эса Абай билан уларнинг машинасига ўтирди. Фозил эса улардан олдин ўз машинасида жўнади. Атиги уч дақиқа ичида бўлиб ўтган бу ишлар Абайни гангитиб қўйди. Ширкатнинг “тўла ҳуқуқли вакили” бўлган Абай бу ишлар сирини билишни хоҳламади. У буни фақат “савдо психикаси” деб тушунарди. “Бутун бошли улкан бир ширкатнинг посбони аралашмаган ишга мен аралашиб нима қиламан, мен фақат ўзимга тегишли вазифани бажарсам бўлди-да”, деб ўзига тасалли берди. Фозил йўл бўйи аллакимлар биландир қўнғироқлашиб борди. У шу тариқа икки нав-батдаги текшириш постидан ўтиб, икки давлат чегарасига етиб келди.
— Хўш! — деди Фозил сирли бир оҳангда, — мен сизлар билан шу ерда хайрлашаман, сен манови йигит билан икки давлат чегарасидан ўтасан, бизнинг чегарадаги тегишли одамларга мен қўнғироқ қилиб, ҳамма ишни битириб қўйдим. Мана бу сумкада машинанинг барча расмий ҳужжатлари бор. Манови йигит машина билан сизларни чегарагача етказиб, машинани сенга қолдириб ўзи қайтиб келади. Ҳа, айтгандай, яна бир нарса, — Фозил бироз ўйлаб туриб, сўнг Абайга тайинлади, — бу йигитни “машинамни ҳайдаб келган шофёр” деб айтасан, тушундингми?
— Тушундим, — Абай оғзида шундай дегани билан аслида Фозилнинг гапларидан деярли ҳеч нарсани англамаганди. У фақат бир нарсани, яъни, боши берк кўчага кириб қолганини англаган эди. Бу йўлга кирмоқ бору чиқмоқ йўқ экани, муҳтожлик туфайли осон “ўлжага айланаётгани, сўнг янги хўжайин уни қаерга ва қай ишга ташласа, қай вазифани юкласа, “хўп бўлади” деб қулоқ қоқмай бажаришдан ўзга чораси ҳам йўқлигини тушуниб етган эди.
— Тушунган бўлсанг, яна нимага қараб турибсан? — Фозил Абайнинг жимиб қолганига қараб қўполлик билан деди. — Энди чегарадаги ишларинг ҳам мана шу ердагидай бўлади. Кўришгунча хайр!..
— Хайр — Абай қўл силкиб қолди. Нотаниш ҳайдовчи бу янги чиройли машинани навбат кутуб турган қатор машиналар орасидан ҳайдаб текширув пости олдигача олиб борди. Уларнинг олдига ҳушбичим, кўҳликкина бир аёл чиқиб, ҳайдовчи билан алланималар ҳақида гаплашди. Абай машинадан тушмай ўтирди. Чунки, унга машинадан тушмай ўтиришлик учун ҳам ҳайдовчи тайинланганди. Ҳайдовчи соатига бот-бот қараб, бир вақтдан кейин машинани текшириш бўлинмасига ҳайдаб кирди. Бояги ҳусндор аёл икки йигитни бошлаб чиқиб, биринчи бўлиб уларнинг ҳужжатларини бирма-бир текширди. Орқа юкхонани очинглар деб буюрди. Ҳайдовчи уларнинг айтганини қилди. Абай нарида ўйчан қараб турарди. Текширувчи йигитлардан бири жомадонни очишни сўради. Абай сумкадан калитни олиб, жомадонни очди. Текширувчилар жомадондаги қисмларни кўриб, ортиқча гап ҳам қилмай, сўрамай жомадонни ёптирди. Кўҳлик аёл қўли билан, кетаверинглар, ишорасини қилди. Ҳайдовчи машинани юрғазиб, чегарага келди. Бу ёқдаги текшириш ҳам тартиб бўйича тезда тугай қолди. Ҳайдовчи:
— Хайр, — деди-да, яна ортига қайтиб, ҳозир чиққан текширув бўлинмасига кириб кетди.
— Раҳмат! — Абай айтмоқчи бўлган сўзини айтолмади. Машина Абайга қолди.

6

Чет элдаги бу сафарги савдо Абайнинг иқтисодида улкан бурилиш ясади. У қайтиб келибоқ Махсумнинг сахийлик билан қилган инъомига эришди. Махсум унинг барча қарзидан узилганидан бошқа қўлига яна 80 минг юван нақд пул, сўнгра чет элдан ҳайдаб келган “Жунда” русмли енгил машинани ҳадя қилди. Ана шундан кейин Абай чет элга бирин-кетин уч марта бориб келди. Махсум ҳам уни ҳар доим фойдага қараб мукофотлаб турди. Абай ҳам муҳтожликдан буткул халос бўлди. Оқ булут, оқ пахта, оқ кўмир, оқ кеча қўшилиб унинг янги тақдирини яратди деса ҳам бўларди. Абай ўзи ҳам сезмаган ҳолда оқ рангга ихлос қиладиган, уни қадрлайдиган бўлиб қолди. Унинг янгидан сотиб олган ёки тиктирган кийимларининг деярли ҳаммаси оқ рангли эди. Қисқаси, доим ёнидан айрилмайдиган кичик қора сумкасини ҳам оқ рангга ўзгартирганди. Ҳозир унинг диққат қиладигани, хаёлидан айрилмайдигани оқ рангли кўмир бўлиб қолди. У ўша оқ рангли кўмир билан ўзининг ҳозирги янги тақдирига ёрқин кўркамлик бахш этмоқчи эди. Лекин, оқ рангли кўмир ҳозиргача ўзини ҳеч кўрсатмаётганди. Абай уни топишга қатъий бел боғлади.

Бир куни Махсум уни оддий бир ошхонанинг алоҳида хонасига овқатга таклиф қилди. Хизматкор қиз Махсумнинг буюртмаси билан бир лаган сергўшт шилпилдоқ билан бир шиша қорақат шарбатини қадаҳларга қуйиб чиқиб кетди. Улар овқатни иштаҳа билан еб бўлгандан кейин, қорақат шарбатини ичгач, суҳбатга тушдилар.
— Мен айтмасам ҳам бўлади, ишларинг жойида, ёмон эмас. Анча илгариладинг, — Махсум тамакидан бирини туташтирди, — пойқадаминг ёқиб ярим йил ичида ширкатимизга зўр фойда келтирдинг, мен ширкат номидан ҳамда ўз номимдан сенга самимий ташаккуримни ва раҳматимни билдираман. — Махсум шундай деб ўнг қўлини кўксига қўйиб ёқимли кулди.
— Махсум амакижон, мени ўнғайсиз хижолатга қўяяпсиз, аслида раҳматни мен сизга айтишим керак эди. Менинг ҳозирги бахтли ҳаётимнинг асосий сабабчиси ягона сизсиз. Буларнинг ҳаммаси фақат сиз туфайли бўлмоқда. Мени оғир аҳволдан халос этиб, чўкиб кетаётган ботқоқдан қутқариб, ёрқин йўлга олиб чиқдингиз. Буни билмаган киши кўр бўлади. Сиздан чексиз миннатдорман! Абай беихтиёр ўрнидан турди ва йиғламоқдан бери бўлиб, яна деди:
— Ўзингиз айтинг-чи, азиз Махсум, амакижон, менга бундан ортиқ бахт борми дунёда?!...
— Тўғри айтасан, ўғлим, ўтир. Махсум унинг елкасидан босиб ўказди.
— Сиз бўлганингиз учунгина менинг онамнинг ҳаётлари сақланиб қолди ҳам оғир муҳтожликдан қутулибгина қолмай, анча-мунча қўр-қутлик ҳам бўлиб қолдим...
— Отанг билан онангнинг менга қилган яхшиликлари олдида менинг бу қилганларим гапиришга арзимайди, болам. — Махсум шундай деб шарбатдан бир ҳўплаб сўзида давом этди. — Энди мақсадга кўчсак, сенга аввалгидан ҳам муҳим бир вазифани топширмоқчиман, яна билмадим, сенга маъқул келадими, йўқми?
— Менинг сизга йўқ дейишга ҳаддим сиғмайди, қандай хизмат бўлса, бажонидил, буюраверинг.
— Унда айтганим бўлсин, — Махсум тамакини кулдонга босиб ўчирди.

7

Ҳаш-паш дегунча орадан ярим йил ҳам ўтиб кетди. Абай қарамоғида масъул бўлиб ишлаётган ошириб сотиш марказининг ишлари ҳам кучайди. Унинг доираси мамлакатдан давлат ташқарисигача кенгайди. Бу жараёнда Абай икки марта олий даражага чиқиб, икки миллион юван нақд пул билан мукофотланди. Унинг соясида маҳалладаги айрим дўстлари ҳам анча-мунча маблағли бўлиб қолишди. Бироқ, укасини ширкатга жойлаштириш иши амалга ошмади. Абай бунинг сабабини суриштириб ўтирмади. У учинчи марта ҳиссадорлик тўплаш тайёргарчилиги билан банд бўлиб турганда, Махсум уни қабулхонасига чақиртириб, ишни чет элдан бошлашни буюрди. Чет элдаги мукофот бу ердагидан икки ҳисса кўп эди. Буни эшитган Абай эртасигаёқ йўлга чиқди. Бориб Фозилнинг раҳбарлигига ўтди. Раҳбарлик деган тушунчаларнинг Абайга фарқи йўқ эди. Бошқариш билан бошқарилиш унинг учун шакар билан сувнинг муносабатидагидек бир иш эди. У шакардан ҳам сувни аъло биларди. Чунки сув шакарнинг таъмини йўқ қилиб юбора оларди. Шу боис таъми бўлмаса ҳам унга сув афзал эди. Жуда бўлмаганда ҳар қанча лозим топса сувни шунча бемашаққат ишлата оларди. Шу жиҳатдан у Фозилнинг қўл остида ишлашидан хурсанд эди. Абай Фозилнинг жойлаштирилишини орқаваротдан эшитгандан кейин, ўзи яшаётган шаҳардаги ватандош савдогарлар орасида ташвиқотни бошлаб юборди. У ҳозир ошириб сотиш иши бўйича ҳар қандай сотувчини бир чўқишда қочирарди. Унинг бир неча кунлик ташвиқоти билан ҳиссадор бўлганларнинг сони саккиз нафарга етди. Бу ҳиссадорлар ҳар томонга тарқаб, икки ҳафтага бормай ўн олти нафар одамни марказга аъзо қилди. Бора-бора қирқ икки кун деганда, одам сони бир юз ўттиз саккиз нафарга етди. Яна ўн икки нафар одам келиб қўшилса, Абайнинг чет элдаги биринчи босқичли хизмати якунланиб, Олий босқичга чиқарди-да, уч миллион юван пул билан мукофотланарди. Абай қолган одамларни тўлдириш учун кечани кундузга улаб елиб-югурарди. Орадан кечган беш кун самарасиз ўтди. Бир куни у ҳолдан тойиб ётоқхонага қайтиб келди. Кийимларни ечишга ҳам эриниб, ўзини диванга ташлади. Дақиқа ўтмай пинакка кетди. Тўсатдан телефон жиринглади. Абай уйғоқ бўлса-да, гўшакни олмади. Телефон узлуксиз олти-етти марта жиринглагандан кейин сакраб ўрнидан турди.
— Ассалому алайкум, — Абай гўшакни қўлига олиб салом берди. — Мен, Абайман, нима ишингиз бор эди?

Гўшакдан Фозилнинг овози эшитилди:
— Ширкатдан сени дарҳол ватанингга қайтишингни айтишди.

Абай ҳали уч соат олдинроқ Махсум билан қўнғироқлашганди. Бироқ, у хотиржам ишни давом эттиришни тайинлаганди. Энди эса бу гап бўлаяпти. Абай шу топда ҳаммадан ҳам кўпроқ уч миллион мукофот пулини қўлга киритишга тиришарди. Ўн икки нафар одамнинг ўрни нари борса икки-уч кунда тўларди. Бинобарин, катта мукофотга беш қадамгина қолган эди. У қўлини шундай чўзса, бас, етарди. Бироқ манави қўнғироқ уни бундан маҳрум қилмоқда. Уч миллион юван, албатта, оз эмас, Абай бу сонни хаёлига келтирсаёқ ақлини йўқотарди. Гўзал хаёлларга берилиб, келгусидаги мақсадларини режалаштира бошларди. Унингча, уч миллион тушида аён бўлган оқ кўмирларнинг ўзгинаси эди. Ўша пул қўлга киргудак бўлса, шубҳасиз, оқ кўмир қўлида деган гап эди. Шунингдек, унинг сармояси ҳам олти миллионга етарди. У бу пул билан нимани қиламан деса ҳаммасига қодир бўларди. Афсуски, бу пулнинг энди унинг учун олти тийинчалик қиммати қолмаган эди. Чунки, Махсум олдинги уч миллион юванни унинг хоҳиши билан ширкат ҳиссадорлигига бириктириб қўйганди. Ширкатнинг ҳисоботи қачон чиқади? Пул Абайга қачон тегади? Буниси номаълум эди. Бундай дилсиёҳлик унинг хаёлидан кечганда ўзини тубсиз жарга қулаб тушаётгандек ҳис қиларди. Ўзининг нодонлигидан, аҳмоқлигидан, кўнгилчанлигидан қаттиқ оғринарди. Мана, энди эса, ўша содир қилган хатоларини бошқа асло қайтармасликка қарор қилди. Уч миллионни қўлига олибоқ бу даргоҳдан қутулиб мустақил терифуришлик билан шуғулланмоқчи бўлди. Чунки, бир ҳафта олдин давлатимиздаги хром заводи билан Абай дастлабки келишувни имзолаганди ҳам. Унинг шошилиши ҳам худди мана шундан эди. Агар яна бир ҳафта кечикса, битим амалдан қоларди. Бундан келадиган соф бир миллион фойда кўпикка айланарди. Нима қилиш керак? У ҳозиргача Махсумнинг чизган чизиғидан қилча чиқмади, ширкатга неча ўн миллион юванлик соф даромад келтирди. Ҳозирги иши ҳам яна шу ширкат учун-ку. Абай ҳаммасини торозига тортиб, узил-кесил қайтмасликка қарор қилди.
— Қўлимдаги ишим ҳали тугагани йўқ — деди, Абай бироз ўйланиб олгандан кейин.
— Келгандан кейин ҳам битирсанг бўлади, — Фозилнинг овози аниқ эшитилди, — эртага саҳарда йўлга чиқасан.
— Мен боя Махсум ака билан гаплашганимда бундай гапни айтмадилар-ку?
— Махсум ака айтмаганлари билан мен сенга атаяпман. Бу ерда менинг айтганим ҳисоб! — телефон гўшагини зарда билан қўйди.

Абай икки кафтини бошига қўйиб узоқ ўйланиб қолди. У ниҳоят жўнашга қарор қилиб, кечаси билан йўл тайёргарчилигини кўрди. Фозил эртасига тонг ёришаётган маҳалда уни олиб кетгани келди. Унинг бу сафарги ҳайдаб келган машинасига номер қўйилмаган янги “мерседес” русмли машина эди. Абай машинага қизиқиш билан ўтирди. Машинада Фозилдан бошқа ҳеч ким йўқ эди.
— Чегарага боргандан кейин бу машинани менга бериб юборасизми? — Абай ҳазил қилди.
— Буни ширкат ҳал қилади, — Фозил бир тирсакдан ўтгандан кейин жавоб берди, — вазифани аъло бажарсанг балки мукофот қилиб бериши ҳам мумкин.

Абай унинг жавоби билан ширин хаёлларига берилди. Фозил лом-мимсиз машинани ҳайдаб кетаверди. Улар икки жойдаги текширув постидан ўтиб, дарё бўйига келганда, машинани ўрмонзор ичида тўхтатди. Бу сафар машинадан Фозилнинг ўзи тушди. Абай ортига бурилиб қараб кўзига ишонмай қолди. Машинанинг ортида яна бир кичик машина орти билан турарди. Ўша машинадан икки киши тушиб тўрт жомадонни Абай ўтирган машинанинг ортига босишди. Фозил бошқа бир машинага чиқди, Абай ўтирган машинага бошқа бир йигит ўтирди. Икки машина бараварига қўзғалиб, ўз йўлига равона бўлди. Абай машинани ҳайдаётган йигитга шубҳали назар солди. Кўпам узоқ юрмай ҳайдовчининг уяли телефони жиринглади, йигит телефонни олибоқ Абайга берди. Абай нима қилишини билмасдан ҳайдовчига қараганча туриб қолди.
— Сизнинг телефонингиз, — деди йигит қўпол талаффузда. Абай шундагина ўзига келгандек телефонни қулоғига тутиб:
— Мен Абайман, нима гапингиз бор эди? — деди.
— Машинадаги сумкада барча ҳужжатлар бор. — Бу Фозилнинг овози эди, — ҳайдовчи машинасини бизнинг давлатимиз чегарасидан ўтказиб берсанг. Қолган ишлар ўтган сафаргидек бўлади, телефон узилиб қолди.

Абай ўйланиб қолди. Илгариги тўрт марталик сафар ҳам ҳозиргидек бўлганди. Бу сафаргисининг ўхшамайдиган жойи шунда эндики, машинани ўзи ҳайдаб кетиши эди. Унинг юраги қаттиқ ура бошлади.
— Божхонага келдик, — деди ҳайдовчи, — дарҳол текширишни қабул қилинг, эсингизда бўлсин, жомадондаги машинанинг қисмлар...
— Тушундим, — Абайнинг ранги нимагадир бўзарди.

Олдинги қатордаги машиналар текширилиб, тахминан бирор соатдан ке-йин, навбат Абайга келди. Бу сафарли текширишда ҳам яна ўша ўтган сафардаги масъул ходим — хушбичим гўзал аёл иштирок этарди. Текшириш илгаридагига ўхшаб тартиб бўйича олиб борилди, охирида барча ҳужжатларга тамға урилди. Ҳайдовчи қолди. Машинани Абайнинг ўзи ҳайдаб кетди.

8

Махсум қабулхонада рўпара томондаги деворга осиғлиқ расмга тикилганча чуқур хаёлга ботиб ўтирарди. Нечундир яқиндан буён у ёлғизликни хоҳлаб қолганди. Қўл остидагилар ёки харидорлар уни излашса, йўқ ишни баҳона қилиб асабийлашарди. Унинг ғазабига бемаҳал дуч келиб қолган нотаниш икки харидор, ўн дақиқа илгари битимни йиртиб юбориб чиқиб кетди. Эшик тўсатдан тақиллади. Махсум ҳеч нарсани англамагандек, эшитмагандек яна девордаги ўша осиғлиқ расмга қараб ўтираверди. Эшик уч марта тақиллади, Махсум жавоб бермади. Эшик аста очилиб қабулхонага озғин, паканадан келган ўрта ёшли бир киши кирди. Махсум уни қувиб чиқариш мақсадида оғзини ғазаб билан жуфтлади-ю, дарҳол тўхтаб қолди.
— Ҳа, сенмидинг, кел! Келавер! — Махсум ўрнидан қандай туриб кетганини ўзи ҳам билмай қолди. — Мана манови жойда ўтир, — деди амирона бир тарзда. — Пакана одам ҳам у кўрсатган креслога — Махсумга қарама-қарши томонга ўтирди. — Қани гапир, ишлар қандай, бартараф қилиндими?
— Пешиндан олдин тафтиш маҳкамасига борибди, — пакана одам сўз орасида томоғини қириб сўзида давом этди, — бояги одамимизнинг гапига қараганда, ҳеч нарсани айтмабди.
— Молнинг миқдори қанча экан? — Махсум тоқатсизланди.
— 39 килограмм.
— Демак, ваъдалашгандек тўлиқ юборган экан-да, касофатлар, — дер экан, бир зум ўйга толди. У кечаётган жараёнларни ўта хушёрлик, сезгирлик билан кузатар, ер остида илон қимирласа билар, воқеаларнинг бир томони уни мамнун этса, бошқа бир томони юрагини ғаш қилиб, ташвишга ҳам соларди. Ниҳоят, Махсум овозини бироз кўтариб сўзида давом этди:
— Ҳаҳ, бечора бола, охири отасининг ёнига кетадиган бўлибди-да?
— Ўзи ёлғиз кетса-ку майлийди-я, — пакана одам Махсумнинг бўзарган юзига ер остидан қараб қўйди...
— Менимча, ҳеч кимни ўзи билан судраб кетолмайди, — Махсум ўтирган ерида бироз безовталанган ҳолда аламли қимирлади, — бизда унинг қўлига чиққудек бирорта далил йўқ. Мабодо бўлганда ҳам, Абай ундай қиладиган йигитлардан эмас.
— Чет элдаги Фозил билан тўрт ҳайдовчини сотмасмикин?
— Уларнинг ҳақиқий исми билан манзилини билмаса, ниманиям исботлаб бера оларди?
— У-ку, шундайку-я... — Пакана одам ўйланиб бироз туриб қолди, — онаси эшитибдими?
— Йўқ ҳали, Махсум ҳасратли тинди, — икки соат олдин онаси менга қўнғироқ қилиб: “нохуш туш кўрдим, ё ўзи қўнғироқ қилмади, ёки биз ололмаяпмиз, кўнглим безовта бўлиб қаттиқ ҳавотирланаяпман”, деди. Мен: “Хотиржам бўлинг, яхши яшаяпти, худо хоҳласа, яна бир ойга қолмай қайтиб келади”, деб тинчлантириб қўйдим.
— Ҳозирдан бошлаб у аёл биладиган телефонингизни йўқотинг! — деди пакана одам буйруқ оҳангида Махсумга.
— Шундай қилмасам бўлмайдиганга ўхшайди. — Махсум тортмадан телефон картасини олиб ёнидаги телефон картаси билан алмаштириб юборди, сен ҳозирнинг ўзидаёқ Фозилга тез хабар бер, Абайнинг ошириб сотиш гуруҳига бевосита ўзи масъул булсин.
— Хўп бўлади, — деб пакана одам ўрнидан турди, — Абайнинг ўрнига бирор одамни мўлжалладингизми?
— Йўқ ҳали.
— Сиз агар хўп, десангиз мен бир одамни мўлжаллаб қўювдим?
— Кўнглимга ҳозир қил сиғмай турибди. Бу тўғрида кейинроқ гаплашамиз.
— Иш тугагандан кейин ўйласак кечикишимиз мумкин.
— Майли, хўп ҳам деяқолай, ўша мўлжаллаб қўйган одаминг ким экан ўзи, қани, айтиб кўр-чи.
— Абайнинг ҳалиги... — пакана одам охирги сўзини анча чўзиб талаффуз билан гапирди, — укаси...
— Жуда соз! — Махсум ҳаяжонланганидан тиззасига бир уриб ўрнидан туриб кетди.
— Эй яшаво-ор азамат, бироз қоронғу бўлиб ғаштлик тортиб турган кўнглимни ёриштиргандек бўлдинг, қара-я, сен менга хазина топиб берга-нингда ҳам бунчалик кўнглим ёришмасди. Ҳали ҳам бўлса сопи ўзимизда турган экан-ку, — дея пакана одамга маъноли қаради. — Бўлмаса, сен уни дарҳол чақириб, кечиктирмай Абайнинг ўрнига қўйгин, яна лозим бўлса, икки харидорни ҳам унинг учун рўйхатга олдириб қўй. У гуруҳга, майли, оширсин, майли, оширмасин, Абайнинг чет элдаги оладиган уч миллион юванни мукофот қилиб берсак, у ҳам акасидай жонини аямайдиган содиқ одамимизга айланади-қўяди. — Махсумнинг гапираётиб кўнгли бузилгандай бўлди, — Абай билан Робихонга ёмон бўладиган бўлди-да. Робихон эндигина юрак хасталигидан қутулиб турувди-я...
— Э-э, хўжайин, ҳамма нарсанинг жаззаси пул, ҳамма нарсани пул ҳал қилади-ку, ахир, пул! Дилни яйратадиган ҳам, тилни бийрон қилиб сайратадиган ҳам, ҳар қандай дарднинг давоси ҳам фақат пул! Бу пул деган сабилнинг олдидан ҳар қандай зот кўндаланг ўтолган эмас. Унинг қудрати шунчалик кучлики, у дўстни душманга, душманни дўстга айлантиради. Керак бўлса ўликка жон кирғазади! — Пакана одам чўнтагига ишора қилиб уриб қуйди, — Абайнинг бизга қўшган уч миллион ҳиссасини Робихонга берсангиз оғзи мум тишлагандек юмилади қолади.

— Қайдам. Бу кейинги масала, — Махсум ҳасратли тин олди. Бироқ, барибир Абайнинг ўрнини энди ҳеч қандай пул билан тўлдириб бўлмайди-да? Унинг соддадиллиги учун ҳар қанча пуллар ҳам озлик қилади...